Latest news

08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  0 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  0 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  104 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  10 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0

Самвел Бабаян:«Таркибда жиддий йўқотиш бор, лекин…» News

Самвел Бабаян:«Таркибда жиддий йўқотиш бор, лекин…»

Маълумки, 2015 йил ўзбек футболи, хусусан, барча ёшдаги термаларимиз учун ўзига хос воқеаларга бой тарзда кечди.

Айниқса, бош жамоамизнинг КХДР термасидан мағлубиятга учраши, шундан сўнг мураббийлар штабида юз берган ўзгаришлар мухлису мутахассислар диққат марказида бўлди. Ўз нав­батида, олимпиячиларимиз ҳам бир амаллаб, Осиё чемпионати йўлланмасига эга чиқишди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ёшларимиз эса Янги Зеландиядаги кичик мундиални муваффақиятсизлик билан бошлаганларига қарамай, ке­йинчалик барибир, жаҳоннинг кучли 8та жамоаси қаторидан ўрин эгаллашни уддалашди. Демак, ички чемпионатдаги салбий ҳолатлар ва клубларимизнинг ОЧЛдаги қониқарсиз иштирокларини инобатга олмасак, нолишга арзигулик воқеа­лар рўй бермади. Олдинда эса футболчиларимизни янада масъулиятли баҳслар кутиб турибди. Биринчи галдаги масала - 12 январь куни Қатарда старт оладиган қитъа чемпионатида ишончли ўйнаб, Рио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш. Биз олимпия терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян билан махсус суҳбат уюштириб, унинг ўтган мавсум якунлари ва ОЧ-2016га кўрилаётган тайёргарлик хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Самвел Вячеславович, жорий йилда ҳам InterFutbol таснифи бўйи­ча «Йилнинг энг яхши мураббийи», деб топилдингиз...

- Албатта, бундай номга лойиқ кўрилганимдан бағоят хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу ютуқларга эришишимга ҳисса қўшган миллий термамиз ва «Пахтакор»­да тўп сурувчи барча футболчиларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Камтарона меҳнатларимни эътироф этаётган журналист ва мутахассисларга ҳам алоҳида ташаккур.

- 2015 йил шахсан сиз учун қандай ўтди?

- Клубдаги кўрсаткичларга тўхталсам, биздан 2014 йилги чемпионлик тасодиф эмаслигини исботлаш талаб этиларди. Ушбу мақсадни амалга ошириш шахсан мен учун жуда муҳим эди. Чемпионлик номини сақлаб қолиш осон эмас, бунинг учун ўз устимда тинимсиз ишладим, футболчиларга кўпроқ «нагрузка» юклатилди, тактик тайёргарлигимизни анча такомиллаштирдик. Ушбу изланишлар самараси ўлароқ, биринчи даврада жамоамиз пешқадамликни сақлаб қолди. Кейинчалик миллий термамиз бош мураббийлигига тайинландим, «Пахтакор» бошқаруви эса бош­қа мутахассисга топширилди. Албатта, бош жамоага ўтишдан фахр туйдим, бу ҳар бир мураббий учун бахт... Кейинчалик миллий термамиз билан эришган ютуқларимиз олам-олам қувонч бахш этди.

- Дарҳақиқат, 5та ўйинда 15 очконинг қўлга киритилиши - таҳсинга сазовор натижа. Ғалабалар серияси, турли рекордларнинг қайд этилиши сизни таниқли шахсга айлантирди.


- Шунга қарамай, ҳақиқатга тик боқайлик, мен ҳали ҳеч нима қилмадим. Биз бор-йўғи 5 марта зафар қучдик, аммо бу ғалабалардан кейин ҳам саралашнинг дастлабки босқичида иккинчи ўринда боряпмиз. Демак, гуруҳдан чиқиш масаласи ҳали 100 фоиз бажарилмади. Албатта, шахсий қарашларга эгаман, ўз олдимга қўйган вазифаларим бор. Биринчи нав­батда, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш ва зиммамдаги масъулиятга жиддий ёндашиб, максимал натижага эришишни ўйлайман. Узоқ муддатли стратегик режаларга эга эмасмиз. Мен учун муҳими - ҳар бир ўйинга алоҳида тайёргарлик кўриб, 3 очкони қўлга киритиш. Бугунгача кетма-кет 5та ғалабага эришиб, футболчилардаги қатъи­ятни мус­таҳкамладик. Ўз навбатида, мухлислар ҳам жамоага яна ишона бошлашди, стадион томошабинлар билан тўлмоқда. Буларнинг бари менга янада масъулият юклайди, ўз устимда кўпроқ ишлашга ундайди. Қувонарлиси, эндиликда футболчиларимиз сўнгги кучлари қолгунча курашга киришишмоқда. Энг муҳими ҳам шу. У айниқса, сафар учрашувларида яққол кўринди. Менимча, Филиппин термаси устидан қозонилган ғалаба жамоамиз ўйинида туб бурилиш ясади. Зеро, 6 очко тўплаган ҳолда гуруҳ етакчиларидан бирига айланган жамоани мағлуб этиш жамоамизнинг иштаҳасини очиб юборди. Биласизми, дастлабки ўйинда синов ўтказиб, таркибни сунъий тарз­да ёшартиргандик. Шомуродов ва Соҳибов асосий таркибда ўйнашди. Кейинчалик эса оптимал таркибни аниқладик.


- Бугунги кунда сизни кучли руҳшунос сифатида эътироф этишмоқда. Эришилаётган муваффақиятлар кучли ташкилотчи ва психолог эканлигингиз билан боғланмоқда. Чиндан ҳам, футболчиларни ҳар бир ўйинга тайёрлашда уларнинг руҳиятини биринчи ўринга қўясизми?

- Бундай мазмундаги гап-сўзларни эшитяпман. Аммо биргина руҳий тайёргарлик ва яхши ташкилотчилик эвазига ғалабани таъминлаб бўлмайди. Тўғри, шундай услуб билан бир ёки иккита ўйинда муваффақият қозониш мумкиндир. Янгича тактик схемалар, методика, психология, ташкилотчилик, футболчининг ўйинини тўғри талқин қилиш, жисмоний тайёргарлик... Шунга ўхшаш барча йўналишлар мужассамлаштирилсагина кучли ва рақобатбардош жамоани шакл­лантириш мумкин. Бугун руҳият борасида ютуқларга эришиб, жамоамизни бир оилага айлантира олдик: ҳамма максимал натижага эришишга интилмоқда, ўзбек футболи тарихидаги энг кучли таркибга эга жамоа вакили эканини ҳис этмоқда. Ташкилотчилик масаласида ҳам сезиларли ислоҳотлар рўй берди. Айниқса, терма жамоалар марказининг фаолиятида ижобий ўзгаришлар кузатилди, ортиқча муаммолар туғилмади. Аслида терма жамоа ва клубда ишлаш бир-биридан кескин фарқ қилади. Клубда шогирдларингиз дои­мо ёнингизда, мавсумга тайёргарлик учун етарлича вақт бўлади. Терма жамоада эса бундай эмас. Ўзингиз ўйланг, ҳозиргача 5та ўйин ўтказдик, уларнинг ҳаммасига фақат 3 кундан оптимал даражадаги таркиб билан тайёрландик. Қолган вақтларда фақат маҳаллий футболчилар билан маш­ғулот ўтадик. Шунга қарамай, деярли 20 кун ичида футболчилар билан тил топиша олдик. Услубимизга келсак, бунинг ҳеч кимдан яширадиган жойи йўқ: ўйинимиз модели 4та тамойилдан иборат:

1) Агрессив, вертикал ва прессингга асосланган футбол. Биласизки, ҳозирда кучли иштиёқ ва прессинг қўлламай туриб, ғалаба ҳақида ўйлаш бефойда.


2) Юқори интеллект. Яъни футболчи майдонга чиқар экан, бажариши лозим бўлган вазифани мукаммал тушуниши ва шунга мос тарзда ҳаракат қилиши лозим. Жамоа аъзоларининг аниқ кўрсатма асосида ўйнай олишлари - мураббийнинг ютуғи. Бунга футболчининг универсаллигини ҳам қўшиш мумкин. «Пахтакор»да худди шундай ишлаганмиз. Ҳимоячи ёки ярим ҳимоячининг гол уриши ёки аксинча, ҳужумчи зарур паллаларда ортга қайтиб, ҳимояда ёрдам бериши талаб этиларди. Бошқача айтганда, майдондаги 10 нафар футболчининг бари ҳам ҳужум қилиш, ҳам ҳимояланишни уддалай олиши лозим. Биз ўйин давомида 4-5-1, 4-4-2, 4-3-3 тактик схемаларини бирдек қўллай олишимиз зарур. Бунинг учун эса футболчилардан универсаллик талаб қилинади.

3) Ватанпарварлик ҳисси. Терма жамоага тайинланган илк кунларда журналистлар, мутахассислар ва ишқибозлар иштирокида махсус йиғилиш ўтказганимиздан хабарингиз бор. Очиғи, ўшанда томонларнинг бир-бирларига муносабатларини аниқлаб олишга интилгандим. Қайсидир маънода мақсадимга етдим, чунки ўша пайт кўпчилик термамиз келажагига ишончсиз кўз билан қарай бошлаганди. Шунда ОАВ ходимларига ўринсиз танқидлардан тийилиш борасида илтимос билан чиқдим. Зеро, аксарият ишқибозлар асосан, журналистларнинг сўзларига ишонишади, уларга эргашишади. Қачонки, мухбирларда ватанпарварлик ҳисси юқори бўлса, бу аста-секин мухлисларга, ке­йин эса бутун оммага кўчиб ўтади. Футболчиларга келсак, шуни ишонч билан айта оламанки, қўл остимдаги ўйин­чиларнинг бари - профессионал. Ҳаммалари Ватан ҳақида ўйлашади, масъулиятни ҳис қилишади.

4) Инсонийлик тамойиллари. Биз бир оила эканмизми, демак, бир-биримизни яхши тушунишимиз ва ҳурмат қилишимиз лозим. Қувонарлиси, термамиздаги барча йигитлар яхши тарбия кўришган, ҳаммалари интизомли. Уларнинг ҳам руҳий, ҳам тактик билимларни бирдек ижобий ўзлаштиришаётгани менга жуда манзур бўлмоқда. Бошқача айтсак, муҳим услубларни ўзида жамлаган жамоада ижобий ўзгаришлар юзага келиши аниқ. Биз ҳозир айнан шу йўлда меҳнат қиляпмиз.

- Олимпия терма жамоаси ҳақида ҳам гапирсангиз. Даставвал аксарият мухлисларни жуда қизиқтираётган савол билан мурожаат қилмоқчимиз: олимпиячиларимизга устозлик қилиш вазифасини терма жамоадаги муваффақиятли 5та ўйиндан сўнг ишониб топширишдими ёки бу ўзингиздан чиққан ташаббус?


- Гап шундаки, мени миллий термага бош мураббий этиб тайинлашган йиғилишда ЎФФ раҳбари Мираброр Усмонов каминага юзланиб, шундай деганди: «Самвел Вячеславович, шахсан мен мамлакатимиздаги барча терма жамоаларни мунтазам кузатувга олган ҳолда иш юритишингизни истайман. Олимпия терма жамоаси ҳам шулар жумласидан». Маълумки, бунгача олимпиячилар Виктор Жалилов қўл остида шуғулланишаётганди. Ке­йинчалик Виктор Романович, Жасур Абдураимов ҳамда Темур Олимхўжаев шогирдларининг бир нечта машғулотларини кузатиб, уларнинг кейинги баҳсларга қандай тайёргарлик кўришаётгани ҳақида тасаввур ҳосил қилдим. Миллий термамиз билан муҳим расмий ўйинларни ўтказиб олгач эса, бор эътиборни олимпиячилар тайёргарлигига қаратдим. Зеро, улар бош жамоа­нинг эртанги куни ҳисобланишади.


- Сўнгги бир ой мобайнида икки марта йиғин ташкил қилиниб, бир нечта ўртоқлик ўйинлари ўтказилди. Ғалабалар билан бирга дуранг ва мағлубиятларга ҳам гувоҳ бўлдик...

- Олимпия термасининг йиғинлари ҳақида батафсил маълумот бериш шарт эмас, деб ҳисоблайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, назорат учрашувларининг аксариятида йигитлар кучли чарчоқ остида майдонга чиқишди. Чунончи, биз учун натижа унчалик муҳим эмасди. Ҳар бир ўйин­да қайсидир мақсадни кўзлаб ҳаракат қилдик. Мисол учун, дастлаб номзодларни ўргандик, кейин эса маълум бир тактикани синовдан ўтказдик. Лекин бу ўйинлардан кўзланган асосий мақсад таркибни оптималлаштириш эди. Афсуски, айни пайтда муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, термамизнинг ҳимоя чизиғида жиддий йўқотиш кузатилди. Икки ажойиб футболчимиз - Одил Ҳамробеков ва Бобур Йўлдошевнинг соғ­лиқдаги муаммолар сабаб, нафақат Осиё чемпионати, балки йиғинларда ҳам қатнашолмасликлари аниқ бўлди. Шу боис, иккисига ҳам ҳар қандай фаол жисмоний ҳаракатлардан тийилишни тавсия қилдик. Табиийки, уларнинг ўринларини тўлдириш қийин, лекин биз буни уддалай оламиз, деган умиддаман. Аксинча, ҳужумдан кўнглимиз тўқ. Зеро, олдинги чизиқнинг деярли барча вакиллари ўз клубларида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишди, ҳаттоки, улар миллий жамоага номзод футболчилар саналишади. Умуман, жанговар жамоани шакллантир­япмиз. Унинг ҳар бир аъзоси фақат ғалабани кўзлаган ҳолда майдонга чиқиши зарур. Чунки Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичидаги рақибларимиз жуда жиддий. Жамоамизни Япония ва Қатар олимпиячилари фонида кўриб чиқиб, мавжуд камчиликлар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлдик.

- Маълумки, айни пайт Деян Журжевич ҳар икки терма жамоалар рақибларини ўрганиб чиқиб, маълумот тайёрламоқда. Бу сизга қанчалик фойда келтирмоқда?


- Аввало, шуни айтишни истардимки, мураббийлар штабида ҳар кимнинг ўз вазифаси бор. Демак, Журжевич бизга ўзи тўплаган маълумотларни тақдим этади. Кейин эса уларни мураббийлар билан биргаликда таҳлил қиламиз. Шу тариқа футболчиларимиз ҳар гал майдонга чиқиш олдидан рақиб тўғрисида мукаммал маълумотга эга бўлмоқдалар. Бу эса ўз навбатида, йигитларимизга қайсидир лаҳзаларда воқеа­лар ривожи қандай кечишини олдиндан ҳис қилиш имконини яратади. Футболда бу туйғунинг баҳоси жуда юқори.

- Олимпиячиларимиз олдига қў­йилган асосий вазифа...


- ... Риога йўлланма олиш. Бунинг учун ҳар бир ўйинга худди финалга тайёрлангандек тараддуд кўришимиз, сўнгги дақиқаларгача ҳушёрликни сусайтирмаслигимиз талаб этилади. Ишонч билан айтаманки, биз бунга ҳозирнинг ўзидаёқ тайёрмиз. Яхши биласиз, ўтган гал вакилларимиз Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга жуда-жуда яқин келишганди, аммо... Биз эса ўша хатони такрорламасликка, юртимизга ёруғ юз билан қайтишга ҳаракат қиламиз.

- Бир факт кишини беихтиёр ўйлантириб қўяди: олимпиячиларимиз шундай муҳим турнирга атиги бир ой мобайнида тайёргарлик кўришди. Бу Олимпиада йўлланмаси учун озлик қилмасмикан?


- Тўғри айтдингиз, бу муддат камдек туюлиши мумкин. Лекин шахсан мен таркибдаги деярли барча футболчиларнинг нимага қодир эканликларини яхши биламан. Қолаверса, уларнинг аксарияти «Пахтакор» футбол мактабида, бошқача айтсак, кўз ўнгимда улғайишган. Баъзи йигитлар билан эса миллий терма жамоадаги машғулотлар давомида танишиб, бир-биримизга мослашиб олганмиз. Айрим ўйинчиларни миллий чемпионатдаги иштироклари орқали яхши биламан. Шундай экан, бу муддатни кам демасдим.

- Матбуот анжуманларидаги бир фикрингиз кўплаб мунозараларга сабаб бўлди-ю, аммо тезда оммалашди: «Бу таркиб - терма жамоамиз тарихидаги энг кучлиси!» Худди шу фикрни олимпиячиларимизга нисбатан ҳам ишлатиш мумкинми?


- Албатта, Одил Ҳамробеков ва Бобур Йўлдошев борлигида шундай фикр билдириш мумкин эди. Чунки мен тасаввур қилган оптимал таркибда уларнинг ўрни бор. Афсуски, энди бу футболчиларнинг хизматларидан фойдаланолмаймиз.


- Мумкин бўлса, ушбу ўйинчилардаги мавжуд ҳолат юзасидан кенг­роқ тушунча берсангиз. Улар ўзимизнинг «Футбол-Мед» кўригидан ўта олишмадими?

- Гап шундаки, олимпиячилар билан йиғинни бошлаш олдидан барча номзодларни обдон тиббий кўрикдан ўтказгандик. Шунда ушбу футболчиларнинг соғлиғида кичик камчиликлар борлиги аниқланди. Бундан хабар топгач, дарҳол ЎФФ раҳбарларидан кўмак сўрадим. Улар эса хорижлик малакали шифокорлар иштирокида консилиум ўтказишда амалий ёрдам беришди. Афсуски, улар ҳам футболчиларимизга маълум муддат ҳордиқ бериш кераклигини уқтиришди. Шунга қарамай, таркибимизда Одилнинг ҳам, Бобурнинг ҳам ўрнини боса оладиган футболчилар топилади.

- Қарши бўлмасангиз, суҳбатимизни миллий чемпионат мавзусида давом эттирсак. Сизнингча, сўнгги мавсумдаги натижаларни таҳлил қилиб, ички мусобақа савияси ошяпти, деган хулосага келиш мумкинми?


- Чемпионат-2015 ҳар йилгисидан бошқачароқ старт олди. Яъни мавсум бошидаги 4-5та турда нисбатан кучсиз, деб қаралган клублар кучлиларни мағлуб этишди, шов-шувли ҳолатлар аввалгисидан кўпроқ кузатилди. Шунингдек, сўнгги турлардаги натижалар ҳам ҳайратланарли бўлди. Умуман олганда, чемпионат ҳар йилгидан кўра, қизиқарлироқ кечди ва нисбатан барқарор ўйин кўрсатган жамоалар ҳақли равишда турнир жадвалининг юқори ўринларини банд этишди.

- Мавсум бошида «Пахтакор» бош менежери эдингиз. Шуни инобатга олиб сўраймиз, клубнинг умумий натижаларига қандай баҳо берасиз?


- «Пахтакор» - ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз олдига энг максимал вазифаларни қўядиган клуб. 2015 йил бошида икки мақсадни кўзлагандик - олий лигада чемпионлик мақомини сақлаб қолиш ва ОЧЛда узоқроққа бориш. Биринчи вазифа уддаланди. Лекин халқаро ареналарда бизга кадрлар танқислиги панд берди. Гуруҳ босқичида кетма-кет жароҳатлар кузатилмаганда, ўйлаган мақсадимизга эриша олардик. Эътибор берган бўлсангиз, ОЧЛнинг сафар учрашувларида ажо­йиб ўйнадик. Айниқса, «Ал-Айн» билан ўйинни унутолмайман. Ваҳоланки, биз ўта кучли рақибга кучсизланган ҳолда рўбарў келгандик. Лекин футболчилар клуб ва Ватан шаъни учун астойдил тер тўкишди. Миллий чемпионатда эса аввалига ишларимиз унчалик юришмади. Лекин ўйиндан-ўйинга кучайиб, биринчи давра якунига пешқадам сифатида етиб келдик. Бу эса охир-оқибат, мақсадимиз амалга ошишини таъминлади.

- Мавсум кашфиётлари сифатида кимларни эътироф этасиз?


- Шубҳасиз, биринчи навбатда, Жавоҳир Соҳибовни тилга оламан. Зеро, унинг биргина мавсум давомида ўзини кўрсатиб, терма жамоа даражасигача чиқишини ҳеч ким кутмаганди. Шунингдек, Достон Ҳамдамов ва Элдор Шомуродов каби ёшларнинг яққол ўсишга эришаётганларидан хурсандман. Улар ўзбек футболининг келажак умидларидир.

- ОЧЛ ҳақида сўз борса, истаймизми-йўқ, кўнгил хиралашади. Чунки натижалар йилдан-йилга пасайиб кетаётгандек. Агар аҳвол шу кетишда давом этса, кейинги йилларда мусобақада иштирок этадиган клубларимиз сони кескин камайиши ҳеч гап эмас. Сизнингча, мазкур муаммони қай йўл билан ҳал этиш мумкин?


- Биринчи навбатда, клубларимизнинг моддий-техник базасини яхшилаш лозим. Тўғри, хориждан кучли легионерларни таркибга қўшиш орқали ҳам нисбатан яхшироқ натижаларга эришиш мумкин. Лекин юқорида айтганимдек, «Пахтакор»нинг бу масалада тутадиган йўли бироз бошқачароқ. Эҳтимол, ёшларга берилаётган эътибор туфайли бир-икки йиллик натижалардан айрилармиз, лекин янги авлод бизнинг келажагимиз эканини унутмаслик лозим. Шунингдек, ички чемпионатдаги рақобатни кучайтириш ҳам самарадорликни оширади. Яъни қачонки, олий лига савияси ошса, ўз-ўзидан клубларимизнинг халқаро майдондаги натижалари ҳам яхшиланиб бораверади. Ҳозир кўплаб клубларимиз ўз академияларига эътиборни кескин кучайтиришди. Менимча, яна 2-3 йиллардан сўнг қилинган меҳнатлар самарасини кўрамиз. Хусусан, клубларимиз, айниқса, «Пахтакор» футболчи етиштирувчи «фабрика»га айланиб қолган. Агар биз трансфер қилган футболчилар ҳозир таркибимизда бўлишганида эди, биз бемалол ОЧЛ­да ғолибликни қўлга киритардик. Афсуски, молиявий имкониятларимиз бунга йўл қўймайди.

- Тарихга юзлансак, «Пахтакор»­да иш бошлаган чоғларингизда таркибга ёш ва истеъдодли футболчиларни жамлай олгандингиз. Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Анвар Солиев шулар жумласидан. Қизиғи, бу ўйинчилар орадан 13-14 йил ўтганига қарамай, самарали фаолият юритишмоқда. Яқиндагина Корея нашрларидан бири Жепаровнинг йилига қарийб бир миллион доллар атрофида маош олаётганини маълум қилди. Айтинг-чи, ўша таркибни жамлашнинг қандайдир сири бормиди?


- Тўғрисини айтсам, бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Аниқроғи, биз шунга мажбур бўлганмиз. Ёдимда, 2002 йилги Осиё чемпионатида термамиз муваффақиятсизликка учраган. Ваҳоланки, таркиб истеъдодларга тўла эди. Шунда мамлакатимиз футболини юксалтириш учун терма жамоа аъзоларини бир клубга йиғиш ғояси туғилди ва шу тариқа жамоа таркиби кескин ўзгарди. Орадан бирмунча вақт ўтгач, бу ғоя ўзини оқлади. Уларнинг барқарорликларига келсак, ушбу футболчилар - профессио­налликнинг юксак намуналари. Мана, яқиндагина Серверни термамиз йиғинига чақирдим ва машғулотларда унинг кўзлари ҳамон футбол билан ёниб турганига гувоҳ бўлдим. Бундай ўйинчилар учун ёшнинг аҳамияти йўқ - улар ҳар доим жамоага фойда келтира олишади.

- Бу кўпроқ кимга боғлиқ: футболчининг ўзигами ёки мураббийларга?


- Футболчининг ўзига, албатта. Яхши эслайман, Жепаровни «Пахтакор»га таклиф қилганимизда, у «Навбаҳор»да етакчи ҳисобланмасди. Лекин ақлли бўлгани учун тезда ўзидан нималар талаб қилинаётгани ва меҳнатдан қочмаса, келгусида муваффақиятга эришиши мумкинлигини тўғри англади.

- Айтганча, миллий ва олимпия терма жамоаларимиз қўлга киритилган ғалабалар учун ЎФФ томонидан молиявий рағбатлантириляптими?


- Авваламбор, терма жамоаларимизга яратиб берилаётган қулайлик ва имкониятлар учун ЎФФ раҳбари Мираброр Зуфаровичга улкан миннатдорчилик билдиришимиз керак. Беҳисоб сафарлар, ўқув-йиғин машғулотлари, футболчиларга чақирувлар... Булар ўз-ўзидан бўлмайди. Зеро, барча вақтларда бўлгани каби ҳозир ҳам футболчиларимизда турли рағбатлар бор. Аммо шуниси аниқки, ҳар қайси ўйинчи ва мураббий учун қайсидир терманинг аъзоси бўлиш биринчи ўринда катта шараф, бу билан фахрланамиз. Мазкур жамоаларга чақирилаётган футболчиларимиз ҳеч қачон молиявий рағбат ҳақида ўйлашмайди...


- Ўз соҳангизда илмий иш (диссертация) ёқламоқчи эканлигингиздан хабаримиз бор. Шунга ҳам қисқача тўхталсангиз...

- Биласизми, педагогика фанлари номзодлиги учун илмий ишларим деярли тайёр эди. Бироқ талаблар ўзгаргани боис, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишимизга тўғри келади. Ҳозирча ҳаммаси жойида, деб айта олмайман. Чунки кутилмаганда, мени миллий терма жамоа бошқарувига тайинлашди ва масъулият ҳисси ўта юқори бўлган бу вазифада бош­қа юмушларга вақт топиш осон эмас. Илм соҳасидаги мақсадимни кейинроқ амалга ошираман, албатта.

- Жаҳон футболида ўзини ҳар томонлама кўрсата олган уч нафар энг яхши футболчи ва мураббийни кўрсатсангиз...


- Ўйинчилар - Месси, Суарес ва Роналду. Мураббийлар - Энрике, Гвардиола ва Аллегри.

- Ўзбекистон доирасида-чи?

- Бунисига жавоб беришим бироз ноқулай...

- Йўқса, олий лига-2015да сизга манзур бўлган футболчи ва мураббийларни эътироф этсангиз...

- Бу ерда ҳам нообъектив жавоб берсам, мени кечиришади, деб ўйлайман. Футболчилар - Сергеев, Лобанов ва Кримец. Мураббийлар - Ҳасанов, Бердиев ва Саидов. Улар деярли бар­қарор фаолият юритишди.

- Суҳбат учун катта раҳмат, Самвел Вячеславович! 2016 йил ҳаммамизга омад келтирсин, айниқса, олимпиячиларимизга!

- Фурсатдан фойдаланиб, ўзим ва фут­болчиларимиз номидан InterFutbol ўқувчилари, мухлисларимизга ҳамиша омад ва бахт ёр бўлишини тилайман. Ягона мақсадимиз - терма жамоа­ларимиз ўйинлари билан ишқибозларга завқ улашиш. Мухлислар, футболчилар, мутахассислар ва журналистлар - барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган термаларимиз ривожига хизмат қилайлик. Бир сўз билан айтганда, ҳамиша бирга бўлайлик, азизлар!

Хўжа АБДУЛАҲАД суҳбатлашди

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика