"Навбаҳор" Туркиядаги сўнгги назорат ўйинида Россия клубини йирик ҳисобда таслим этди

Narzulla Saydullayev
20 фев 2022
Туркиянинг Анталья шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини давом эттираётган “Навбаҳор” бугун мазкур йиғин доирасидаги сўнгги назорат баҳсини Россиянинг “Томь” (Томск) клубига қарши ўтказди.

"Навбаҳор"  -  “Томь” 3:0

Голлар: 25' Жамшид Искандеров, 47' Иван Сальников, Игорь Голбан

"Мазкур ўйинда тўлиқ устунликка эришган "Навбаҳор" россияликларни йирик – 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, “лочинлар” учрашувнинг 25-дақиқасида тажрибали ярим ҳимоячи Жамшид Искандеровнинг ажойиб тарзда амалга оширган жарима зарбасидан сўнг, ҳисобни очиб, танаффусга 1:0 ҳисобидаги  ғалаба билан чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлимни ҳужумкор тарзда бошлаган вакилларимиз тезкор гол уришга муваффақ бўлишди. 47-дақиқада  жамоамиз сардори Азимжон Аҳмедов 30 метрлар чамаси узоқликдан кучли зарба йўллаган ҳолда, Иван Сальников қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олиб, ҳисобдаги фарқни оширди – 2:0.

Учрашув якунланишига саноқли дақиқалар қолганида тажрибали ҳимоячи Игорь Голбан жарима зарбасини чиройли тарзда амалга оширган ҳолда, томскликлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, якуний ҳисобнинг 3:0 кўриниш олишини таъминлади.

Самвел Бабаян шогирдлари Туркиядаги икки ҳафталик йиғинни бугун якунлашди ва эртага юртимизга қайтишади.

“Лочинлар” Антальядаги ўқув-машғулот йиғинида  5 та назорат-синов баҳслари ўтказиб, Қозоғистоннинг “Акжайик” (1:0) ҳамда “Қайрат” (1:0), Арманистоннинг “Алашкерт” (1:0) ва Россиянинг “Томь” (3:0) клубларини мағлубиятга учратиб, фақатгина Россиянинг “Химки” (1:2) жамоасига имкониятни бой беришди, холос", -деб ёзади “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 


Narzulla SaydullayevMuallif
Manba: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.