Latest news

17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39Суперлига. "Андижон" - "Динамо" (матнли трансляция)  2 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  14 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  25 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7

"Николич олдига бориб мени ижарага беришларини сўрадим" - Жасур Жалолиддинов билан катта суҳбат News

"Николич олдига бориб мени ижарага беришларини сўрадим" - Жасур Жалолиддинов билан катта суҳбат

Россиянинг matchtv.ru сайти ҳамюртимиз, ижарада асосида Москванинг "Локомотив" клубидан "Тамбов"га ўтган Жасур Жалолиддинов билан суҳбат уюштирди.

Ўзбекистон терма жамоасининг 18 ёшли ярим ҳимоячиси Жалолиддинов Марко Николич қўл остидаги "Локомотив"нинг янги мавсум олдидан илк трансфери бўлди. Футболчимиз вакили Юрий Белоус Жасур "Бунёдкор"дан "Локомотив"га кўчиб ўтаётган маҳал matchtv.ru сайтига интервью бериб, "Жасурни ҳали кўрасизлар, у Жоао Мариодан кучли бўлади" деб айтганди.

Лекин matchtv.ru таърифига кўра, "ўзбекистонлик Месси" москвалик "темирйўлчилар" сафида ўйнай олмади. Клуб август охирларида уни РПЛ қайдномасидан ўтказиб, негадир орадан бир ой ўтгач яна чиқариб ташлади. Натижада Жалолиддинов ижара бўйича "Тамбов"га кетишга мажбур бўлди. Ёш футболчи янги жамоаси сафида дебют учрашувини Кубок доирасида "Динамо" Брянск клубига қарши ўтказди. Яқинда эса у matchtv.ru сайти меҳмони бўлди.

- Мен учун Кубок ўйинида тушишми ёки чемпионат баҳсидами, бунинг фарқи йўқ эди, асосийси майдонга тушсам бўлди эди, - дейди Жасур Жалолиддинов "Тамбов"даги дебютидан сўнг. - Уч ойга яқин ўйнамадим, лекин майдонга тушаётганимда умуман ҳаяжон ҳис қилмадим. Бу жамоада мени яхши қабул қилишгани билан боғлиқ деб ўйлайман. Шунчаки майдонга чиқдим ва ўз ўйинимни кўрсатдим. 


- Ўйинингизни Сергев Первушин ("Тамбов" бош мураббийи) қандай баҳолади?

- Деталлар ҳақида гаплашмадик, лекин мураббий дебютим билан табриклади. Ўзим қандай ўйлайман? Менимча, ёмон ҳаракат қилмадим, энди Россия чемпионатидаги дебютим ҳақида ўйлаяпман. 


- Россияга келган пайтингиз ҳаммаси шундай тус олишини, яъни "Локо"да эмас, "Тамбов"да ўйнашни кутганмидингиз? 

- Йўқ. Лекин ҳаётда ҳамма нарса рўй беради. Ҳозир эса ўйин амалиёти олганимдан хурсандман. Тўғрисини айтсам, ўзим Николич ("Локомотив" бош мураббийи) олдига бориб мени ижарага беришларини сўрадим.


- Хўш, мураббий нима деди?

- Кўпроқ ўйнашим кераклигини у ҳам тушунди. Ахир ҳар бир мураббий футболчининг ўсишини хоҳлайди. Раҳбарият охиригача ўйлаб якунда мени қўйиб юборишга қарор қилди. Бу ўз навбатида ҳаммамиз учун яхши бўлди.


- "Локомотив"да ўйнамаган пайтингиз кўнгилдан нималар ўтди? 

- Менимча, ҳамма нарсага тўғри қараш керак. Мен ҳам умид қилгандим, аммо бирданига "Локо"нинг асосий таркибида ўйнаб кетмаслигимни билардим. Шомуродов ҳам бир йилча "Ростов" захирасида ўтирди.


- Ваҳима бўлмадими? 

- Йўқ-йўқ. Жамоадошлар ва мураббийлар штаби мени қўллаб туришди. Шу боис ҳеч қандай ваҳимани кўрмадим. Муҳими, Россияда қолдим ва шу мени хурсанд қилди. "Локо"га энди келганимда Гилерме кўп ёрдам берди. У биринчи машғулотдаёқ ёнимга келиб, агар нимадир ёрдам керак бўлса менга айтавер деди. Умуман муҳит жуда яхши эди. Эсимда, биринчи марта интервью берганимда мендан ким билан танишмоқчи эканлигимни сўрашганди. Ўшанда Алексей Миранчук билан деб жавоб берганман, у рус футболидаги кумирим ҳисобланади. Кейинчалик ўзи билан учрашдим ва бундан хурсанд бўлдим. У ҳам мени қўллаб-қувватлади, ҳатто машғулотдан сўнг иккаламиз майдонда қолиб жарима зарбаларини машқ қилдик.

 


- Миранчук "Аталанта" даражасига мос келадими? 

- Уни ҳатто юқорироқ даражада деб биламан. Бежизга унга "Ювентус", "Милан" каби жамоалардан қизиқиш бўлгани йўқ. Унинг кетишидан хабар топгач, янада кўпроқ гаплашишга ва нимадир ўрганишга ҳаракат қилдим. Машғулот пайтида унинг орқасида туриб ҳаракатларини ўхшатиб бажаришга ҳаракат қилдим. Баъзан ўхшади, баъзан йўқ, лекин мана шу қисқа вақт ичида бирга ишлаганимдан хурсандман. "Зенит" билан ўйиндан кейин биргаликда суратга тушдик, у менга дастхат ёзиб берди. Кейин эса ўз устингда кўпроқ ишла, мен сенга ишонаман деб қўйди.


- Россияга мослашиш жараёни ортда қолдими? 

- Бу борада муаммо бўлмади. Икки-уч ҳафта ичидаёқ ўзимни уйдагидек ҳис қила бошладим. "Тамбов"га келганимдан бери ҳам янги жамоага жуда тез мослашдим. "Беневенто" клубига борганимда бир ярим ҳафта менга етарли бўлганди ва қолишни жуда хоҳлагандим. Итальян тилини билмасам ҳам машғулотларда ўзимни кўрсата олганман. 


- "Бунёдкор" собиқ бош директори Улуғбек Мирзаев 2020 йилнинг ёзида "Беневенто" билан шартнома тузишингизни айтганди. Нима учун бу ўтиш амалга ошмади?

- 2019 йил қишида кўрикка борганимдан кейин "Беневенто" 18 ёшга тўлишимни кутиши керак эди. Туғилган куним 15 майда, Италияда чемпионат тугаганидан сўнг улар якуний жавобни айтмоқчи эди, бироқ пандемия бошланиб қолди. "Беневенто" раҳбарияти билан гаплашганимизда чемпионат янги стартини кутиш кераклигини айтишди. Шундан сўнг улар ёшларга ишонадими ёки катталаргами - бир қарорга келишлари лозим эди. Агар Италиядан "йўқ" деб жавоб келганида мен Ўзбекистонда қолардим. Шу боис "Локомотив"дан таклиф тушиши билан рози бўлдим. "Беневенто" машғулотларида иштирок этиб шуни сездимки, Филиппо Инзаги мени кузатган. Машғулот пайтида у доим олдимга келиб нимадир гапирарди. Мен эса итальянчани тушунмасдим. Кейин у менга қўл ҳаракатлари билан тушунтиришга уринди. Ўз навбатида мен ҳам тушунишга ҳаракат қилдим, лекин барибир ўхшамади. 


- Агар Инзаги инглиз тилини билганида ҳаммаси бошқача бўлармиди?

- Ҳа, албатта. Чунки мен инглизчани биламан. 


- Нима учун сизга таржимон беришмади? 

- Менга тезроқ итальянчани ўрганиш кераклигини айтишди. Шу боис таржимон беришмади, бунинг устига жамоада инглизчани ҳеч ким билмаскан. Бу жамоада ҳатто 9 ойдан бери тил ўрганмаган футболчи бор экан, кейин у билан шартномани бекор қилишди.


- Николич ва Инзаги - қайси бири кучли? 

- Солиштириш қийин, чунки Инзаги қўл остида фақат машғулот ўтказдим. Расмий ўйинларга тайёрланганим йўқ. Николичга келсак, у яхши мураббий ва футболчилар билан гаплашишни билади. У киши жуда ҳиссиётга берилувчан ва доим футболда ҳиссиёт жуда муҳим дейди. Унинг қўл остида "Локомотив" айниқса стандарт вазиятларда яхши ҳаракат қиляпти. Мени жамоага айнан шу мураббий чақирганини ҳам яхши биламан. 


- Бу қандай содир бўлганди? 

- Менга шахсан "Локомотив" бош мураббийи қизиқаётганини айтишди. Ўз навбатида мен ҳам унинг ёшлар билан кўп ишлаганини ва ёрдам қўлини чўзишини билардим.


- Буларнинг ҳаммасини сизга Юрий Белоус етказдими? 

- Ҳа. 


- Белоус трансферингиз амалга ошаётган маҳал сизни Жоао Мариодан ҳам кучли бўлади деб айтди. 

- Унинг гаплари бўйича ўзидан сўраган маъқул. Мен эса шуни айтишим мумкин, Жоао Мариога тенглашиш учун ҳали кўп ишлашимга тўғри келади. Ахир Европа чемпионатида ғолиб чиқиш ҳаммагаям насиб этмайди.


- Белоус билан ишлаш қандай юзага келди? 

- Бир ярим йилча олдин танишгандим. У Ўзбекистонга келиб мен билан учрашган ва ўйиним ҳақида илиқ фикрлар билдирди.


- Сизга аниқ кимлардан таклиф тушганди? 

- "Локомотив" ва "Бешиктош".


- Нега "Бешиктош"га бормадингиз?

- Чунки Ўзбекистондан чиқиб кимдир Туркия чемпионатида ўйнаб кетганини эслай олмадим. Россияда эса бизникилар ҳар доим бўлган. Шомуродовдан ўрнак олишга ҳаракат қилдим.


- Ижара шартига кўра "Локомотив"га қарши майдонга тушишингиз мумкинми?

- Аниқ билмайман, шартномага қараш керак. Агар майдонга тушсам, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. 


- "Бунёдкор"дан "Локомотив"га ўтиш трансферингиз анча шубҳали экани ҳақида кўп гапирилди. Бу борада ўзингиз қандай фикрдасиз? 

- Масаланинг туб моҳиятига етиш учун яхшиси агентлар ва "Бунёдкор" раҳбариятидан сўраган маъқул. Ўзим гапирадиган бўлсам, мен жамоадан чиройли кетишни ва клуб менинг трансферимдан пул ишлаб қолишини хоҳладим. Бу борада агент билан гаплашдим ва ўйлайманки, ҳаммаси "Бунёдкор" фойдасига яхши якун топади.


- Футболдан ташқари севимли ишингиз? 

- Уйда ўтириш. Кўчада айланишни ёқтирмайман, айниқса Москвада тирбандлик ҳаддан ташқари кўп экан. Мен яхшиси уйда қолиб компьютер ўйнашни маъқул кўраман. Иккинчи ёқтирганим ишим ўзбекча ресторанга бориб ош ейиш. Москвадаги "Урюк" ресторанига ҳар ҳафта бориб ош еб келаман. 


- Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз. 

- Онам ёшлигимда вафот этган. Бувим ва иккита тоғамнинг қўлида катта бўлганман. Акам ва синглим йўқ. Россияда бир ўзим яшаяпман, карантин тугаса қариндошларим кўргани келишади.


- Шомуродов ўзининг дастлабки бутсасини 14 ёшда олган экан. Сиз-чи? 

- Мен 8 ёшимда "Бунёдкор"га келганман. Ўшанда кичкина эдим ва бувим қўйиб юбормаганди. Кейин эса йиғлаганман. Шундан сўнг бувим рухсат берганлар. 15 ёшгача ўзимнинг бутсам бўлмаган. Олишга имконим ҳам йўқ эди. Фақат "Бунёдкор"нинг иккинчи жамоасида ўйнай бошлаганимдан сўнг бутса кийишни бошлаганман.


- Барча даврларнинг энг яхши футболчиси ким? 

- Месси.


- Қандай машинангиз бўлишини хоҳлайсиз? 

- Машиналарга ҳеч қачон қизиқмаганман ва ҳозиргача машина сотиб олишни ўйлаб кўрмаганман.


- Кийиниш бўйича қайси брендларни ёқтирасиз? 

- Кўп ҳам дўконга бормайман. 


- Остон Ўруновнинг машҳур сурати эсингиздами? 

- Ҳа. эсимда. (кулади)


- Ҳаётда ким билан кўпроқ учрашишни истаган бўлардингиз?

- Онам билан. Унинг фақат расмлари бор, ўзини эслолмайман. Онамнинг юзи ҳам ёдимда қолмаган. Шу боис учрашишни жон деб хоҳлаган бўлардим.

Rating: +71   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика