Latest news

11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  8 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  11 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  7 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  117 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0

Шуҳрат Тожибоев: “Хитой чемпионати бизникидан кучли эмас” News

Шуҳрат Тожибоев: “Хитой чемпионати бизникидан кучли эмас”

Бир йилдан бери Хитой чемпионатида тўп тепаётган футзалчимиз Шуҳрат Тожибоев яқинда жамоаси “Гансу” билан амалдаги шартномасини бир йилга узайтирди.

“Гансу” Хитой олий лигаси клуби бўлиб, ўтган мавсум якунларига кўра мамлакат чемпионатини 7-ўринда якунлаганди. Ҳамюртимиз қисқа фурсат ичида жамоасининг асосий таркиб футзалчиси эканлигини исботлаб, легионер номига муносиб ўйин намойиш этиб келяпти. Шу ҳафта Хитойда янги футзал мавсумига старт берилади. Биз чемпионат олдидан Шуҳрат Тожибоев билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Шуҳрат, аввало Хитой клубида ўйнаш варианти қандай пайдо бўлди? Суҳбатимизни айни мавзудан бошласак.
- Хитой чемпионатига келишимга биринчи сабабчи бўлган инсон бу футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг ҳозирги бош мураббийи Хосе Мария Мендез бўлади. Пулпис (терма жамоа футзалчилари Мендезни шундай чақиришади, - муал.)нинг яқин дўсти футбол агенти сифатида фаолият юритар экан. Шу агент орқали Хитой чемпионатига йўл олдим. Агент “Гансу” деган жамоадан таклиф бўлаётганини айтганида бу ҳақида ортиқча ўйлаб ҳам ўтирмадим. Чунки, анчадан бери ўзимни хориж клубида синаб кўриш истаги бор эди. Хитойга бордим ва кичик бир кўрикдан сўнг “Гансу” жамоаси билан бир йиллик шартномага имзо чекдим.   

- Шу ўринда “Гансу” клуби ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
- “Гансу” клуби 2014 йилда ташкил этилган. Хитой футзал чемпионатидаги энг ёш жамоа. Олий лигада иштирок этиб келяпти. Клубга маҳаллий мухатассис Йенг До мураббийлик қилади. Ўйинчиларнинг аксарияти катта футболдан келишган. Легионер сифатида рўйхатдан бразилиялик Реннинг Моура ҳамда мен ўтганман. Яқинда яна бир ҳамюртимиз Тўйчи Бердиевнинг ҳам Хитой чемпионатида пайдо бўлиши кутиляпти. Агар у ҳам жамоа билан шартнома имзоласа, бундан жуда ҳам хурсанд бўлардим. Ҳар ҳолда ўзингизни бегона хис қилмайсиз.  


- Клубдаги илк кунлар қандай ўтди, мослашиб кетиш қийин кечмадими?
- Клубга илк бор келганимда жамоа раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футзалчилар жуда илиқ кутиб олишди. Ёдингизда бўлса, ўтган йили жамоамизда Дилшод Раҳматов ҳам ўйнаган эди. Ўшанда клубдагилар мен ва Дилшоднинг янги муҳитга мослашиб олишимиз учун яқиндан кўмак беришганди. Янги муҳит ва жамоага мослашиш деярли қийин кечамади. Фақат таомларига ўрганиш қийин бўлди.

- “Гансу” клуби ўз аренаси ва базасига эгами?
- Ҳозирча йўқ. Лекин клубларининг сўзларига кўра яқин келажакда клуб учун база бунёд этилади. Шу ернинг ўзида арена ҳам қад ростлайди. Айни пайтда ижара асосида бошқа аренадан фойдаланяпмиз.

- Қаерда яшаяпсиз, алоҳида уй беришдими?
- Ҳа, албатта. Алоҳида уй беришган. Шароитлари жуда ҳам яхши. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.   

- Хитой чемпионати уй-сафар тизимида ўтказиладими? Кубок ўйинлари борми?
- Кубок ўйинлари чемпионат бошланишидан бир ой олдин бўлиб ўтади. Эътиборга молик жиҳати, кубок баҳслари битта шаҳарда ташкил этилади. Футзал бўйича Хитой олий чемпионати эса сиз айтгандек уй-сафар тизимида ўтказилади. Бир ҳафтада битта ўйинда майдонга тушамиз. Хитой футзал чемпионати худди бизнинг олий лига баҳсларига ўхшаб кетади. Икки даврадан иборат бўлиб, октябрь ойида бошланади ва апрель ойининг охирида ўз якунига етади. Кейин май ойидан то августгача жамоалар танаффусга чиқиб кетишади.

- Жамоангизнинг ўтган йилги мавсумдаги иштироки қандай бўлди?
- Ўтган йили жамоамиз олий лигада дебют мавсумини ўтказди. Ўн битта жамоа орасида мавсумни 7-ўринда якунладик. Энди ёш жамоа учун бу ҳам ёмон натижа бўлмаса керак. Бу йил натижамизни яхшилаш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

- Турнир жадвалида жамоангиздан юқорида жойлашган клубларга фақат рақобат ва тажрибада ютқаздингларми ёки бошқа сабаблари борми?
- Юқорида айтганимдек, жамоамиз таркибида ўйинчиларнинг аксарияти катта футболдан келиб қўшилган. Биласиз, футзал ва футбол ўртасида катта фарқ бор. Бизда жисмоний тайёргарлик ва жуда тез фикрлаш биринчи ўринга чиқади. Катта футболда бироз тўхтаб, қарор қабул қилиш учун фурсат бўлади. Футзалда ундай эмас. Тўпни тезроқ ўзингиздан соқит қилишингиз керак. Акс ҳолда ҳужум темпи тушиб кетади ва рақиб бундан фойдаланиб қолади. Катта футболда келганларнинг футзалга мослашиши учун вақт керак бўлади. Менимча, бироз омадсиз иштирокимизга шу омил асосий сабаб бўлди.

- Хитой чемпионатида легионерларга чеклов эълон қилинганми?
- Ҳа, чеклов бор. Клублар легионерларни 1+1 шаклида рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Легионерлардан бири албатта осиёлик бўлиши шарт. Иккинчи лимитни қолган қитъа ўйинчилари тўлдириши кўзда тутилган. Шу боис, катта юк айнан легионерлар зиммасига тушади. Лекин икки киши футзалда майдондаги об-ҳавони белгилаб бера олмайди. Тўғри, легионерларнинг фойдаси бўлади. Аммо, футболчалик эмас. Барибир маҳаллий футзалчиларга бу ҳолатда кўп нарса боғлиқ бўлади, деб ўйлайман.

- Хитой футзал чемпионати билан Ўзбекистон олий лигаси савияси орасида қандай фарқ бор? Сизнингча, қайси бири кучлироқ?
- Хитой чемпионатининг савияси бизнинг олий лигамиз савиясидан кучли эмас. Буни аниқ айта оламан. Лекин сўнгги 2-3 йилдаги ривожланиш темпини оладиган бўлсак, яқин йиларда биздан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Ҳозир Хитой клубларининг моддий-техник базаси, жамоа таркибидаги ўйинчилар савиясида олдинга силжиш кўзга ташланмоқда. Кучли легионер футзалчилар таклиф этиляпти. Хорижлик мураббийлар жалб қилиняпти. Албатта, бу ўзгаришлар тез орада ўз натижасини беради.

- Машғулотларда қандай фарқни сездингиз?
- Деярли катта фарқ йўқ. Машғулотлар бироз кўпроқ давом этади. Тўп билан кўп ишлаймиз. Жисмоний тайёргарликка йўналтирилган машғулотларга ҳам кўп вақт ажратилади.  

- Сиз ўйнаётган шаҳарда футзалга эътибор, мухлисларнинг қизиқиши қандай?
- “Гансу” клуби Ланжоу шаҳри шарафини ҳимоя қилади. Бу ерда футзалга жуда ҳам қизиқишади. Менимча, олий лигадаги футзал клублари орасида энг кўп мухлисга эга жамоа ҳам айнан “Гансу” бўлса керак. Юқорида бир ҳафтада битта ўйин ўтказилади деб айтдим. Мухлислар ўйинлар келишини орқизиб кутишади.

- Ўйинларга қанча мухлис ташриф буюради?
- Ланжоудаги ҳар бир ўйинимизга камида бир ярим минг томошабин келади. Эсимда, ўтган мавсум олий лигадаги илк учрашувимизга 4 мингга яқин мухлис келган эди. Бу футзал учун жуда яхши кўрсаткич.

- Футзалчиларга қанча маош тўлашади?
- Очиғини айтсам, футзалчиларга қанча маош тўланишини билмайман. Чунки, ҳар бир футзалчи алоҳида қоғозга имзо чекиб, шартномасида кўрсатилган маошни олади. Менимча, берилаётган маош қониқтирса керак. Ўйнаб келишяптику!

- Легионерларгачи? Аниқ жавоб бера олмасангиз, умумий қилиб айтишингиз мумкин. Шунчаки, таққослаш учун.
- Бу саволга ҳам тўлиқ жавоб бера олмайман. Одатда молиявий келишувлар, маошлар миқдори сир сақланади. Чунки, шартномада ҳам шундай банд бор. Ўзаро келишувга кўра шартноманинг молиявий томонлари ошкор қилинмайди. Лекин насибага яраша бўлиб турибди. Ёмон эмас. Акс ҳолда, Хитой клубида ўйнамасдим. Табиийки, легионерлар маҳаллий футзалчиларга нисбатан кўпроқ маош олишади. Бу қонун ҳамма спорт турида ҳам бор.

- Жамоангиз янги мавсумга қандай тайёргарлик кўряпти?
- Янги мавсумга тайёргарлик якунига етиб қолди. Режа асосида машғулотларни ўтказяпмиз. Август ойида йиғилгандик. Машғулотдан ташқари ўртоқлик учрашувлари ҳам бўлиб турибди. Таркибимизда кичик ўзгаришлар бор. Ёш футзалчилар таклиф этилди.


- Бу йилги мавсум учун қандай вазифа қўйиляпти?
- Бу йилги мавсумда жамоамиз олдига катта вазифалар қўйилган. Биринчи галда ўтган йилги натижамизни яхшилашимиз шарт. Таъкидлаб ўтганимдек, олий лигада энг кўп мухлисга эгамиз. Табиийки, ўзимизнинг чиройли ўйинимиз ва ғалабаларимиз билан мухлисларни хушнуд этишга ҳаракат қиламиз. Клуб раҳбарияти ҳам барча шароитларни муҳайё қилган. Бу борада ҳеч қандай камчилик ёки муаммолар йўқ.   

- Чемпионлик учун қайси жамоалар кураш олиб бориши кутиляпти?
- Хитой чемпионати олий лигасида 2-3та кучли, бир-бирига бирдек рақобат қиладиган жамоалар бор. Ўтган йили чемпионлик учун иккита жамоа кураш олиб борганди. Булар Шеньжень шаҳрининг “Шеньжень Нанлинг” ҳамда Дальян шаҳрининг “Дальян” клубларидир. Шундай бўлсада, мана бир неча йилдирки, Хитой чемпионатида “Шеньжень” клуби чемпионликни ҳеч кимга бермай келяпти. Аммо, ўтган йили “Шеньжень” эмас, аксинча “Дальян” клуби чемпион бўлди. Бир нарсани аниқ айтишим мумкин, бу йил чемпионлик учун кураш ҳар доимгидан ҳам кучли бўлади. Бунинг учун етарлича сабаблар бор. Биринчи галда чемпионлик учун даъвогар жамоалар кўпайди. Чемпионат баҳслари ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли ўтишини тахмин қилиш қийин эмас. Бизнинг жамоамиз ҳам чемпионлик бўлмасада, совринли ўринлар учун кураш олиб боради.   

- Сиз ўйнаётган шаҳарда яна бошқа футзал клублари борми?
- Ланжоуда футзалга қизиқадиган мухлислар сони ортиб боряпти. Футзал ҳам секин-аста оёққа турмоқда. Асосий профессионал клуб айнан “Гансу”. Олий лигада ҳам шу клуб шаҳар шарафини ҳимоя қилади. Жамоамиз қошида болалар гуруҳлари очилган. Кундан-кунга футзал билан шуғулланиш истагини билдираётган болалар сони ортиб боряпти.   

- Келаси йилнинг февраль ойида пойтахтимиз футзал бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Ушбу қитъа чемпионати жаҳон чемпионатига йўлланма бериши билан аҳамиятлидир. Шахсан сиз бўлажак Осиё чемпионатидан нималарни кутяпсиз?
- Ўзи аслида Хитой чемпионатига йўл олишимда ҳам асосий омил Осиё чемпионати бўлганди. Бу ерда халқаро тажриба тўплаб, терма жамоага ёрдам беришни мақсад қилгандим. Бу галги Осиё чемпионати аввалги қитъа биринчиликларидан кескин фарқ қилади. Ўртага жаҳон чемпионати йўлланмаси қўйилади. Ҳар бир терма жамоа ярим финалга етиб келишни мақсад қилиб, Тошкентга келади. Шу пайтгача терма жамоамизга мундиалда иштирок этиш бахти насиб этмаган. Ўзбекистон мезбонлигида ўтадиган Осиё чемпионатида бу кўп йиллик орзуни амалга оширишга астойдил ҳаракат қиламиз. Терма жамоамиз яна испаниялик таниқли мутахассис Хосе Мерия Мендез қўл остида бўлажак қитъа чемпионатига тайёргарлик кўряпти. Пулпис жуда кучли мутахассис. Қолаверса, аввал ҳам терма жамоамизда ишлаган. Футзалчиларнинг имкониятини жуда яхши билади. Эшитишимча, октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Қозоғистонда йиғин ташкил этилади. Йиғин доирасида Европанинг энг кучли футзал клуби “Қайрат” билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилади. Ўйлаймизки, бу ўйинлар орқали терма жамоамиз февраль ойида ўтказиладиган Осиё чемпионатига юқори тайёргарликда етиб боради. Шу пайтгача бизда икки марта Осиё чемпионати ўтказилган. Мусобақани юқори савияда ташкил этиш бўйича етарлича тажриба бор ва биз футзалчилар ҳам мухлисларни уялтириб қўймаслик учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди  

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика