"Ҳакамлик даражаси тарихдаги энг паст нуқтада!" — Жефф Стеллинг ВАРни кескин танқид қилди

Aslanov Jasurbek
16 фев 2026
Британиялик таниқли телебошловчи Жефф Стеллинг Англия футболидаги ҳакамлик сифати ва технологияларга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш борасида ўз муносабатини билдирди.

Унинг фикрича, видеотакрорлар тизими ҳакамларнинг масъулиятини ўлдирмоқда.

Муаммо нимада?

Стеллинг Англия Кубоги доирасидаги "Ньюкасл" — "Астон Вилла" (3:1) учрашувини мисол қилиб келтирди. Мазкур босқичда ВАР тизимидан фойдаланилмаган ва ҳакамлар бир қатор қўпол хатоларга йўл қўйишган.

Стеллингнинг "ачиқ" гаплари:

"Ҳозир Англияда ҳакамлик даражаси тарихдаги энг паст нуқтада турибди. Ҳакамлар ичида: «Ҳозир ВАР аралашади ва менинг ҳақ ёки ноҳақлигимни айтади», деб ўйлашади. Тэмми Абраҳамнинг голини кўринг — яққол офсайд! Байроқчани кўтаринг! Лекин Премьер-лигада уларни буни қилмасликка ўргатишмоқда".

Технологиялар зарари ҳақида:

Телебошловчининг фикрича, ВАР реал вақтда қарор қабул қиладиган рефериларнинг маҳоратини тушириб юбормоқда:

Ҳакамлар мустақил қарор чиқаришдан қўрқиб қолишган.

Ёрдамчи ҳакамлар аниқ вазиятларда ҳам масъулиятни ВАРга ташлашмоқда.

Алан Ширер каби афсоналар ҳам технологиясиз футбол анча жозибалироқ эканини таъкидлашмоқда.

"Шахсан мен ҳали ҳам ВАРсиз футболни афзал кўраман. Бу тизим ҳакамларга фақат зарар келтирди", — дея қўшимча қилди Стеллинг.

Эслатиб ўтамиз, Жефф Стеллинг 1994 йилдан 2023 йилгача "Sky Sports" телеканалида фаолият юритган ва инглиз футболидаги энг нуфузли экспертлардан бири ҳисобланади.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: talkSPORT