Latest news

18:27"Аркадағ" кетма-кет иккинчи йил Туркманистон кубоги соҳибига айланди  1 18:15Дунёдаги энг йирик кўча футболи чемпионати яна Ўзбекистонда  1 18:00"Металлург" назорат баҳсида "Гулистон"ни мағлуб этди  0 17:45"Барса" Гави тиззасидан олган жароҳатидан сўнг сафга қайтганини эълон қилди. Хавбек август ойидан бери ўйнамади  7 17:05Ўзбекистон Суперкубоги: дебютант “Нефтчи” саккизинчи жамоа, рекорд “Пахтакор”да  5 16:49"Футбол олами". 3-турдаёқ илк истеъфо  0 16:29Аёллар ўртасидаги Осиё кубоги. Ўзбекистон чорак финалда Жанубий Кореяга йирик ҳисобда мағлуб бўлди  14 15:35Ўзбекистон Суперкубоги–2026: Бердиев рекордчи, рўйхатда хорижлик мураббийлар ҳам бор  2 15:25"Имишли" — "Сабаҳ". Таркиблар маълум  0 14:50Ким Мин Же "Бавария"ни А Серия топ клубига алмаштириши мумкин  1 14:28Ўзбекистон Суперкубоги. Тарихдаги илк учрашув ва қолган тўқнашувларда қандай натижалар қайд этилган? Кимлар майдонга тушган?  2 13:36"Интер" Саудия Арабистонидаги ўйинчига кўз тикди  1 12:48Суперлиганинг 3-туридаги ҳакамлик таҳлили: "Пахтакор" – "Навбаҳор" ва "Насаф" – "Динамо" ўйинларидаги хатолар ҳамда баҳсли қарорлар  20 12:17Мауро Брасил — Суперлигада дебют қилган илк уругвайлик футболчи  5 11:52Эндрик "Реал"даги келажаги ҳақида қарор қабул қилди  12

"Мақсадим — аёллар футболи ривожига ҳисса қўшиш" — Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Котрина Кулбите News

"Мақсадим — аёллар футболи ривожига ҳисса қўшиш" — Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Котрина Кулбите

Шу йилнинг 1-21 март кунлари футбол бўйича Аёллар Осиё чемпионати бўлиб ўтади.

Ушбу мусобақага Австралия мезонлик қилади ва турнирда Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси ҳам иштирок этади.

Маълумот учун, мазкур қитъа биринчилигида 12та жамоа ғолиблик учун кураш олиб боради. Жамоалар уч гуруҳга бўлинган бўлиб, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси B гуруҳида ўз ўйинларини ўтказади.

"A" гуруҳи: Австралия, Жанубий Корея, Эрон, Филиппин.

"B" гуруҳи: Ўзбекистон, КХДР, Хитой, Бангладеш. 

"C" гуруҳи: Япония, Вьетнам, Ҳиндистон, Хитой Тайпейи.

Терма жамоамиз тақвими қуйидагича кўриниш олган:

3 март. КХДР - Ўзбекистон

6 март. Ўзбекистон - Хитой

9 март. Бангладеш - Ўзбекистон

Хабарингиз бор, айни пайтда Ўзбекистон аёллар терма жамоасини литвалик мураббий Котрина Кулбите бошқариб келмоқда. Ушбу мураббий қўл остида қизларимиз ўтган йил Осиё чемпионатига йўлланма олгани катта воқелик бўлди. Бунинг сабаби Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 2006 йилдан бери Осиё чемпионати финал босқичига чиқа олмай келаётганди.

Тарихга юзланадиган бўлсак, 1995-2003 йиллар оралиғида ўтказилган қитъа биринчиликларида аёллар терма жамоамиз қатнашган, лекин 2006 йилги Осиё чемпионати саралаш босқичидан ўта олмаганмиз ва бу нохуш ҳолат шундан бери давом этиб келаётганди.

2025 йилнинг 5 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон - Непал учрашуви ҳаммасига нуқта қўйди. Ҳашаматли "Бунёдкор" стадионида кечган ушбу баҳсни аёллар футболига бефарқ бўлмаганлар жуда яхши эслайди. Ўйин дуранг билан якунига етади ва ҳаяжонга бой пенальтилар сериясида қизларимиз ғолиб чиқиб, узоқ йиллик йўлланмани қўлга киритишади.

Мана энди биз ҳам Осиё чемпионатидамиз. ОФК ушбу мусобақани жуда чиройли ўтказишни мақсад қилган. Маълумки, бутун дунёда ФИФА, конфедерациялар ва ассоциациялар томонидан аёллар футболини кўтаришга зўр бериб ҳаракат қилинмоқда. ОФК расмий сайти Осиё чемпионатида иштирок этадиган барча терма жамоалар мураббийлари ва юлдуз футболчилари билан суҳбатлар уюштирмоқда.

Яқинда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Котрина Кулбите ОФК сайтига интервью берди. Қуйида мураббийнинг энг асосий фикрларини келтириб ўтамиз. Табиийки ўзаро мулоқот Непал билан ўйинни ёдга олишдан бошланди.

- Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг Осиё чемпионатига чиқиши унутилмас воқеа бўлди, - дея фикр билдирди литвалик мураббий. - Умуман олганда, Ўзбекистонга келганимдан бери ҳар кунимни унумли ўтказишга ҳаракат қиляпман ва ҳар бир кун турли воқеаларга бой бўляпти. Бир йил олдин ЎФАдан таклиф тушганида жуда илиқ қабул қилдим. Мамлакатда аёллар футболига эътибор ошаётганини ҳис қилиб, мен ҳам бу ривожланишнинг бир бўлаги бўлишни истадим.

Котрина Кулбитенинг айтишича, терма жамоа Осиё чемпионати йўлланмасига эга чиқиши Ўзбекистон аёллар футболида янги давр бошланаётганидан дарак беради.

- Бу биз учун катта воқеа. Бу шунчаки натижа эмас, балки футболга қизиқадиган минглаб ёш қизчалар учун катта футбол эшиклари очилиши ҳам демакдир. Бу натижа кейинги авлод фаолиятига катта таъсир қилади деб ўйлайман. Бу фақат терма жамоа ёки ўйинчилар ютуғи эмас, бу ютуқ ҳамманики. Қандай қилиб Ўзбекистонда аёллар футболини кўтариш борасида ҳар куни соатлаб бош қотирамиз. Турли режалар ва ғоялар устида иш олиб борилади. ЎФА аёллар футболи бўлими бу борада дадил иш олиб боряпти деб айта оламан. Мен ўйлайманки, Ўзбекистонда аёллар футболи катта салоҳиятга эга.

Шу йилнинг январь ойида 33 ёшни қаршилаган Котрина Кулбите футболчилик фаолиятини 24 ёшда якунлаган бўлиб, шундан бери мураббий сифатида ишлаб келмоқда. Дарвоқе у 2025 йил якунларига кўра, ўз юрти Литвада "Йилнинг энг яхши аёллар мураббийи" деб топилди. Ва бу мукофотни қўлга киритиш унинг фаолиятида кетма-кет иккинчи бор рўй берди.

- Мен ҳар доим муваффақият ортидан қуваман, - дейди европалик мутахассис. - Футболни тугатгач, ўзимни мураббий сифатида синаб кўришга қарор қилдим ва бу касб менга бахт келтиришини сездим. Ўйлашимча, футболда ёш муҳим роль ўйнамайди. Худди шунингдек нозик жинс вакиласи бўлиш ҳам ҳеч нарсани англатмайди. Муҳими, ўз ишингизни астойдил бажаришда. Мен ҳар доим ўз ишимни тугатгач, бугун нима қилдим, шогирдларимга нимани ўргатдим ва эртага нима бера оламан деган хаёл билан юраман.

Яна бир маълумот шуки, Котрина Кулбите мураббийлик фаолиятини турли академияларда маъруза ўқиш билан бошлаган, шунингдек Литва U-15 ва U-17 қизлар терма жамоаларида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган. Кейинчалик у мамлкатдаги энг машҳур аёллар жамоаларидан бири ФК "Вильнюс"ни уч йил давомида бошқарди. Шунингдек, 2021 йил Литва аёллар миллий терма жамоасида ёрдамчи мураббий ҳамда U-17 қизлар жамоасида бош мураббий бўлиб ишлади. Осиёга йўл олишдан олдинроқ эса Литва U-17 терма жамоасини бошқараётганди.

Котрина Кулбите инглиз ва рус тилларида эркин сўзлаша олади. У 2023 йил УЕФА Про лицензиясини қўлга киритиб, литвалик аёл мураббийлар орасида УЕФА Проси бор дастлабкиси бўлди. Шундан сўнг Ўзбекистондан тушган таклифни қабул қилиб Тошкент сари парвоз қилди.

- Янги таклиф, янги чақириқ мен учун ажойиб бўлди, - дейди Котрина. - Ўзбекистонда одамлар жуда яхши, хушмуомала ва меҳмондўст. Мен янги муҳитга тезда мослашиб кетдим. Ўзимни худди шу ерлик деб ҳис қила бошладим. Бу эса майдондаги ишимга ҳам яхши таъсир кўрсатмоқда. Айтиб ўтганимдек, мен бу ерга аёллар футболи ривожига ҳисса қўшиш мақсадида келганман ва оз бўлсаям амалга оширсам ўзимни жуда бахтиёр сезаман.

Котрина Кулбите бошчилигида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси охирги 9та ўйиндан бери мағлубиятга учрамай келмоқда. Австралияда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида ҳам ушбу ёқимли анъана давом этишини ҳаммамиз истаймиз. Бунинг учун эса тайёргарлик зўр бўлиши керак.

- Мусобақага тайёргарлик яхши кетяпти, - дея айтиб ўтди терма жамоамиз устози. - Бир нечта йиғинлар ташкил этдик, ўртоқлик учрашувлари ўтказяпмиз, бу эса қитъа биринчилигида ўз мевасини бериши керак. Ҳозир биз учун энг муҳими курашувчан жамоани тузиб олиш. Албатта, биз учун гуруҳдан чиқиш яхши натижа бўлади. 23 йил деганда Осиё чемпионатига чиққан жамоа учун бу катта воқеа бўлади. Биз ўсишда давом этишимиз керак. Биз ҳар доим Аёллар Осиё чемпионатида қатнашишни хоҳлаймиз. Мартга қадар бир нечта режамиз бор: шуларни навбати билан амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Кейин эса бор эътиборни Австралиядаги турнирга қаратамиз.


Хайрулла Холиқов тайёрлади.

Rating: +6   

Comments

+2   
12 feb 23:25:06
Имя Фамилия
Yondiradi kuydiradi sanamgina
   
14 feb 12:09:00
leva8989
Mashissoooo
   
13 feb 17:06:35
Fifa World cub
Shuni erkaklar MTJ ga bosh murabbiy qilish kerak. Bollar yondirvorardida lyuboy komandani )))))
   
12 feb 16:31:52
Narzullo Choriyev
Takoy narsa ekanmi murabbiy ????
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика