

“Металлург” сардори Мирзоҳид Ғофуров клуб матбуот хизматига қисқа интервью берди.
"Аввалги турда Республика ФА жамоаси билан баҳсда 2 очко йўқотдик деб ҳисоблайман. Рақибга ҳурматни сақлаган ҳолда, яратган вазиятларимизни ярмидан фойдаланганимизда йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлардик. Афсуски, омад шу куни биздан юз ўгирди. Қўшимчасига рақиб дарвозабонини эътироф этиш лозим. У чиндан яхши ўйин ўтказди.
Ҳакамлик ҳақида фикрларим, гапларим кўп, аммо ҳозир уларни айтганимнинг фойдаси йўқ. Натижа барибир ўзгармайди-ку.
Мавсумга қолган жамоалардан кўра камроқ вақт тайёргарлик кўрган бўлсак-да, ҳеч бир жабҳада қолишмасликка ҳаракат қиляпмиз. Ишончим комил, турдан турга ўйинимиз янада кучайиб боради. Дастлабки икки баҳсда очко ололмагани “ТерДУ” жамоасини хавфлироқ қилади. Умуман олганда, Пролигада жамоалар бизга қарши ўзгача иштиёқ билан ҳаракат қилиши табиий.
"Металлург" олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. Шу сабабли биз рақиб ким бўлишига қарамай, ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга тушамиз. Ўз уйимизда бўладиган баҳсларда эса мухлислар қўллаб-қувватлаши билан бу ишни амалга ошириш янада осонроқ бўлади деб умид қиламан. Олдинда турган икки учрашувни Бекободда ўтказамиз ва 6 очкони қўлга киритишга ҳаракат қиламиз”, – деди 37 ёшли футболчи.

Маълумот ўрнида, “Металлург” 15 апрель куни Пролига 3-турида “ТерДУ” билан рўбарў келади. Учрашув Бекободдаги “Марказий” стадионида 18:00 да бошланади.


