

"Олмалиқнинг ОКМК ФК жамоаси таркибни кучайтиришда давом этади. Сербиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Урош Койич билан расман шартнома имзоланди. Клуб ва футболчи ўртасидаги ҳамкорлик келишуви «2+1» тизимида расмийлаштирилди.
22 ёшли янги футболчимиз асосан Сербия чемпионатларида тобланган бўлиб, фаолияти давомида «Боратс», «Инджия» ва «Лозница» каби клублар шарафини ҳимоя қилган. У профессионал даражада жами 87 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 17 та гол ва 4 та голли узатмани ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.
Шунингдек, Урош Койич профессионал фаолиятига қадар «Вождовац U-19» жамоаси сафида 33 та учрашувда иштирок этиб, 4 бор рақиблар дарвозасини ишғол этган.
Ушбу трансфер жамоамизнинг креатив чизиғини кучайтириш ҳамда ҳужумкор салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилди. Ишонамизки, Койичнинг ўзига хос ўйин услуби ва сермаҳсуллиги «кончилар»нинг жорий мавсумдаги юксак мақсадларига эришишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
ОКМК ФК аҳил оиласига хуш келибсан, Урош!", - деб ёзилади клуб баёнотида.




