"Арсенал" ярим финалда! "Тўпчилар" Лондонда "Спортинг" тўсиғидан ўтишди

Aslanov Jasurbek
16 апр 2026
Европа Чемпионлар Лигасининг 2025/2026 йилги мавсуми 1/4 финали доирасидаги "Арсенал" ва "Спортинг" жамоалари ўртасидаги жавоб учрашуви якунланди.

Лондондаги "Эмирейтс" стадионида кечган баҳсда ҳисоб очилмади.

Учрашувни франциялик ҳакам Франсуа Летексье бошқариб борди. Ўйин давомида ҳар икки жамоада ҳам хавфли вазиятлар юзага келган бўлса-да, дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди. Бироқ Лиссабонда кечган дастлабки баҳсдаги 1:0 ҳисобидаги ғалаба Микель Артета шогирдларига ярим финал йўлланмасини тақдим этди.

Энди "Арсенал" финал йўлида Мадриднинг "Атлетико" жамоасига қарши баҳс олиб боради. Эслатиб ўтамиз, мадридликлар чорак финалда "Барселона"ни мусобақадан чиқариб юборишган эди.

Маълумот учун, жорий мавсумдаги ЕЧЛ финали Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги "Пушкаш Арена" стадионида бўлиб ўтади.

"Арсенал" — "Спортинг" 0:0

"Арсенал": Райя, Салиба, Москера, Инкапье, Магальяйнс, Эзе, Мартинелли, Дьёкереш, Мадуэке, Субименди, Райс.

"Спортинг": Силва, Морита, Гонсалвеш, Катамо, Тринкан, Араухо, Инасиу, Дьоманде, Юльманн, Куарежма, Суарес.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia