"Пахтакор" – "Нефтчи" ва бошқа учрашувлардаги хатолар. Суперлиганинг 21-турида ҳакамлик таҳлили
17 sep 10:11
News


"Пахтакор" – "Нефтчи" ва бошқа учрашувлардаги хатолар. Суперлиганинг 21-турида ҳакамлик таҳлили
✅ "Машъал" - "Шўртан"
Мутлақо нормал спортга хос кураш содир бўлган. "Машъал" жамоаси ўйинчиси "елкама-елка" усулида ўйнаяпти, тўп ўйин масофасида турибди. Бизнинг фикримизча, ҳакам ўйинни давом эттиришга қарор қилиб, тўғри йўл тутди.
✅❌ "Машъал" - "Шўртан"
Майдон марказидаги икки ўйинчи ўртасидаги тўқнашув бутунлай ўйин доирасида: иккала ўйинчи ҳам тўпга қараган, уларнинг йўналишлари кесишди, аммо ҳеч ким қоидани бузмади. Жарима майдонида эса, бизнинг фикримизча, ҳакам "Машъал" дарвозасига пенальти белгилаб хато қилган. Дарвозабон тўпга ўйнади, сўнгра ҳужумчи билан енгил ва муқаррар тўқнашув юз берди. Ушбу ҳолат бўйича хулосамиз – ўйинни давом эттириш керак эди.
✅ "Машъал" - "Шўртан"
"Шўртан" ўйинчиси тўпга биринчи етиб борди. У дарвозага зарба берганидан сўнг (яъни ҳаракатни тўлиқ тугатганидан кейин), дарвозабон унинг бошига енгил тегиб ўтди. Бу вазиятда қўпол ўйин ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас, шунинг учун ҳакам ўйинни тўғри давом эттирди деб ҳисоблаймиз.
✅ "Машъал" - "Шўртан"
Бизнингча, ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор қабул қилди. "Машъал" жамоаси футболчиси эътиборини тўпга қаратган эди, шундан сўнг тўп унинг қўлига тегиб кетди. Бу ҳолат қоидабузарлик ҳисобланмайди.
✅ "Сўғдиёна" - ОКМК
Бу ерда ҳам ҳакамнинг хатосини кўрмаяпмиз. "Сўғдиёна" ўйинчиси тўпни рақибдан ўтказмоқда, ОКМК дарвозабони икки оёқда туриб, тўқнашувдан қочишга уринмоқда. Тўқнашув ташаббускори ҳужумчи ҳисобланади. Тўғри қарор – ўйинни давом эттириш.
❌ "Сўғдиёна" - ОКМК
ОКМК ўйинчиси тактик хато қилиб, рақибини қўллари билан ушлаб олди ва унинг ҳаракатланишига жиддий тўсқинлик қилди. Фикримизча, ҳакам бу вазиятда жарима зарбаси белгиламасдан хатога йўл қўйди. VAR тизими ҳолатга аралашиб, бош ҳакамни монитор олдига таклиф қилиши лозим эди.
P.S. Ушбу эпизоддан сўнг ОКМК тезда ҳужум уюштириб, рақиб дарвозасини ишғол қилди. Гол бекор қилиниши керак эди.
❌ "Навбаҳор" - "Сурхон"
"Навбаҳор" ҳимоячиси тўпга қўл билан ўйнамоқда. Қўл танани ғайритабиий тарзда кенгайтирган ва танадан узоқда турибди. Бизнинг фикримизча, видео ёрдамчи бош ҳакамни такрорий вазиятни кўриб чиқиш учун таклиф этиши лозим эди. Тўғри қарор – интизомий чоралар қўлламасдан пенальти белгилаш.
✅ "Пахтакор" - "Нефтчи"
Дастлаб ҳакам "Пахтакор" ўйинчисининг қўпол ва тажовузкор хатти-ҳаракатини қайд этмай, хатога йўл қўйди. У рақибининг юзига тирсаги билан зарба берган эди. ВАР вазиятга тўғри аралашди. Тўғри қарор – жарима зарбаси ва қизил карточка.
✅ "Пахтакор" - "Нефтчи"
Бу ерда ҳам, бизнинг фикримизча, ҳакам хатога йўл қўйди. "Нефтчи" ҳимоячиси тўпга ўйнамасдан, оёқ қўйиб, рақибини йиқитди. ВАР яна тўғри аралашиб, ҳакамни видеотакрорни кўришга таклиф этди. Пенальти тўғри белгиланди.
✅ "Пахтакор" - "Нефтчи"
Ҳакам ўйинни тўғри давом эттирди. "Пахтакор" ҳимоячисининг қўли танани ғайритабиий катталаштирмади, балки танага яқин жойлашганди. Агар қўл бўлмаганида, тўп ҳимоячининг танасига теккан бўлар эди.
❌ "Пахтакор" - "Нефтчи"
"Нефтчи" ўйинчиси қўли билан рақибнинг юзига уриб, эҳтиётсиз равишда қўпол хато қилди. Тўғри қарор – жарима зарбаси ва сариқ карточка.
❌ "Пахтакор" - "Нефтчи"
Ҳакам "Нефтчи" ўйинчисига қўпол ҳаракати учун сариқ карточка кўрсатмагани хато бўлди. У яккама-якка курашга киришаётганда, эҳтимолий оқибатларни ҳисобга олмай, дарвозабонга хавфли тарзда ҳужум қилди. Тўғри қарор жарима зарбаси билан бирга сариқ карточка кўрсатиш эди.
✅ "Қўқон-1912" - "Қизилқум"
Ҳакам "Қизилқум" дарвозасига пенальти белгилашда тўғри қарор қабул қилди. Ҳимоячининг қўли табиий бўлмаган тарзда тана майдонини кенгайтирган, қўлнинг тўп томон ҳаракати ҳам кузатилган.
✅ "Қўқон-1912" - "Қизилқум"
"Қизилқум" футболчиси тўпга ўйнашга уринмасдан, атайлаб рақибнинг орқасидан оёғининг ҳимоясиз қисмига зарба берди. Унинг ҳаракатларини тажовузкор деб баҳолаш мумкин. Бундай вазиятлар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бизнинг фикримизча, ҳакам қизил карточка ўрнига сариқ карточка кўрсатиб, хато қилди. ВАР вазиятга тўғри аралашди.
✅ "Бунёдкор" - "Хоразм"
Дарвозабон тўпга ўйнамай, эҳтиётсизлик билан рақибнинг юзига қўли билан уриб юборди. Бизнинг фикримизча, тўғри қарор – пенальти белгилаш ва дарвозабонга сариқ карточка кўрсатиш. ВАР тўғри аралашади.
Шу тариқа, Суперлиганинг 21-тур ўйинларида ҳакамлар 6 та хатога йўл қўйди.
Similar news

Comments