Latest news

02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  89 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  2

Рамон Кальдерон: “Реал” бир шаҳар билан эмас, муваффақиятлар билан боғланган” News

Рамон Кальдерон: “Реал” бир шаҳар билан эмас, муваффақиятлар билан боғланган”

“Реал” клуби собиқ президенти Рамон Кальдерон жамоанинг машҳурлиги, Криштиану Роналдунинг бошқалардан фарқи ва Зиданнинг қай тариқа мураббийлар штабига жалб қилингани, Мадрид клубидаги турли жиҳатлар тўғрисида берилган саволларга жавоб қайтарди.


Одамлар Шотландияда ҳам “Реал”ни жуда яхши билишади. Чунки жамоанинг рекламаси кучли ва улар Чемпионлар лигасида зафар қучишади. Лекин ёшлигингизда “Реал” қандай бўлганини бизга айта оласизми? Нима учун бу клубни ёқтиргансиз?

— Ўйлашимча, спортга қизиққан ҳар бир болакайга футбол ўйнаш, ғолиб жамоалар ва чиройли ўйнайдиганлар ёқади. Ёшлигимда “Реал” айнан шундай эди – болалар учун эътибор қилишга лойиқ.

Менинг шаҳрим жамоаси Испания чемпионати учинчи лигасида ўйнарди, “Реал” эса бутун дунёни ҳайратга соларди. Фуқаролар урушидан сўнг мамлакатда тартибсизлик, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳукм сурарди. Ўша пайтда жамоа Чемпионлар лигасида кетма-кет беш марта ғалаба қозонган. “Реал”рақобатга кириша оладиган жамоаларни мағлубиятга учратган. Англия, Франция, Германия ва Италия клубларини енгган. Биз ғалаба қозониб, совринларга эга чиққанмиз. “Реал”нинг афсонавий тарихи ўша пайтлардан бошланган.

Машҳур футболчилар Испанияга келишни бошлашган – ўша пайтларда бу қабул қилинмаган, ҳеч ким бундай қилмасди. Ди Стефано, Хенто, Пушкаш келганди. Кўпчилик ҳалигача “Айнтрахт”га қарши ўтказилган финални эслайди. 7:3 ҳисобида тугаган учрашувда Ди Стефано ва Пушкаш гол урганди.

Бу клуб қайсидир компания ёки бойга тегишли эмас. Хўжайинлар 93 киши ҳисобланади. Уларнинг 70 фоизи Мадриддан эмас, мен ҳам. Биз ўзимизни бирор шаҳарга боғламаймиз. “Барселона”, “Севилья” ёки “Ла Корунья” сингари. Биз ўзимизни муваффақият билан таништирамиз. Шу сабабли баъзи футболчилар “Реал”га ўтгандан кейин “Бернабеу”нинг реакциясини яхши тушунишмайди. Манчестерга борганимизда Роналду уч тўп киритган учрашувни эслайман. Мезбон ишқибозлар жамоалари мағлубиятга учраб турган ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлашда давом этишганди. Мадридда бундай вазиятда стадионда деярли бўш бўлиб қоларди. Биз айнан шу билан фарқланамиз. Одамлар стадионга яхши ўйнайдиган, голлар урадиган, чиройли комбинациялар уюштирадиган ва рақибни сояда қолдирадиган жамоани кўришни хоҳлашади. Шунинг учун Зидан ёки Роналдога ҳам ўз савиясида ўйнолмаган беллашувларда ҳуштак чалишган. Ҳатто Криштиану бир мавсумда ўртача 60та гол ураётган бўлишига қарамай, бу йил унга ҳуштак чалинган ҳолатларни кўрдик.

“Реал” атрофида ўзгача муҳит юзага келадиган бошқача жамоа. Баъзида бунга дош бериш лозим. Биз босимга дуч келганимизда мухлисларга Чемпионлар лигасидаги 7-совринни 32 йил кутишга тўғри келганини эслатаман. Европа майдонларида 32 йил бирор совринга эришмаганмиз. Бироқ афсона ҳеч қаерга ғойиб бўлмади. Одамларда биз ҳар йили соврин ютадигандек таассурот пайдо бўлган.

Охирги мавсумларда ғалабаларни қўлга киритдик. Клубимизнинг ғояси ҳам аслида дунёни ҳайратда қолдириш саналади, бизга йирик компаниялар пул ажратмайди. Вақтида биз деярли инқирозга киргандик. Кўпчилик бундан бехабар, 1999 йил шундай бўлган. Лекин биз машғулот мажмуасини сотдик, қарзларимиздан қутулдик ва футбол тарихидаги энг қизиқ моделни ишга туширдик. Аввалгидек афсона бўлишни истадик. Муваффақиятларга эришиш учун энг яхши ўйинчилар билан шартнома тузишга ўтдик. Бунинг ортидан реклама ва пуллар келарди. Фахрий футболчилардан қутулдик.Берндни илгари суриш ва совринларга эга чиқиш 2000 йилдан клубнинг ғоясига айланди. Клуб иқтисодий тарафдан яхши ташкил этилган. Чипталар сотуви, телевизион ҳуқуқлар ва ҳомийлик шартномаларидан деярли тенг миқдорда пул ишлаб топамиз. Даромаднинг 43 фоизи футболчилар маошига сарфланади.

Бу жуда кам.

— Шундай. Европада кўплаб клублар даромадининг 70 фоизини маошларга сарфлайди. Агар бу миқдор оширилса, клуб хавф остида қолади. Бизда эса атиги 47 фоизи, яна ўтган йили Чемпионлар лигасини ютган баскетбол жамоасини қўшганда. Бу идеал вазият. Клуб барқарор ва бизни ёрқин келажак кутмоқда. “Реал” тарихи учун ҳозир жуда яхши давр.

— Испанияда фуқаролар урушидан 15-20 йил ўтгач, яшаш қандай кечган? Кўпчилик бу қандай мамлакат ва Франко қўл остида қай тариқа ўзгарганини тушунмаган?

— Ўшанда бола эдим. Атрофда нима рўй бераётганини тушунмаганмиз. Дастлаб ҳаммаси яхши кечган. Урушдан сўнг барчаси ўзгарди. Ҳамма ишлаган тақдирда ҳаёт яхши бўлишини тушунди – янги уй ёки машина сотиб олиш мумкин. Франкодан кейин нима бўлишини кўпчилик англаб етмаганди. Биз барига ажойиб дош бердик, ўзгаришларга тайёр эдик. Қирол ҳам демократия учун кўп ишларни амалга оширди. Биз янги ҳаёт ва даврни бошладик. Қарама-қарши томонлар қўл ташлаб, ҳаётни ўзгартириш ва янги мамлакатни қуришга интилди. Ҳозир вазият анча яхши. Бир неча йил аввал бутунжаҳон инқирозидан азият чекдик, лекин умуман олганда ёмон яшамаяпмиз. Ўғлим Жанубий Америка, Ўрта Шарқ бўйлаб кўп саёҳат қилади. Уйга қайтганда Испания жуда чиройли ва ривожланган мамлакат эканини таъкидлайди. Мадрид эса ажойиб шаҳар. Мамлакатим билан жуда фахрланаман.

Ёш ишқибозлар учун Сантьяго Бернабеу стадионнинг номи холос. Бу инсон ҳақида айтиб берсангиз.

— “Реал”да у ҳамма эди – фақат футбол тўпи бўлмаган. Бернабеу барча нарсани қиларди: ўйнарди, шуғуллантирарди, директор ва президентга айланган. Узоқни кўра оладиган инсон эди. Бошқа бундай инсон бўлмаган. Урушдан сўнг иқтисодий вазият яхши эмасди, лекин у энг яхши футболчиларни олиб келиш кераклигини тушунган. Хорижликларни таклиф қилишга қарор этган. “Экип” билан бирга Чемпионлар Кубоги ташкил қилишни ўйлаб топган. “Реал”га каттароқ стадион зарурлигини англаб етган. Ўшанда янги стадион қуриш ҳозиргидан қийинроқ бўлган. Одамлар у буларни нега қилаётганини тушунишмаган. Бироқ унда кучли ақл бор эди ва Бернабеу “Реал” учун меҳнат қилган.

“Реал” фуқаролар урушидан катта жабр кўрган.

— Шубҳасиз.

Атлетик Бильбао ўшанда каттароқ бўлган, ҳатто “Барселона” ва “Атлетико” ҳам. Бернабеу келгунига қадар “Реал” ҳам шулар қаторида эди, бироқ улар ҳеч нарса юта олишмаганди.

— Тўғри. Ла Лигада чемпион бўлиш учун 17 йил кетган. Ўшанда Чемпионлар лигасини беш марта ютганмиз. Тасаввур қилишингиз мумкин, Испания европаликлар кўзида қандай кўринган – унчалик яхши эмас. Бизда ҳеч кимга ёқмаган диктатура ҳукмрон эди, бироқ Европада барчани доғда қолдирардик. Бернабуе имконсиз нарсани амалга оширган. У клубни худди оиласидек бошқарган. У футболчилар ва чет эллик ўйинчилар клуб рамзи ва ранглари нимани билдиришини тушуниб етишларини истаган. Ўшанда Альфредо Ди Стефано “Реал”га ўтган ва афсонамизга айланган. У клуб тарихидаги энг яхши футболчи. Майдонда истаган ишини қила оларди. Альфредо қизиқ одам бўлган. Кўп гапиришни ёқтирмасди. Яна унга ўзини бошқа футболчилар билан таққослашлари ёқмасди. Ди Стефано ва Бернабеу ажойиб ҳамкорлар бўлишган, охиригача. Кўп яхши футболчилар фаолиятларини тугатишни ҳеч қачон хоҳлашмайди. Улар ўзларини деярли ўлмайдигандек тасаввур қилишади. Якунда осон бўлмаган вазият юзага келган.

— Ди Стефанони ўғирлашганини биласизми?

— Биламан, унинг ўзи бир неча бор менга бу ҳақида гапириб берган.

— Венесуэлада озодлик жангчилари Ди Стефанонинг хонасига кириб, жаҳоннинг энг яхши футболчисини ўғирлаб кетишган.

— Ҳа, у 3-4 ҳафтача йўқ бўлган. Альфредо ўзини ўғирлаганлар билан қарта ўйнаганини гапириб берганди. Улар ваҳшийлик қилиш ниятида бўлмаганини айтган.

Уларда қурол бўлгандир?

— Ҳа, бўлган. Альфредо ўғриларнинг жуда яхши йигитлар эканини айтганди. Улар яхши муносабатда бўлишган. Шу сабабли Ди Стефано ўзини қўйиб юборишларини англаган. Балки, ўғриларнинг қўлида банди бўлиш барибир ёқимли эмас. У барча нарсаларни икир-чикиригача гапирмаган, аммо катта жабр кўрмаган бўлиши керак.

— Испанияликлар Бернабеу ва Ди Стефано туфайли Пако Хентодек қаҳрамонни унутишган деб ўйлайсизми?

— Ҳа, бу ҳақиқат. Шунчаки Пако ҳалигача жуда оддий бўлиб қолган. У ўзини қаҳрамондек тутмаган, аслида эса шундай бўлган.

У “Расинг”дан келган пайтлари жуда тез эмасди. Хенто тезлигини назорат ҳам қилолмасди, бурчакдаги байроқдан олдин тўхташга улгурмасди. Кейинроқ бу муаммони ҳал қилди. Унинг ортидан улгуриш жуда қийин эди, чунки Хенто жисмонан ажойиб кўрсаткичларга эга бўлган. Пушкаш “Реал”га ўтганда ажойиб ўйнаган ва кўплаб голлар урган, аммо Пако сингари тезкор футболчилар ўша пайтларда йўқ эди.

У футбол тарихида Европа Чемпионлар Кубогида олти марта зафар қучган ягона футболчи саналади.

— Ҳа. Охирги мавсумда у узун сочлар билан ўйнаганди. Бернабеуга бу ёқмаган, у футболчилар бундай кўринишини хоҳламасди. 1966-1998 йиллар оралиғида биз ҳеч нарса ютмадик, аммо одамлар “Реал”нинг афсонавий муваффақиятига ишонишарди.

Висенте Дель Боске тўғрисида айтиб берсангиз. “Реал” ҳозирги ҳолатига айнан Дель Боске мураббийликка келгандан сўнг эришди. У қандай футболчи бўлган, майдонда нималарни бажарган?

— У жамоага майдон марказида суръат қўшган, аммо ҳамиша хотиржамликни сақлаб, ўйин суръатини назорат қиларди. У билан бошқа футболчилар яхшироқ кўринарди. Дель Боске ўйин тақдирини ўзи ҳал қила оларди. Бирор нарса ўхшамаган паллада ҳамма кўзи билан Дель Боскени қидирарди, унга тўп оширишга интиларди. Эҳтимол, футболчи сифатида эътибор марказида бўлмагандир, аммо ўша ерда жамоадошлари пайдо бўлишига ёрдам берган.

“Реал”ни шунчаки ёқтирмайсиз, балки севгингизни ишга айлантиргансиз. Нега клуб президенти бўлишга қарор қилгансиз?

— Мен қарор қилмаганман. Бунга тайёр бўлиш ёки ҳаракат қилиш имконсиз. Барчаси аста-секин содир бўлади. Дастлаб мухлиссан, кейин клубга ишга кирасан. Жамоа ҳаётида қатнашасан, йиғилишларга борасан, директорлар билан мулоқот қиласан. Перес кетадиган пайт кўп директорлар номзодимни қўйишим лозимлигини таъкидлашди. Узоқ вақтдан бери клубда ишлаб кетишимни таъкидлашди. Сайловда ютқазишимга амин эдим, чунки рақобатчиларим кучли шахслар бўлиб, улардан бирини президентнинг ўзи ва клуб раҳбарияти қўллаб-қувватлаганди. Қандай ютганимни ҳалигача билмайман.

Ўшанда барчага дарҳол тушунтирдим: яхши нарсаларни қолдираман – кучли футболчилар билан шартнома тузиш, ҳомийларни жалб қилиш, совринлар ютиш. Бироқ ўшанда бир муҳим жиҳатни унутгандик: майдонда нималар бўлаётганига эътибор қаратиш лозим бўлганди. Ўйинчилар мени қўллаб-қувватлашди. Президентга айландим ва бир ойда жамоада 14 футболчи алмашди. Бунгача “Реал” тарихида илк бор уч мавсум совринсиз қолиб кетганди. Ўшанда Капеллони таклиф қилдим. Жамоада тартибни юзага келтирадиган мураббийга эҳтиёж сезгандик. Яна кийиниш хонасига футболчилар майдонга чиқишдан олдин ўқиши учун шундай сўзларни ёздириб қўйгандим: “Агар курашсак, ютишимиз мумкин. Акс ҳолда, ютқазиб бўлдик”. Асосий ғоям шунда эди. иқтидор ва техника етарли бўлмаса, кўпроқ нарса керак.

Капелло бундай муносабат учун энг кўп мос келади. У яхши футболчи ва кейин мураббий бўлган. Унда сиз айтган хусусиятлар мавжуд.

— Қўшиламан. Айтганча, мен “расмий” номзод эмасдим. Клуб элитаси, олий раҳбарият “Реал”ни ўзларига тегишли деб ҳисоблашарди. Таъсир ўтказувчи инсонларни бассейндаги акулага ўхшатаман. Бироқ демократиянинг устун тарафи шуки, унда овозларни сотиб олиб бўлмайди. Мен ҳуқуқшуносман, судда ҳимоя қиламан, аммо жамоа қуришни билмайман. Ҳозирги президент эса муҳандис. У туннел ва йўллар қуришни биларди, бироқ “Реал” сингари жамоани қура олмасди. Ўйинчилар ва уларнинг меҳнатини ҳурмат қилган ҳолда юқоридаги сабаб туфайли уч мавсум совринсиз қолгандик. Улар президент ва директорлар юзага келтирган даҳшатли тартибсизликдан азият чекишарди. Улар мавсумдаги охирги ўйингача қандай етиб келишгани мен учун тушунарсиз эди, тўғриси. Ўтган йилнинг июнида Анчелоттини айнан “Реал”га керакли мутахассис сифатида таъкидлашганди. Бироқ уни негадир ишдан бўшатишди. Бу президентга ҳам тушунарсиз бўлса керак. Матбуот анжуманида Пересдан нега Анчелоттини бўшатишгани тўғрисида савол беришганида у буни билмаслигини таъкидлаганди. Бу даҳшат, ахир.

Кейин турли мутахассисларни таклиф этишга уринишди: Клопп, Моуриньо, Лёв – улар рад жавобини беришди. Ўшанда клубга Бенитес келди. Рафининг пешонасига клубда кўп қолмаслиги ёзиб қўйилганди, ҳамма унинг яхши номзод эмаслигини биларди. Бироқ бошқа одамнинг ўзи йўқ эди. Декабрда президент Бенитес тўғри қарор эканлиги, “Реал” учун муаммо эмаслиги, Зиданнинг лавозимга тайинланиши кўриб чиқилмаслигини эълон қилди. 15 кундан кейин у умуман қарама-қарши нарсани гапирди. Ўшанда ўйинчилар нимани ҳис қилганини тасаввур этинг. Улар клубда нима юз бераётганини умуман тушунишмади. Зидан ягона аниқ номзод эди. Иккинчи дивизиондан кейин уни тайинлаш таваккал эди, лекин “Реал”га омад кулиб боқди.

Зидан жуда ақлли мураббий бўлиб чиқди. Ўйинчилар билан жуда яхши муносабатга киришади. У шогирдлари ўзини ҳурмат қилишин билади, ўтмишда ажойиб футболчи бўлган. Ишонаман, Зидан иккинчи лигадан кейин бирданига жиддий столга ўтиришга тайёр эмаслигини тушунган. Менга ҳадеб буни айтиш қўполлик эканини айтишган, аммо у иккинчи дивизиондан келган. Бу худди бирор ҳудуддаги кичик шаҳобча банк менежерининг бирданига “Banco Santander”нинг бош вакилларидан бириги айланишини билдиради! Ғалати эмасми?

Фаолиятда ажойиб кўтарилиш.

— Шундай. У ўзини жуда яхши тутди. Зидан ва жамоа – бир бутун. “Реал”нинг омади келди, бироқ бу катта ортга кетиш билан тугаши мумкин эди. Перес фаолиятининг бошида кўплаб яхши нарсаларни амалга оширганини гапирганман. “Реал” иқтисодий тарафдан қўрқинчли ҳолатда эди ва ҳеч ким буни Пересчалик яхши ҳал қила олмасди. У машғулот мажмуасини сотиб, қарзларни тўлади ва фойда олди ҳам. Клуб Фигу, Бекхэм, Роналдони сотиб олди. Бу мўжиза эди. Бироқ Перес муҳим нарсани ёддан чиқарди: ишини биладиган одамларга эркинлик бериш керак. Алоҳида нимадир қилишнинг ҳожати йўқ: “Севилья”даги Мончи каби профессионалларни топиш керак.

— Бироқ Бекхэм “Реал”га келган даврда клуб билан фақат Суперкубок ютди. Шундай футболчи клубдан совринларсиз қайтиб кетди.

— Бундай даражадаги профессионални топиш қийин. У охирги кунгача “Реал”даги мажбуриятларини бажарди. Бунинг учун ундан миннатдорман.

Сиз Игуаин, Пепе ва Марсело билан шартнома туздингиз. Улардан иккиси ҳалигача жамоанинг асосий футболчилари саналади.

— Яна Снейдер, Роббен, Каннаваро; ван Нистельрой билан фахрланаман. Бу футболчилар “Реал”нинг муваффақиятларида муҳим ўрин тутишди. Каннаваро бизга жаҳон чемпиони бўлгач, сардор ва “Олтин тўп” соҳиби сифатида ўтди. Ван Нистельрой шунчаки ажойиб ўйнади. Капелло Нистельрой билан шартнома тузилганда ҳайратда қолганди. Фабио Трезегени хоҳларди, “Ювентус”да бирга ишлаганди. Лекин Миятович Руудни танлаш кераклигини айтди. Мураббийлар ўзи биладиган футболчини истайди, бироқ жамоа учун голланд жуда мос келарди. Бу ажойиб танлов бўлган деб ҳисоблайман. У бутун кучини берди ва эътиборини ўйинга қаратди.

Бекхэм ва Нистельройни “Манчестер Юнайтед”дан сотиб олдингиз. Инглизлар билан ишлаш сизга ёққанми?

— Бу қийин кечган. Фергюсон Бекхэмни сотишни истамаган, худди Криштиану сингари. Биласизми, футбол жамият учун кўп нарсани англатади. Сизга бир воқеани айтиб бераман. Бекхэм билан шартнома тузганимизда унинг таништирувини соат 11да амалга оширишни истаганмиз. Шу пайтда Осиёда янгиликлар чиқарди, у бу ерда жуда машҳур эди. Бекхэмнинг таништирув маросимига минглаб журналистлар келишди. Шундай пайтда футбол ва Бекхэм каби инсонлар қанчалик муҳим эканини тушуниб етасан.

Бизнинг ғоямиз шунда эдики, футболчилар яхши бўлиши билан бирга мухлислар учун қизиқарли бўлиши ҳам лозим эди. Бироқ охирги пайтларда бу ҳақида унутиб қўйишди. Фергюсон Дэвидни сотишга қизиқмаганди. Нистельройдан қутулишни эса сэр Алекснинг ўзи истаганди. Унга 12 миллион фунт тўладик, бундай даражадаги футболчи учун кам маблағ. Роналдуни қўйиб юборишни хоҳлашмади, аммо топ-ўйинчилар ҳамиша қаерга исташса, ўша ерга ўтишади.

Робиньо билан шундай ҳолат юзага келганди. Криштиануни таклиф этишни хоҳлаган пайтимиз у офисга келди ва ўзини қўйиб юборишимизни талаб қилди. Роналду келса, у аввалгидек юлдуз саналмасди. Бундай пайтда президент футболчи эмас, биринчи навбатда инсон ҳақида ўйлаши даркор. Ўйинчи клубда қолишни хоҳламаса, уни қўйиб юбориш лозим. Шунда футболчи ва жамоа учун ҳам яхши бўлади. Бу қанча эртароқ бўлса, унинг учун шунча кўп пул олиш мумкин.

Криштиану Фергюсонга “Юнайтед”дан кетишни исташини айтганда сэр Алекс уни “Барселона”га таклиф қилган. Каталонияликлар бундан хурсанд бўлиб, яхши сумма таклиф этишган. Бироқ Роналдунинг ўзи гап пулларда эмаслиги, у фақат “Реал”га ўтишни хоҳлашини таъкидлаган. Аслида у Мадридга бир йил эртароқ келиши лозим эди. Бироқ Роналду қўнғироқ қилиб, вазиятни шундай тушунтирди: “Кечирасиз, жаноб президент, “Реал”га ҳозир ўта олмайман. Фергюсон, клуб ва ишқибозларни ташлаб кета олмайман. Фергюсон мен учун худди отадек, бу ерда ажойиб мавсумларни ўтказдим. Бу ерда мени ҳозирги даражадаги футболчига айлантиришди. Шу сабабли барчасини келаси йил ташкил қиламиз”. Биз шундай қилдик. У клуб билан “Реал”га ўтиши ҳақидаги бандни имзолади. Унинг учун 80 миллион фунт тўладик.

— Сизнингча, ўзининг “Реал”га қадри бўйича Роналду Ди Стефанодан унчалик ортда қолмайдими?

— У пайтларда футбол умуман бошқача бўлган. Таққослаш керак эмас. Бироқ жаҳонда энг яхши бўлиш ҳақида кўпроқ хоҳлайдиган бошқа бирор ўйинчини кўрмадим. Ҳар куни тонгда Роналду кечагидан яхшироқ бўлиш ҳақидаги ўй билан уйғонади. Бундай иштиёққа иқтидор, техникани қўшсанг – охирги ўн йилларда бошқа бирор футболчини топиб бўлмайди. Зидан, Марадона, Месси — ҳа, улар яхши футболчилар; бироқ мен футболга бундай муносабатда бўладиган одам йўқ деб ўйлайман. Менимча, Криштиануга бу мавсумда билдирилаётган танқидлар ўринсиз. Баъзан ҳаёт адолатсиз. Балки, гап мухлисларимиз клубни рамзи ёки ранги билан эмас, балки муваффақият билан боғлашлари бўлса керак.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика