Асрор Алиқулов: "Ҳакамлар қарорини муҳокама қилмаймиз"

Оқил Абдубарноев
13 июн 2024
Про лиганинг 12-туридан ўрин олган "Машъал" - "Бухоро" (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.


- Ўйин ҳақида...

- Осон ўйин ўтказмадик. Йигитлар охиригача яхши ҳаракат қилишди. "Бухоро" Про лигада энг кучли жамоалардан бири. Бугун йигитлар ирода кўрсатишди.

- Легионерлар аксарият ўйинларда захирадан қўшилишаяпти. Бунга сабаб нима?

- Жамоавий боғлиқлик ва футболчиларнинг ўзаро бир-бирларини тушунишларида бажаришимиз лозим бўлган ишлар бор. Легионерлар билан тил масаласида ҳам кичик муаммолар учраб турибди.

- Ҳумоюн Муртозаевга кўрсатилган қизил карточка ҳақида фикрингиз?

- Ҳумоюн шеригини ёнини оламан деб шундай ҳолга тушиб қолди. Ҳакамлар қарорини муҳокама қилмаймиз. Бу вазиятда Муртозаев ўзини босиши керак эди.

- Сизнингча, ушбу мавсумда "Бухоро" кучлими ёки "Машъал"ми?

- Таркиб жиҳатдан "Бухоро" кучли. Лекин "Машъал"ни кучсиз деб айтмаган бўлардим. Ҳозир бизда ҳар қандай рақибга етарлича рақобат туғдира оладиган таркиб бор.


Оқил АбдубарноевMuallif
Manba: championat.asia