Про лига. Мавсум сарҳисоби, томошабинлар, ТОП голлар ва мураббийлардан сара иқтибослар
03 dec 00:19
News
Про лига. Мавсум сарҳисоби, томошабинлар, ТОП голлар ва мураббийлардан сара иқтибослар
Ғолиб: "Машъал"
Муборакликлар мавсум давомида муҳим ўйинларни ўз фойдасига ҳал қилди ва уч йиллик танаффусдан сўнг ҳақли равишда Суперлига йўлланмасини қўлга киритди.
Суперлига иштирокчилари: "Машъал" ва "Бухоро"
Қашқадарё вилояти жамоасига сўнгги йилларда Суперлига ва Про лигада борди-келди қилиб келаётган "Бухоро" ҳамроҳлик қилади. Улуғбек Бакаев қўл остидаги жамоа аввалги мавсумлардаги муваффақиятсизликлардан керакли хулоса чиқариб олишган бўлса, ажабмас.
Плей-офф иштирокчилари: "Қўқон-1912" ва "Шўртан"
Ўтиш ўйинида Про Лигани 3-ўринда якунлаган "Қўқон-1912" ўз майдонида Суперлигада 13-ўринни эгаллаган "Металлург"ни қабул қилади. Про Лигада 4-ўри соҳиби бўлган "Шўртан" эса Суперлигада 12-ўринни қўлга киритган "Олимпик" билан баҳс олиб боради. Беллашувлар 4 декабрь, чоршанба куни ўтказилади. Мазкур ўйинларда мағлуб бўлган жамоалар эса охирги йўлланма учун яна ўз омадини синаб кўради.
Биринчи лигага тушиб кетган жамоа: "Дўстлик"
Про лига регламентига мувофиқ, лигада сўнгги ўринни эгаллаган Тошкент жамоаси кейинги мавсумни Биринчи лигада ўтказиши керак.
Энг кўп томошабин ташриф буюрган ўйин
27-тур
"Бухоро" — "Арал" 3:2 (6157 нафар томошабин)
Маълумот учун, ўтган мавсум Про лигада "Динамо" — "Локомотив" (0:0) учрашувига энг кўп томошабин (6800 нафар) ташриф буюрганди.
Энг кам томошабин ташриф буюрган ўйин
27-тур
"Дўстлик" — "Қўқон-1912" 0:1 (34 нафар томошабин)
Маълумот учун, ўтган мавсум Про лигада "Ғиждувон" — "Андижон-SGS" (3:1) учрашувига энг кам томошабин (89 нафар) ташриф буюрганди.
Тўпурарлар жадвали
ТОП-20 гол
Ҳумоюн Муртазоев ("Машъал" - "Арал")
Баҳром Абдураҳимов ("Арал" - "Қўқон-1912")
Нодир Мукаров ("Шўртан" - "Дўстлик")
Иброҳим Нўмонов ("Қўқон-1912" - "Хоразм")
Шаҳзод Тўропов ("Арал" - "Олимпик-MOBIUZ")
Абдуллоҳ Олимов ("Олимпик-MOBIUZ" - "Шўртан")
Ислом Шарипов ("Қўқон-1912" - "Дўстлик")
Шаҳзод Тўропов ("Дўстлик" - "Арал")
Жасур Холтўраев ("Шўртан" - "Хоразм")
Шаҳбоз Нуриддинов ("Шўртан" - "Машъал")
Шерзод Ғуломжонов ("Дўстлик" - "Хоразм")
Зулпуқар Куанишбаев ("Арал" - "Шўртан")
Муҳриддин Зоиров ("Шўртан" - "Қўқон-1912")
Шаҳбоз Нуриддинов ("Шўртан" - "Қўқон-1912")
Шаҳзод Бешимов ("Қўқон-1912" - "Дўстлик")
Нуржаҳон Музаффаров ("Машъал" - "Олимпик-MOBIUZ")
Далер Тухсанов ("Олимпик-MOBIUZ" - "Арал")
Ислом Шарипов ("Хоразм" - "Қўқон-1912")
Саламат Қутибоев ("Арал" - "Шўртан")
Жавоҳир Алижонов ("Олимпик-MOBIUZ" - "Дўстлик")
+бонус
Доминик Бегич ("Бухоро" - "Арал")
Мавсум давомида мураббийлардан эсда қоларли иқтибослар
Асрор Алиқулов ("Машъал" бош мураббийи)
Ҳужумчи охирги зарбани йўллашни биринчи мақсад деб билиши керак.
Клуб мавқеидан келиб чиқиб, кураш олиб борамиз. Бизда кам маош олаётган, етарли ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчилар бор, бироқ бу бизни қизиқтирмайди, охиригача курашамиз.
"Машъал"нинг ўйин стратегияси фақат натижага қаратилмаган. Бизда яхши футболчиларни етиштириб, бошқа жамоаларга трансфер қилиш ҳам вазифаси қўйилган. Агар тўлиқ натижага эътибор қаратиб қолсак, ўйин сифати бўлмаса, футболчиларимизга атрофдан қизиқиш бўлмайди.
Футбол – бу маданият.
Нукусда футболни яхши кўришади. Бироқ, жамоа ўз ўйинларини сунъий стадионда ўтказаяпти. Бундай майдонда жароҳат олиш даражаси жуда юқори бўлади. Кийиниш хонасида кўрдим, футболчиларнинг оёқлари шилиниб кетибди.
Йиллар давомида машғулотларда ишлайсиз, лекин футболчилар оддий вазиятларда ҳам хатоликларга йўл қўйса, бу ҳолат, албатта, сизни асабийлаштиради.
Қандай спорт бўлишидан қатъий назар барча ғалабани кўзлайди.
Ҳомийимиз бизни қўллаб-қувватлаяпти. "Машъал" ҳаққоний равишда Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Ўйлайманки, жамоа Суперлигага муносиб. Бу хурсандчиликни тортиб олиш нотўғри деб ўйлайман.
Ҳозир Про лига ва Суперлига ўртасидаги тафовут сезилиб турибди. Сезилиб турибдики, Про лигадаги айрим футболчилар Суперлигада қўним тополмаган ўйинчилардир. Яхши савияга эга маҳаллий футболчини топиш мушкул. Шунинг учун ҳар бир жамоа легионерлар хизматидан фойдаланмоқда.
Улуғбек Бакаев ("Бухоро" бош мураббийи)
Ҳар бир мураббийнинг ўз тактикаси, фалсафаси, қарашлари бор.
Ўтган мавсум қуйи лигага тушиб кетдик. Бундан кўринадики, жамоамиз кучсиз эди. Жорий йил клуб раҳбарияти Суперлигага чиқиш вазифасини қўйган.
Футбол эмоцияларга бой ўйин. Айнан эмоциялар футболни янада жозибали қилади. Нейтрал ҳолатда Европа футболини кўринг, етарлича эмоцияларни топасиз.
Бугунги форвардлар муаммосининг сабаби нимада? Биринчидан, дарвоза олдида вазиятларни голга айлантириш, ҳужумчилар устида кам ишланмоқда. Иккинчидан, совуққонликнинг етишмаслиги. Учинчиси футболимиз ўсганлиги.
"Бухоро" клуби Суперлигага қайтгани муносабати билан шогирдларим, мураббийлар штаби, клубда иш олиб борган барча, ошпаздан тортиб ҳайдовчиларгача, вилоят раҳбари, бошқа раҳбарлар ва Бухоро халқига, мухлисларига миннатдорчилик билдираман ва табриклайман!
Баҳром Ҳайдаров ("Қўқон-1912" бош мураббийи)
Ғалабани истаган жамоа шунга яраша ҳаракат қилиши керак. Иштиёқ бўлса, ҳар қандай рақибни мағлуб этиш мумкин.
Дуранглар ҳам биз учун ёмон натижага айланиб қолаяпти. Биз ҳеч қачон дуранг натижадан қониқмаймиз.
Эътибор берган бўлсангиз, иккинчи даврадаги "Бухоро"га мағлуб бўлган ўйинимиздан ташқари қолган барча баҳсларда биз устунлик қиляпмиз, аммо эътиборсизлик туфайли кўп гол ўтказиб юборяпмиз.
Анвар Бердиев ("Шўртан" бош мураббийи)
Футболчи ўйин давомида карточка олади, бу нормал ҳолат. Лекин ҳакам билан тортишиб карточка олишни қаттиқ қоралайман.
Бизга нима халақит берарди, рақиб жамоа-да!
Муваффақиятсизликни ҳамма вақт омад билан боғлаш тўғри бўлмайди. Омад кучлилар томонда бўлади.
Ҳар бир ўйин ортда қолганидан сўнг тарихга айланади.
Ҳозир бизнинг футболда ривожланиш бор. Академиялар ишлаяпти, иқтидорли ёшлар жуда кўп. Тез орада Холмуродов, Солиев, Исоқовлар каби кучли ҳужумчилар футбол жамоаларида пайдо бўлишига ишонаман.
Тўғриси, маҳаллий футболчиларга ишонч билдираман. Легионерлар билан ишлаш ҳоҳлайсизми-йўқми қийин. Маҳаллий футболчиларга кўпроқ имкон берсак, бу футболимиз учун фойдали бўлади.
Футболчилик вақтимда кўрганман, легионер футболчилар камдан-кам ҳолатда жамоа учун жон куйдириб ўйнайди.
Ўз кучига ишонган футболчи рақибнинг ҳам кучини ҳисобга олиши керак.
Неъматилло Қуттибоев ("Арал" бош мураббийи)
Дарвозамизга киритилган голлар тушунарсиз бўлди.
Ўғлимни Суперлига клублари чақиришмаяпти. Таклиф бўлса, албатта, қўйиб юборамиз.
Ҳозир 2008 йилда туғилган футболчилар орасида терма жамоада ўйнаётган ёш футболчилар бор. Балки шулардан яхши ҳужумчи чиқар деб умид қиламиз.
Ўйинда ғалаба қозониш учун гол уриш керак, бироқ ҳозир жамоада гол урадиган футболчини топа олмаяпмиз.
Ҳаким Фузайлов ("Хоразм" бош мураббийи)
Ҳали олдинлар кетма-кет очколар қўлга киритиладиган ўйинлар келади.
Аниқ эслолмайман, бир вақтлар "Хива" жамоаси билан Хоразмда ўйнаганман. Ўшанда бу ердаги майдон сунъий эди. Балки Хоразмдаги иқлим табиий майдон ривожи учун халақит берар, билмадим.
Жамоа натижа кўрсата олмаса, бунга бош мураббий жавоб беради.
Фарҳод Нишонов ("Олимпик MobiUz" бош мураббийи)
Таркибимиз ёш, асосан 2006-2007 йилларда туғилган футболчилар ўйнаяпти. Кейин улар турли академиялардан жалб этилган. Ўзаро бир-бирларини тушунишга вақт керак. Кейин бу ёшдаги футболчиларда ҳаяжон ҳам кучли бўлади.
Футболда омаднинг ўрни ҳамиша муҳим.
Кузатиб турдим, футболчиларим ўйин давомида 12 километрдан кўпроқ югуришди.
Мақсадни улкан олганмиз. Мақсадимиз терма жамоага муносиб номзодлар тарбиялаш, келгусида олимпия терма жамоамиз йиғинларида асосий ўзак футболчиларни етказиб беришдан иборат.
Суперлига бўлсин, Про лига бўлсин, ҳамма ўзи учун, натижа учун ўйнаяпти. Ҳеч ким мухлислар учун футбол ўйнагани йўқ. Бу жуда ёмон. Мухлис нима учун ўйинларни кўриш учун келмаяпти? Бўш трибуналарда футбол ўйнаш футболчиларга қизиқ эмас. Суперлига ва Про лига баҳсларини кўряпмиз, мухлислар йўқ. Бир нафар мухлисимиз бўлса, биз ўша мухлис учун чиройли футбол кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Натижага чиройли футбол орқали эришмоқчимиз. Тан олишимиз керак, бу йўқолиб кетаётган нарса. Мухлислар ҳозир футболга эмас, 10 карра кўпроқ пул сарфлаб, тоққа бориб дам оляпти. Биз мухлислар футболга келиб роҳат олишларини хоҳлаган бўлардик.
Алексей Евстафеев ("Дўстлик" бош мураббийи)
Мағлубиятга учрадикми, демак қаердадир яхши иш олиб бормадик.
Хатолар тажрибасизлик ва маҳорат етишмаслигидан келиб чиқади.
Умуман олганда биз машғулот олиб борадиган стадион ҳам бундан зўр эмас. Майдон барча учун бир хил, шунчаки ўйнаш керак.
Бизда ким тайёр бўлса, ўша майдонга тушади.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Comments