Latest news

09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   0 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  2 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  0 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  0 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  111 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  10

Жамшид Искандеров: "Чемпионликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз" News

Жамшид Искандеров: "Чемпионликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз"

Жароҳати сабаб узоқ муддатга сафдан чиққан “Пахтакор” жамоаси ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров секин-аста аввалги спорт формасини тиклаб оляпти.

Мураббийлар истеъдодли футболчини захирадан майдонга тушириб, ўйин амалиётини янада шакллантиришга ҳаракат қилишяпти. Албатта, Жамшиднинг тўлақонли ўйин намойиш этиши учун ҳали вақт керак. Жароҳатидан батамом фориғ бўлганича йўқ. Жароҳат асоратлари барибир билиниб туради. Бу табиий ҳолат. Мавсум деярли якунланиб қолди. Энди ярим ҳимоячи асосий эътиборини январь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига қаратса ажаб эмас. Зеро, қитъа чемпионатида Олимпиада йўлланманлари ўйналади. Бор кучли билан ўйнаб, жароҳатини янгилаб олиши ҳеч кимга керак эмас. Биз чемпионат доирасидаги “Пахтакор”га қарши учрашув олдидан Жамшид Искандеров билан учрашиб, ундан интервью олдик.

- Жамшид, суҳбатимизни болалик йилларингиз, футболдаги илк қадамлардан бошласак.
- Футбол ишқибозлари билишади, мен Хоразм футболи тарбияланувчисиман. Ҳамма болаларга ўхшаб мен ҳам ёшлигимда кўча чангитиб тўп тепганман. Кунларнинг бирида тоғам тўп тепаётганимни кўриб, ҳаракатларинг яхши, сендан яхши футболчи чиқиши мумкин, деб футбол мактабига олиб борганлар. Мураббийлар кўригидан муваффақиятли ўтиб, футбол мактаб интернатига ўқишга кирдим ва шундан сўнг миллионлар ўйинидаги фаолиятим бошланди. Катта футболдаги илк қадамлар ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Машғулотнинг биринчи куни болаларнинг зўр иштиёқ билан шуғулланаётгани, тўп билан муомала қилаётганини кўриб, футболга бўлган меҳрим яна ҳам ошиб кетди. Мураббийларнинг айтганини қилиб, секин-аста ўйинларимиз ҳам кўзга ташланиб борди. Биринчи мураббийим Олим Давлетов бўлганлар. У кишидан бир умрга миннатдорман. Ҳозирга даражамга эришишимда Олим аканинг хизматлари ва хиссалари катта. Машғулотларда жуда ҳам талабчан эдилар.

- Ҳар бир ёш футболчининг ўйнаш орзуси бўлган “Пахтакор” жамоасида пайдо бўлишингиз қандай рўй берган?
- 2005 йили Жиззах вилоятида футбол мусобақаси бўлган. Ўшанда “Пахтакор” академияси жамоаси билан ўйнаганмиз. Ўша турнирдан сўнг мен ва Жалолиддин Машариповни “Пахтакор” академиясига таклиф қилишган. Бу биз учун кутилмаган чорлов бўлганди. Дўстим Жалолиддин билан бирга 1993 йилда туғилган академия тарбияланувчилари билан бирга машғулот ўтказишни бошлаганмиз. Мураббийимиз Ким Дмитрий Макарович эдилар. Мана бу йил бир зумда “Пахтакор” жамоасига келганимга 10 йил бўлибди.


- Ҳар бир ёш футболчи кимгадир ҳавас қилиб, миллионлар ўйинини танлайди. Сиз кимга ҳавас қилгансиз? Кумирларингиз кимлар бўлган?
- Ярим ҳимоячи бўлганим учун мен ҳавас қилган футболчилар ҳам шу чизиқ вакиллари бўлишган. Ёшлигимда Миржалол Қосимовнинг ўйинларини мириқиб томоша қилардим. Улар мен учун бир афсонавий футболчи бўлганлар. Кейинчалик “Пахтакор”нинг юлдуз футболчилари бўлган Сервер Жепаров, Одил Аҳмедовга ўхшашга ҳаракат қилганман. Машғулотларда уларнинг ҳаракатларини кўп бор такрорлайман.

- Сиз иккала оёқда ҳам зарба бера оласиз. Бундай тоифадаги футболчилар айниқса бизнинг футболда ноёб хисобланишади. Сиздаги бу истеъдодни мураббийлар ёшликдан бошлаб шакллантиришганми ёки туғма қобилиятми?
- Менимча, ҳар бир мураббий футболчидан иккала оёғингда ҳам бирдек зарба бер деб талаб қилса керак. Менга ҳам мураббийлар машғулотларда шундай кўрсатмалар беришарди. Машғулотларда дарвоза томон ҳар икки оёқда ҳам зарба беришни машқ қилганман. Стандарт вазиятларда ҳам бу ас қотади. Майдоннинг исталган томонидан зарба беришингиз мумкин бўлади. Энг муҳими, рақиб қаердан ҳавф келишини кутмайди. Тўп узатилиши кутган бир пайтда сиз бир зарба билан дарвозани ишғол қилишингиз мумкин.

- “Пахтакор” мухлислари сизни анча соғиниб қолишди. Афсуски, жароҳат сизни узоқ муддат яшил майдондан узоқда бўлишингизга сабаб бўлди. Ана шу “ўйиндан ташқари”да бўлган вақтингизни қандай ўтказдингиз?
- Биласизми, жароҳат олишни душманимга ҳам раво кўрмайман. Спортчилар, хусусан футболчиларнинг энг катта душмани айнан жароҳат бўлади. Бундай ҳолатларда севимли машғулотингиздан йироқда бўласиз. Вақтнинг ўтиши жуда қийин кечади. Худди соат миллари тўхтаб қолгану, вақт ўтмаётгандек туюлаверади. Айниқса, жамоавий ўйинлар ва табиийки, футболда ўйинни майдон ташқарисидан кузатиш жуда ҳам оғир. Баъзи ҳолатларда жамоадошларимга ёрдам бера олмаётганимдан жаҳлим чиқади, асабим бузилади. Майдонга югуриб тушиб кетгим келади. Лекин бунинг иложи йўқлигини билиб, яна ҳам асабийлашаман. Боз устига жамоангиз мағлубиятга учраётган бўлса, яна ҳам алаб қилиб кетади.

- Ҳозир ғалвир сувдан кўтариладиган вақт келди. Чемпионлик масаласи ҳал бўладиган ўйинлар бошланяпти. Нима деб ўйлайсиз, “Пахтакор” энг яқин таъқибчиси “Локомотив” билан ўртадаги очколар фарқини мавсум сўнггига қадар сақлаб қола олармикан?
- Афсуски, Фарғонадаги “Нефтчи”дан қабул қилиб олинган мағлубият биз учун ҳозир ортиқчалик қиляпти. Бунинг натижасида “Локомотив” билан ўртадаги фарқ қисқарди. Ўзи аслини олсак, нафақат “Нефтчи”, балки мавсум бошидан бери ўтказган барча ўйинларимиз биз учун қийин бўлиб келяпти. Чунки, чемпион билан ўйинларда барча жамоалар 200 фоизлик куч билан ҳаракат қилиб, ўзларини кўрсатиб қолишга ҳаракат қилашади. Бошқа жамоалар билан ўйинларда бунчалик ўйнашмайди. Агар ҳар бир учрашувга жамоалар худди биз билан ўйнагандек ўйнашса, футболимиз аллақачон ривожланиб кетган бўларди. Энди “Нефтчи” билан ўйинга келсак, Фарғонадаги учрашувни бевосита томоша қилиш учун бордим. Йигитлар қўлдан келганича ҳаракат қилишди. Лекин ҳамма нарса ҳам биз ўйлаганчалик бўлиб чиқамади. Бунга бир нечта омиллари бор.


- Мавсумнинг қолган ўйинларига эътибор қаратадиган бўлсак, “Пахтакор” учун деярли енгил учрашувнинг ўзи қолмади. “Локомотив”нинг очко йўқотиши даргумон. Чунки, рақибларига ҳам деярли очко керак эмас. Бундай ҳолатларда “темирўлчилар”нинг ғалабасини тахмин қилиш қийин эмас. Ана шу тақвим ноқулайлиги “Пахтакор”га ҳал қилувчи паллади панд бериб қўймасмикан?
- Юқорида айтдим, биз учун ҳеч бир ўйин осонлик билан ўтмаяпти. Бу биз билан боғлиқ ҳолат эмас. Таъкидлаганимдек, бошқа жамоалар билан ўйинга умуман бошқача тайёргарлик билан чиқишяпти. Негадир бошқа ўйинларда ўша биз билан бўлган учрашувдаги иштиёқни кўрмаяпман. Энди чемпионатнинг сўнггида карвонбошилик ва шу билан бирга чемпионликни рақибга бериб қўйиш аламли бўларди. Шу сабабли, қолган ўйинларга юқори тайёргарлик ва кайфиятда чиқиб, мухлисларимизни хушнуд этишга, мавсумни юқори нотада якунлашга ҳаракат қиламиз.

- Умуман, бу йилги мавсум ҳақида қандай фикр билдира оласиз? Ўсиш кўзга ташланяптими?
- Жуда катта ўсиш бўляпти, деб айта олмайман. Лекин секин асталик билан бўлсада, футболимиз олдинга силжишда давом этяпти. Ҳар бир ўйин ўта кескин руҳда, худди финал мақомида ўтса, бундан биринчи галда футболимиз ютарди. Қолаверса, стадионларга ҳам мухлисларни қайтарган бўлардик.

- Олдинда Ўзбекистон олимпия терма жамоасини ўта муҳим мусобақа кутиб турибди. Мухлислар терма жамоамизнинг Рио-2016 Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритишини кутишяпти, шунга ишонишяпти. Гуруҳдаги рақибларимиз маълум бўлди. Шахсан сиз, терма жамоамизнинг етакчи футболчиси сифатида олимпиячиларимизнинг Бразилияга бориш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Терма жамоамиз таркиби кучли. Ҳар бир чизиқда рақобатни кўришимиз мумкин. Футболчилар ўз клубларида доимий ўйин амалиётига эга бўлишяпти. Бу футболчи учун энг муҳими. Жамоадаги футболчилар аҳил бўлса, мураббийлар берган кўрсатмаларни ортиғи билан бажарса, терма жамоамиз албатта, ўз олдига қўйилган мақсадга эришади. Насиб қилса, 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган Олимпиадада иштирок этиб, у ерда ҳам мазмунли футбол намойиш қилишга ҳаракат қиламиз. Терма жамоанинг ҳар бир аъзоси шу ҳақида ўйлаяпти ва ният қиляпти. Осиё чемпионатида кучли учликка кириш учун имкониятларимиз етарли.

- Сизга миллий терма жамоа либосида ўйнаш бахти ҳам насиб қилди. Бу билан яна бир орзуингиз амалга ошди. Ўша илк ўйин қалбингизга бир умрга муҳрланади, шундай эмасми?
- Миллий терма жамоа либосидаги илк ўйиним ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасидаги Иорданияга қарши сафар учрашувида бўлиб ўтганди. Ўша ўйинда Миржалол Қосимов менга ишонч билдириб, майдонга туширгандилар. Очиғи, буни умуман кутмагандим. Захира ўриндиғида ўйинни кузатиб ўтирсам, Миржалол ака машқ қилиб тур, ҳозир майдонга тушасанг, дегандилар. Ўша айтган гаплари ҳозиргача қулоғим остида жаранглаб туради. Бир томондан хурсанд бўласиз, иккинчи томондан ўта масъулиятли ўйинда терма жамоа сафида дебют қиляпсиз. Мухлисларда биринчи учрашувданоқ ёмон таассуротда қолиш ҳар ҳолда яхши эмас. Биласизми, ўшанда мен учун икки хисса қувончли ҳолат бўлганди. Ёшлигимда ўзим ҳавас қилган футболчи менга ишонч билдириб, миллий терма жамоадаги дебют ўйинимни ўтказишимни таъминлади. Иккинчидан, майдонда яна ўша, мен ҳавас қилган футболчилар – Сервер Жепаров ва Одил Аҳмедов билан елкама-елка тўп тепиш бахти насиб қилди. Бу футболчиларга ёшлигимда “Пахтакор” стадионида майдон четидан тўп узатиб турганман. Орадан шунча йил ўтиб, мен учун афсона бўлган футболчилар билан бирга ўйнадим. Бундан ортиқ бахт борми?

- Ўзбекистон миллий терма жамоасига Самвел Бабаян мураббийлик қиляпти. Бошида кўп эътирозлар бўлди. Бу мутахассисни сиз яқиндан биласиз. Умуман, Самвел Бабаян ҳақида фикрингиз қандай? Бу мураббий терма жамоамизни ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқа олармикан?
- Мен бунга ишонаман. Самвел Вячеславлович юқори савияли мутахассис. Ҳар бир футболчининг кўнглига йўл топа олади. Ўз фикрини етказиб бера олади. Мана натижалар ҳам ёмон эмас. Самвел Бабаян қўл остида терма жамоамиз 3та ўйин ўтказган бўлса, барчасида ишончли ғалабаларни қўлга киритди. Айниқса, Баҳрайн терма жамоаси билан меҳмонда кечган учрашувда тарихий ғалабага эришилди. Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, шу пайтгача расмий ўйинларда Баҳрайн терма жамоасини мағлуб эта олмаган эканмиз. Самвел Бабаян қўл остидаги жамоа бу қора анъанага чек қўйди. Қолаверса, меҳмонда Филиппин ҳам йирик ҳисобда таслим этилди. Олдинда гуруҳ босқичининг муҳим ўйинлари кутиб турибди. Биринчи галда КХДР терма жамоасидан биринчи даврадаги мағлубият учун реванш олиш керак. Бу ўйин Тошкентда бўлиб ўтади. Ўйлайманки, ўша учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларни хушнуд этамиз.


- Европа футболини ҳам кузатиб боряпсизми?
- Албатта. Евро-2016 саралаш баҳсларини кузатиб бордим. Терма жамоалардан Англияга мухлислик қилдим. Инглизлар гуруҳдаги 10та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, ўзига хос рекорд қайд этишди. Кейин кутилмаган натижалар ҳам кўп бўлди. Албания терма жамоаси Европа чемпионатининг финал босқичига йўлланма олди. Аксинча, Голландия терма жамоаси шов-шувли тарзда чемпионат финал босқичига чиқа олмади. Энди кутилмаган терма жамоаларнинг финал босқичига йўлланма олишига бир томондан иштирокчи терма жамоалар сонининг ошгани ҳам сабаб бўлди, деб ўйлайман. Аввалгидек, 16та эмас, 24та терма жамоа финал босқичида иштирок этади.

- Қайси чемпионат ўйинларини кўпроқ томоша қиласиз?
- Менга Англия Премьер-лигаси кўпроқ ёқади. Бежизга дунёнинг энг кучли чемпионати эмас. Ҳар бир ўйин худди финал, яъги сўнгги учрашувдек ўтади. Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган клуб ҳам етакчини мағлуб этиб қўйиши оддий ҳол. Мана бу йилги чемпионатни олинг, “Челси” жамоаси турнир жадвалида аутсайдерлар қаторида юрибди. Аксинча, ўртамиёна жамоалар пешқадамлар сафидан жой олиб турибди. Бундай олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган чемпионат ўйинларини томоша қилиш ҳамиша ёқимли бўлган. Испанияда эса иккита чемпионат бор. Бири “Барселона” ва “Реал” клубларига тегишли чемпионат, иккинчиси эса қолган клубларники. Англияда эса бундай эмас. Ҳар бир ўйин жуда қизиқарли ва ҳужумкор руҳда ўтади. Аутсайдер жамоа ҳимояга ётиб олиб, ўйин вақтини ўлдирмайди.

 - Фараз қилинг, сизни Испания ва Англия клублари ўз сафига чорлаяпти. Испан клуби бироз кучлироқ. Қайси таклифни қабул қилардингиз?
- Ҳеч иккиланишсиз Туманли Альбионга йўл олардим.

- Футболдан ташқари бўш вақтлар ҳам бўладими?
- Жуда кам, лекин йўқ эмас. Бўш вақтимни кўпроқ дўстларим билан ўтказишга ҳаракат қиламан. Кейин Хоразмга, яъни уйга бориб келаман

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика