

Икки ўйин натижасига кўра (2:0, 1:2) мадридликлар ярим финалга йўл олишди. Жароҳати сабабли қайдномага киритилмаган Рафинья учрашувдан сўнг "матрасчилар" мухлисларига қарата турли ишоралар қилиб, уларнинг жамоаси ярим финалда барибир мусобақадан чиқиб кетишини кўрсатган. Бундан ташқари, бразилиялик футболчи ижтимоий тармоқларда ўйинни "ўғрилик" деб атаб, ҳакамликдан шикоят қилган.
"As" нашрининг хабар беришича, ушбу ҳолат УЕФА назоратига олинган. Ташкилот нафақат майдондаги, балки унинг атрофидаги воқеаларни ҳам диққат билан кузатиб боради. Аввалроқ шунга ўхшаш ҳолатлар учун футболчилар бир нечта ўйинга дисквалификация қилинган эди.
Рафиньянинг мухлисларга нисбатан қилган ишоралари, айниқса, унинг ўйин қайдномасида йўқлигини ҳисобга олсак, жуда салбий кутиб олинди. Кейинчалик "Барса" аъзоси ўз ижтимоий тармоқлари орқали "Атлетико" ишқибозларидан қилган ҳаракатлари учун узр сўради.
УЕФА интизом қўмитаси ушбу масалада қандай қарор қабул қилиши тез орада маълум бўлади. Вазиятни кузатишда давом этамиз.



