Вадим Абрамов: "Ўз вақтида Баджо пенальтидан гол ура олмаган, Месси ҳам зарбада адашган. Бу жуда қийин иш"
25 sep 23:54
News


Вадим Абрамов: "Ўз вақтида Баджо пенальтидан гол ура олмаган, Месси ҳам зарбада адашган. Бу жуда қийин иш"
"Голсиз ўйин бўлган бўлса ҳам мухлислар учун қизиқарли ўйин бўлди деб ўйлайман. Биринчи бўлимни ёмон ўтказмадик. Иккинчи бўлимда эса ўйинимизда пасайиш кузатилди. Кейин эса класс ўз сўзини айтди. "Пахтакор" пенальтилар сериясини яхшироқ ижро этди, биз эса "лотерея"да хато қилдик. Йигитлардан миннатдорман улар кучли рақибга қарши курашишди ва борини беришди. Футбол шундай ўйин. Бугунги натижа шундай бўлиши керак экан" - деди Вадим Абрамов учрашувидан якунланганидан сўнг.
- Жамоангиз финалга бир қадам қолганида мағлуб бўлгани сизни хафа қилиши аниқ. Бироқ "Пахтакор" таркиб жиҳатдан ва кўплаб бошқа факторлар бўйича "Динамо"дан устун эди. "Пахтакор" чемпионатда деярли барча имкониятларини йўқотди ва бор эътиборини Кубок баҳсларига қаратди. Бугунги учрашув пенальтилар сериясига қадар давом этди. Ўйин шунчалик чўзилгани, бугун "Динамо" муносиб ўйин намойиш этгани ва охиригача курашганини англатади. Жамоангиз фақатгина пенальтилар сериясида мағлуб бўлгани бироз бўлса ҳам мағлубият алами ҳиссини камайтира олдими? Масалан, "Динамо" бугун асосий вақтда мағлуб бўлса ҳам, ушбу воқейлик сенсация дея қабул қилинмас эди. "Пахтакор" барибир фаворит эди....
- Бу ҳақда гапириш қийин. Мисол учун, асосий вақт ёки экстра таймларда мағлуб бўлганимизда ҳам аҳамияти йўқ эди. 11 метрлик зарбалар сериясида мағлуб бўлдик, аммо бу натижамиз учун медал беришмайди. Барчаси унутилади, келажакда эса тарихда "Пахтакор" "Динамо"ни ярим финалда мағлуб этган дейилади ва бўлди. Ўйин ҳам унутилиб кетади. Ўтган мавсум Кубок баҳсларининг бирортасида мағлуб бўлмадик, лекин мусобақани гуруҳ босқичидаёқ якунладик. Жорий мавсумда эса асосий вақтда енгилганимиз йўқ. Бироқ финалда эмасмиз. Афсуски ҳаёт шундай. Мағлубиятни тўғри қабул қилишимиз ва давом этишимиз керак. Суперлига ўйинлари олдинда, йўқотилган очколар бўйича етакчилардан биримиз. Умуман олганда, жорий мавсум "Пахтакор"га асосий вақтда мағлуб бўлмадик. Мухлисларимиз ранжишганидан хабардорман. Уларни ҳам тушунаман.
- "Динамо" кетма-кет иккита ўта муҳим ўйинда мағлуб бўлдик. Энди жамоани руҳлантириш қийин бўлса керак? Руҳий ҳолат анча ёмонлашиб кетиши мумкин. Лекин тақвим бўйича кейинги рақиблар унчалик кучли эмас...
- Мен бундай демаган бўлардим. Ҳар бир рақибга сиз айтганингиздек ёндашув қилсак, мавсум биз учун омадсиз ўтаётган бўларди. Тўғри ёндашув қилиш керак. Профессионализм ҳам шундай вазиятларда сезилади. Олдинда 9та ўйинимиз бор. Қолган жамоаларда эса 8та учрашув қолган. Биз ҳали курашдамиз ва давом этишимиз керак. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ ва ҳали ҳаммаси олдинда.
- Ўтган мавсум якунида, яъни сўнгги 5-6 учрашувда "Динамо" кетма-кет мағлуб бўлганди ва мавсум якунини омадсиз ўтказган эди. Бугун жамоа Кубокдаги иштирокини якунлади. Ўтган мавсум сўнгидаги "омадсиз" сценарий такрорланмаслиги учун нималар қилишини керак деб ўйлайсиз?
- Ўтган мавсум якунида медаллар учун курашиш имкониятидан маҳрум бўлгандик ва лигани тарк этиш хавфи йўқ эди. Ўртада бўлиб қолганимиз учун шундай ҳолат кузатилган эди. Шунингдек, бу йил жамоа ўтган мавсумдагидан кўра кучлироқ деб ўйлайман.
- Пенальтилар серияси ўзбек футболи учун муаммога айланиб қолди. Терма жамоамиз ҳам сўнгги катта мусобақани сериядаги мағлубият туфайли тарк этди. "Динамо" пенальтиларни машқ қилганмиди? Иккинчидан, Ҳожимирзаев жамоадаги энг тажрибали футболчилардан бири. Гол уриш у жуда совуққон, аммо сериядаги имкониятидан фойдалана олмади. Ҳожимирзаевдан ташқари бошқа ўзбек футболчилари ҳам пенальтидан унумли фойдалана олишмаяпти. Бу салбий тенденциянинг сабаби нимада?
- Марко ҳам гол ура олмади. У ўзбек эмас. Пенальти шундай нарса, ҳар қандай футболчи гол ура олмаслиги мумкин. Ўз вақтида Баджо пенальтидан гол ура олмаган, Месси ҳам зарбада адашган. Бу жуда қийин иш. Катта босим. Ҳакамлар ва футболчилар босим туфайли хато қилишади. Бундай вазиятда босим жудда катта бўлади. Мен машғулотларда ўнта зарбадан ўнтаси голга айлантиришим, майдондаги имкониятдан ҳам унумли фойдалана оламан дегани эмас. Марко ҳар доим гол уриб келган, "Насаф"га қарши ўйинда "паненка" зарбасини ижро этганди. Ратиньо ҳам "Навбаҳор"га ўйинда гол ура олмаганди. Агар пенальтидан гол ура олмаганимизда очколаримиз сони кўпроқ бўлган бўлар эди. Бугун ҳам шундай бўлди, афсуски.
Similar news

Comments