54 ёшли Миура Япония тўртинчи дивизионида ўйнайди

Sherzod Nurmatov
11 янв 2022
У 1986 йилдан буён профессионал равишда футбол ўйнаб келмоқда.

Кадзуёси Миура "Йокогама"дан "Сузука Пойнт Геттерс"га ижарага ўтиб, фаолиятини Япониянинг тўртинчи дивизионида давом эттиради. Кейинги мавсум унинг фаолиятидаги 37-мавсум бўлади.

"Йокогама" Япония олий лигаси (J-лига)дан иккинчи дивизионга тушиб кетганидан кейин Миура ижарага берилди. "Пойнт Геттерс"да унга акаси, 56 ёшли Ясутоши Миура мураббийлик қилади.

Кадзуёси Миура февраль ойида 55 ёшга тўлади. У ўз фаолиятини 1986 йилда бошлаган ва Бразилия, Хорватия, Италия, Австралия ва Японияда тўп тепган.

У 2005 йилдан буён "Йокогама"га тегишли, аммо сўнгги йилларда у майдонда кам кўриниш бермоқда. 2021 йилда у барча турнирларда 4 ўйинда майдонга тушиб, жами 43 дақиқа майдонда ҳаракат қилган.


Sherzod NurmatovMuallif
Manba: yokohamafc.com