Latest news

10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  3 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  9 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  7 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  115 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  9

“Penalty”: Артур Геворкян: “Пенальти бу лотерея” News

“Penalty”: Артур Геворкян: “Пенальти бу лотерея”

Қисқа танаффусдан сўнг лойиҳамиз яна давом этади. Навбатдаги меҳмонимиз Қаршининг “Насаф” клуби ярим ҳимоячиси Артур Геворкян бўлди.

Туркманистонлик футболчи бир неча йиллардан буён юртимизда фаолият олиб бораётган энг кучли легионерлардан бири ҳисобланади. Суҳбат жараёнида Геворкян анча ҳазилкаш инсонлигини намойиш қилди.

Матлуба Саъдуллаева: Болалик ва футболга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз...
- Ёшлигимдан гимнастика билан шуғулланиб юрардим. 2 синфга қадар гимнастикага қатнашардим. Аммо кейин футболни яхши кўриб қолиб футболга ҳам қатнай бошлагандим. Биринчи мураббийим - Борис Осипович Григорян. “Ниса” футбол мактабида менга таҳсил берганлар, биз шаҳарлар, мамлакатлар бўйлаб мусоабқаларда қатнашардик. Бизга эътибор яхши эди. 


Нарзулла Сайдуллаев: Дастлабки профессионал клубингиз ҳақида...
-  Ёшлигимда “Ниса” клубида ўйнардим. Тез орада “Шагадам” клубига кўчиб ўтдим. Профессионал фаолиятимни айнан шу клубда бошлаганман десам бўлади. Иккала клубдан ҳам яхши хотиралар қолган.  

Матлуба: Нима учун айнан футболни танлагансиз? Бошқа қайси касбда ўзизни тасаввур қила оласиз?
- Тўғриси бошқа касбда ўзимни тасаввур қила олмайман. Хатто ёшлигимда ҳам гимнастикага қатнаган бўлсам ҳам ўзимни гимнастикада тасаввур қила олмаганман. Ҳозир қайси касбда ишлай олардим? Овқат тайёрлашдан кўра уни истеъмол қилишни яхши эплайман (кулади).

Нарзулла: “Есиль-Богатир” ва “Ашгабат”даги фаолиятингиз ҳақида.
- Қозоғистонга 20 ёшимда кўчиб ўтгандим. Бош мураббий Ойрат Садуов Батаевич эди. Ўша ерда Зайниддин Тожиев ва Рустам Шоймардонов билан танишгандим. Ўша пайтда Қозоғистонда 3 нафар легионер ўйнаши мумкин эди. Жамоамизда эса 5та легионер бор эди. “Есиль-Богатир”да ёш бўлганим учунми кам майдонга тушардим. 2006 йил “Ашгабат”га кўчиб ўтгандим. Уларнинг Туркиядаги йиғинига бориб кўрикдан ўтиб жамоа аъзосига айлангандим. У ерда ҳам фаолиятим қисқа бўлган. 


Матлуба: Футбол ва оила. Ўз оилангиз ҳақида гапириб беринг.
- 2007 йил турмуш қурганман. Рафиқам билан анча олдин танишиб гаплашиб юрардик. Иккита ўғлим бор. Турмуш ўртоғим мени тушунади, футболни яхши кўради. Доим қийин ҳолатда мени қўллаб-қувватлайди. Фарзандларим футбол мактабига қатнашишмоқда. Келажакда улардан футболчи чиқса бундан албатта хурсанд бўламан.

Нарзулла: “Шўртан”га қандай қилиб келиб қолгансиз? Ғузордаги 3 йиллик фаолиятингиз ҳақида гапириб беринг.
- Ўшанда жамоага мени Сеид Сеидов таклиф қилганди. Унинг қўл остида “Ниса”да ўйнагандим, менинг имкониятларимни биларди. Ғузордаги фаолиятим яхши кечган. Икки йил давомида сардор бўлгандим. Яхши футболчилар билан ўйнагандик. Таркибда Мухтор Қурбонов, Элшан Гамбаров, Андрей Власичев каби футболчилар бор эди. Жамоа қандай қилиб чемпион бўла олмаганимизга ҳайронман (кулади)

Матлуба: Футболда чаққонлик жуда муҳим ҳисобланади. Йиллар ўтгани сари ўз формангизни ушлаб қолиш учун айнан нималарга эътибор қилиш керак?
- Фақат машғулот ва меҳнат орқали. Европа чемпионлар лигасида 39-40 ёшли футболчилар ўйнашларини кўрамиз. Барчаси футболчининг профессионаллигига боғлиқ. Агар барчасини тўғри қилинса ёш иккинчи планга тушади. Барча ўз организмини яхши билади. 


Нарзулла: “Пахтакор”га ўтиш ва у ердаги фаолият ҳақида. Омадсиз бўлганми?
- Самвел Бабаян мени “Пахтакор”га таклиф қилганди. У ерда бир йил ўйнадим. Фаолиятимда илк бор Осиё чемпионлар лигасида тўп тепишга муваффақ бўлганман. Таркибда Одил Аҳмедов, Александр Гейнрих каби футболчилар бор эди. Шу сабабли ҳам жамоада етакчи бўла олмагандирман. Трансфер омадсиз  бўлган дея олмайман. Аксинча, ўша йил менинг фаолиятимда омадсиз эмас, бурилиш нуқтаси бўлган дейман.

Матлуба: Ўзбекистон ва Туркманистон футболининг фарқли ва ўхшаш томонлари нимада?
- Албатта барча мамлактларда футбол фарқланади. Аммо айнан қайси жиҳатлари эканини айта олмайман. Аммо фарқи борлиги аниқ. Ўйинларни кўриб шундай фикрга келганман.

Нарзулла: “Насаф”га сизни ким таклиф қилган. Ўша пайтда сизда бошқа таклифлар бўлганми?
- Рўзиқул Бердиев. Ўшанда жамоада Анатолий Демьяненко бош мураббий эди. Бердиев эса ёрдамчи мураббий бўлиб ишларди. Мураббийлар томонидан менга ишонч борлигини сезганим учун ҳам “Насаф”га ўтишга қарор қилгандим. Хориждан аниқ таклифлар бўлмаган, тўғри Қозоғистондан таклиф бўлганди, аммо бу вариантни кўриб чиқмагандим. Ўзбекистондан ҳам таклифлар бўлган аммо қайси клублардан эканини айтмаганим маъқул. 


Матлуба: Сиз кўп пенальти тепасиз ва деярли доим гол урасиз. Бунинг сири борми?
- Албатта доим сири бўлади. Бу аввало лотерея. Тажриба ҳам муҳим роль ўйнайди. Пенальти тепиш вақтида устунлик тўпнинг ёнидаги футболчи томонида бўлади. Хатто футбол юлдузлари ҳам пенальтидан гол ура олмай қолган ҳолатлар кўп бўлади. 11 метрли жарима тўпига яқинлашган ўйинчининг асаблари ҳам жойида бўлиши керак. Барча сири шу.

Нарзулла: ОФК кубоги-2011 ҳақида рақиблар, мусобақа ҳақида.
- Ўша йил жамоамиз 3та мусобақада иштирок этганди. Олдимизга катта мақсадлар қўйилганди. Кучли мураббий ва маҳоратли футболчилар йиғилганди. Олий лигада кумуш медалларига эга чиққандик. Ўша мавсум жуда оғир бўлганди. Мен ҳеч қачон 2011 йилни унутмайман. ОФК кубоги финал ўйини ўз уйимизда бўлгани жуда катта роль ўйнаганди. Ўз мухлисларимиз олдида мағлуб бўлишга ҳаққимиз ҳам йўқ эди. Стадионнинг тўлиб тошгани барчамизга қўшимча куч бағишлаганди. Ярим финалда Иорданиянинг “Ал Виҳдат” клубига қарши ўйнагандик. Ўша рақиб бизга жуда ҳам қийинчилик туғдирган эди. “Виҳдат” хатто финалдаги рақибимиз бўлган “Қувайт СК”дан ҳам кучли туюлганди. Бундан ташқари чорак финалдаги рақибимиз “Чонбури” ҳам ёмон жамоа эмасди. 


Матлуба: "Насаф"даги энг ҳазилкаш, ақлли ва жаҳлдор футболчилар ким?
- Ҳазилкаш бу Эркин Бойдуллаев (кулади). Буни сизга барча айтиши мумкин. Сабаби у биргина ҳазили билан барчанинг кайфиятини кўтара олади. Чарчаб турганимизда Эркин бизга жуда катта ёрдам беради. Ақлли футболчи ким? Мақсуд Каримовни ақлли эмас айёр деган бўлардим (кулади). Сабаби у жуда кам гапиради. Жаҳлдор – Ҳамза Каримов. Ютқазаётганимизда у жуда ҳам ғазабланади, ютқазишни ёқтирмайди.

Нарзулла: Туркманистон терма жамоаси Осиё кубоги, Жаҳон чемпионати саралашида яхши натижа кўрсатиши учун нималар қилиш керак?
- Айни пайтда Туркманистон футболида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Таркибнинг 70-80 фоизи ёшлардан иборат. Умид қиламизки мана шу ёшлар ўзларини кўрсатиб келажакда қитъа чемпионатларида иштирок этишади. Эрон билан ўйин келажакка умид билан қараш мумкинлигини исботлаб берди. Фақат бунинг учун меҳнат қилиш керак. Туркманистон менинг она ватаним қачондир терма жамоани Осиё чемпионатида кўришни истайман. 


Матлуба: Ҳаётдаги ва футболдаги шиорингиз қандай?
- Шиорим олға, олға ва доимо олға. Ҳаётим бу футбол. Шу боис ҳаётий ва футболдаги шиорим битта. Ўз олдимга янгидан-янги мақсадлар қўйиб боравераман.

Нарзулла: Олий лигадаги дастлабки пенальтини қачон ва қайси ўйинда тепгансиз?
- Сизда жавоби йўқми мободо (кулади). Менимча “Шўртан”да тепгандим.
- 2007 йил "Шўртан" - "Қурувчи" учрашувида пенальтини ноаниқ амалга оширган экансиз. 2009 йилда ҳам “Шўртан” сафида пенальтидан гол ура олмагансиз.
- Қизиқ ҳолат. “Шўртан”да икки марта пенальти тепиб иккаласини ҳам ура олмаган эканман. Қандайдир ёқимсиз маълумот эканми (кулади).

Матлуба: Мағлубиятлардан сўнг руҳан қай тарзда тикланасиз?
- Бу борада оилам менга ёрдам беради. Ёмон кафиятни уйга олиб кирмасликка уринаман. Оилам, фарзандларим менга барчасини унутишга ёрдам беришади. Оилам – қўрғоним. 


Нарзулла: Ўзингиз борган мамлакатлар ичида энг ҳайратланарлиси қайси бўлган?
- Гонгконг! Сабаби у ерда барчаси ажойиб эди, шаҳар жуда ҳам тоза эди. Баланд бинолар, йўллар бу шунчаки фантастик эди. Тасаввур қилинг машинада кўприкнинг устидан кетаяпсиз ёнингизда эса бинонинг 13-қавати турибди (кулади). Бир сўз билан айтганда ажойиб эди.

Матлуба: Тасаввур қилинг сиз футболчиликни тугатдингиз. Режаларингиз қандай?
- Ҳозирча футболчиликни тугатиш ҳақида ўйлаётганим йўқ. Буни тўғриси ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ўзимни мураббий сифатида тасаввур қила олмайман. Балки футбол тизимида қоларман, клубдами ёки бошқа жойдами. Футболдан шунчаки кечиб кета олмайман. Мураббий бўлмайман дедим, аммо бир кун келиб ҳаёт чархпалаги айланиб кетиб мураббий бўлиб қолса шу интервьюни кўрсатиб мана мураббий бўлмайман дегандингизку деб айтишмасин (кулади). Шу боис ҳеч қачон, ҳеч қачон дема.

Нарзулла: Футболчиликда ҳозирга қадар эришмаган энг асосий учта орзуингиз қайси?
- Чемпионлик, кубок ва ...  
- Учинчиси “Олтин тўп”ми?
- (кулади) Ҳа шундай деса ҳам бўлади. Жиддий айтсак шунча йилдан буён Ўзбекистонда ўйнаяпман чемпион бўлиш ва кубок соҳиби бўлиш насиб қилмаган. Бу йил ҳеч бўлмаса биттасини ютиш учун яхши имкониятимиз бор.


Матлуба: Футбол журналисти бўлиб қолсангиз қайси футболчига, қандай савол берган бўлардингиз?
- Мессидан буларнинг барчаси қандай қилаётганини сўрардим. Машғулотларда нималар қилаётгани ҳақида савол берардим. Шунча йиллар давомида фантастик формада қолишнинг сири ҳақида сўраган бўлардим.

Нарзулла: Лойиҳамизнинг анъанавий саволи: Ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси.
- ОФК кубоги чорак финалида “Чонбури”га қарши ўйинда пенальтилар серияси бўлганди. Ўшанда мен нуқтага бешинчи бўлиб яқинлашиб пенальтидан гол ура олмаганман. Муроджон Зуҳуров рақибнинг зарбасини қайтариб мени ҳам, жамоани ҳам қутқарганди. Хориждан эса яқиндагина БААнинг “Ал Аҳли” клуби ОЧЛ чорак финали жавоб ўйинида Аҳмад Ҳалил “Нафт Теҳрон”га қарши баҳсда пенальтини Паненка услубида тепди. Балки бу оддий кўринар, аммо шундай маъсулиятли дамда шундай совуққонлик билан 11 метрли жарима тўпини тепишни ҳамма ҳам эплай олмайди.

Матлуба Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди.
Фото: Шаҳбоз Беғамов


Rating: +11   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика