"Лочин" бош мураббийи Элдор Мойлиев: "Ғалабага иштиёқ кўплигидан шошиб ҳаракат қилдик"

Пролига 2-туридан ўрин олган "Лочин" – "Пахтакор фарм" (1:1) учрашувидан кейин "Лочин" жамоаси бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Авваламбор жамоамизни қўллаш учун стадионга келган мухлисларга катта раҳмат айтаман. Ўйинга келадиган бўлсак, биз томондан шошма-шошарлик кўп бўлди. Гол уришга ва ғалаба қозонишга иштиёқ кўплигидан кўп вазиятларда шошиб ҳаракат қилдик. Балки босимдан ҳам бўлиши мумкин. Биринчи таймда қулай имкониятларимиз бўлди, афсуски фойдалана олмадик. Иккинчи бўлим бошидаги қизил карточка жамоамизни қийин аҳволга солиб қўйди. Шунга қарамай йигитларга раҳмат, дуранг натижага эришдик.

- Қизил карточка кўрсатилган вазият борасида фикрингиз?

- Ўйиндан кейин ҳужумчимиз билан гаплашдим, рақибга умуман ҳаракат қилмадим, ўзи келиб урилди деди. Билмадим, тирсаги текканми ё бошқами, ҳакам "қизил" кўрсатди. Аввалги тур "ТерДУ" билан баҳсда Шерматов Жаҳонгирнинг қоши ёрилди, қон чиқди, лекин ҳакам "сариқ" ҳам бермаганди. Энди ҳар бир ҳакамнинг ўз ёндашуви бор, биз бунга аралаша олмаймиз.

- 90+3-дақиқада рўй берган ҳолат юзасидан муносабатингиз?

- Футболчимиз бирга бир қочиб кетган вазиятми? Тўғриси, мен анча узоқдан кўрдим, ҳакам эса вазиятга яқин эди. Бу борада ҳакамлар ишига аралашмаганимиз маъқул.

- Жамоангизда тажрибали футболчилар бор. Бугунги ўйин учун қўйилган аниқ мақсад нима эди?

- "Лочин" жамоаси олдига Суперлига даражасидаги футболчиларни тайёрлаш вазифаси қўйилган. Таркибимизда 1999 йил туғилганлар ҳам, 2005 йилда туғилганлар ҳам бор. Кимнингдир фикрлаши зўр, лекин жисмоний ҳолати сабаб U-21 жамоаларига ўта олмаган. Университет жамоасининг ташкил этилиши футболчилар учун иккинчи имконият деган бўлардим. Ва албатта чиройли ўйин кўрсатиб, ишқибозларни хурсанд этиш.

- Элдор ака, сизда "Шўртан"дан "Лочин"га ўтиш жараёни қандай рўй берди?

- "Лочин" Пролигада иштирок этиши маълум бўлгач, университетимиз ректори Дилмурод Ҳамидуллаевич таклифи билан клубга келдим. (Маълумот учун, "Лочин" клуби Қарши давлат университети футбол жамоаси ҳисобланади - таҳририят). Менга маълум бўлишича, Дилмурод Ҳамидуллаевич "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев билан маслаҳатлашган ва Рўзиқул Саъдуллаевич мени тавсия қилган. Мен учун "Лочин" таклифи қизиқарли бўлди. Кўп шогирдларим билан "Насаф фарм"да бирга ишлаганмиз. Жамоага келишимда Рўзиқул Бердиевнинг ўрни катта.

- "Лочин" клуби учун қурилаётган стадион ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

- Жуда чиройли ва кўркам стадион барпо этилмоқда. Майса экилди, ҳозирги кунда парвариш жараёни кетяпти. Иккинчи даврага майдон тайёр бўлади дейишяпти. Трибуналар ва бошқаси тайёр.

- Сизнингча, Пролигада Суперлига учун курашадиган учта жамоа қайси?

- "Шўртан", "Металлург", "Каттақўрғон" ва "Арал" олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. Лекин чемпионат ҳеч ким учун осон кечмайди. Ўзингиз кўряпсиз, осон ўйинлар бўлмаяпти, ҳамма кураш олиб бормоқда.

- Ташкилий ишлар ва бошқа масалалар бўйича клубда муаммо йўқми?

- "Лочин"да ҳеч қанақа муаммо йўқ. Бунинг учун клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Машғулот ўтказиш учун майдон, овқатланиш, база - хуллас ҳаммаси жойида.


Манба: championat.asia