"Реал" собиқ футболчиси: "Винисиус енгил тегинишдан кейин йиқилиб, қизил карточка талаб қилади. Бу жуда асабга тегади"

Aslanov Jasurbek
8 апр 2026, 14:35
"Реал" собиқ ярим ҳимоячиси Рафаэл ван дер Варт "Қироллик клуби" вингери Винисиус Жуниорнинг майдондаги ҳаракатларини кескин танқид қилди.

Ван дер Варт ва "Аякс" собиқ ҳимоячиси Данни Блинд "Ziggo Sport" эфирида ЕЧЛ 1/4 финали доирасидаги "Реал" — "Бавария" (1:2) учрашувини таҳлил қилишди. Кўрсатув давомида мутахассислар бразилиялик футболчининг ўзини тутиши ҳақида тўхталиб ўтишди.

Ван дер Варт: "Даҳшатли ҳолат".

Блинд: "Қаранг, у ҳамон катта хавф туғдирмоқда. Ўзининг тезлиги билан у 61-дақиқадаги вазиятда Нойерни алдаб ўтиши мумкин эди. Лекин, албатта, у яна асабимизга тегди. У ҳар бир кичик тўқнашувни пенальти деб ҳисоблайди".

Ван дер Варт: "Уни бу ишни тўхтатишга қандай мажбурлаш мумкин? Менимча, бу жуда ачинарли, чунки у жуда яхши ўйинчи. Аслида бу ҳақда гапиришни хоҳламайман, лекин бу ҳақиқатан ҳам инсонни ғазаблантиради. У енгилгина туртишдан кейин йиқилади, сўнг ўрнидан туриб рақибга қизил карточка сўрайди. Бу жуда маҳзун ҳолат".

Эслатиб ўтамиз, Винисиус Жуниорнинг майдондаги симуляциялари ва ҳакамлар билан баҳслари сўнгги пайтларда кўплаб экспертларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Учрашувда "Реал" ўз майдонида мағлубиятга учради ва энди жавоб баҳсида вазиятни ўнглаши талаб этилади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Voetbalzone