Latest news

19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  0 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  0 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  12 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  6 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  27

Жаҳонгир Жиямуродов: “Мақсад - Зомин шаҳрида ҳақиқий профессионал клуб тузиш” News

Жаҳонгир Жиямуродов: “Мақсад - Зомин шаҳрида ҳақиқий профессионал клуб тузиш”

Шу йилнинг 29 июнь куни “Зомин” марказий стадионида аёллар футболи бўйича жорий йилги мамлакат суперкубогининг ҳал қилувчи учрашуви бўлиб ўтади.

Айни пайтда Про-лига вакили “Зомин” клуби раҳбарияти бўлажак баҳсни юқори савияда ўтказишга қатъий бел боғлаган. Хабарингиз бор, яқин ўтмишнинг ёрқин намоёндаларидан бири, ўзбек футболида муносиб из қолдирган Жаҳонгир Жиямуродов “Зомин” жамоасига бош мураббий этиб тайинланган. Ҳозирда жамоа аъзолари янги мавсумга тайёргарлик ишларини қизғин олиб боришмоқда. Куни кеча Ж.Жиямуродов билан боғланиб, “Зомин” жамоасининг келгуси режалари, олиб борилаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.

- Янги мавсумга ҳозирлик ишлари қай тарзда олиб бориляпти?
- Маълумки, юртимизда ҳукмронлик қилаётган CОVID-19 пандемияси сабабли ўзбек футбол катта танаффус юзага келганди. Салкам уч ой давомида “футболсиз” яшашга мажбур бўлдик. Шу давр оралиғида юртдошларимиз томонидан белгиланган қоидаларга жиддий эътибор берилгани боис карантин чоралари бироз юмшатилди. Натижада, шу йилнинг 30 май куни футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ қилган ҳолда бошлашга ҳамда 2020 йил 5 июндан Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини томошабинлар иштирокисиз ўтказишга рухсат берилди. 

Навбатдаги Про-лига ўйинларига тараддуд ишларини асосан ўз қароргоҳимизда олиб бордик. Биласиз, Зомин – мамлакатимизнинг энг хушманзара масканларидан бири саналади. Зомин тоғ ён бағрида ташкил этилган тадорикнинг биринчи қисмида асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини бир маромга етказишга қаратилди. Сўнгра, ўз қароргоҳимизда машғулотлар олиб борилди, қолаверса, ўртоқлик учрашувларда ўз омадимизни синаб кўрдик. Таркибда деярли ўзгаришлар йўқ. Жамоанинг ўтган йилги негизини сақлаб қолганмиз. Про-лига ҳадисини олган бир қатор футболчиларни таклиф этдик ва улар билан шартномалар имзоланди. 23 июнь куни Ўзбекистон Кубогининг дастлабки босқичида “Оқ-тепа” жамоаси меҳмони бўламиз. 

- Олинган маълумотларга кўра раҳбарият томонидан клуб инфратузилмасини янада яхшилашга катта эътибор қаратилаётган экан?
- Шундай. Футболчилик фаолиятим давомида бир қатор номдор клублар шарафини ҳимоя қилиб хориж сафарларида бўлдим. Маҳаллий жамоаларнинг яратилган шарт-шароитлари билан яқиндан танишдим. Керакли маълумотларни ён дафтарчамга қайд этиб қўйгандим.  “Зомин” жамоасида иш бошлаганимда, клуб президенти Илҳом ака Собировга бу борада ўз таклифларимни билдирдим. Мақтаняпти деманггу, ҳозирга келиб Зомин шаҳридаги 5000 минг томошабинга мўлжалланган марказий ўйингоҳда таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Стадион ҳудудида сунъий қопламали майдон барпо этилди. Замонавий кўринишга эга стадион эса шаҳар кўркига кўрк бағишламоқда. Шунингдек, Зомин шаҳрига кираверишда жамоанинг янги қароргоҳи қуриляпти. Бу ерда 40 кишига мўлжалланган меҳмонхона, сунъий қопламали ва табиий футбол майдонлари бунёд қилиняпти. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида янги қароргоҳ иш бошлаши режалаштирилган. 

Мамлакатимизда футболни ривожлантириш нафақат футболчи ва мураббийларга, балки уни бошқараётган клуб раҳбарларига, маҳаллий ҳокимликларга боғлиқ. Ўзим “Насаф”да тўп тепиб юрган кезларим, ўзбек футболининг ҳақиқий фидоийси, марҳум Нуриддин Зайниев нақадар миллионлар ўйинига жонкуяр эканлигига тан бергандим. Қашқадарё вилоятида футболни янада оммалаштиришга ўзининг улкан улушини қўшган Баҳром Давлатов футбол соҳасидаги ташкилотчилигига қойил қоламан. Илҳом ака Собировда ҳам шундай хислатлар мужассамлашган, десам хато бўлмайди. У киши доимо футбол билан ҳамнафас. Асосий ва ўринбосарлар таркибининг машғулотларини доимий равишда кузатиб боради. Футболчиларнинг ҳолидан хабар олади. Юзага келган муаммоларни бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам беради. Айнан Илҳом аканинг жонбозлиги билан “Зомин” жамоаси инфратузилмаси яхшиланди, марказий стадион замонавий кўринишга эга бўлди. Клуб қароргоҳи ва футбол академияси барпо этилмоқда. Жамоанинг уч ёш тоифасидаги ўринбосарлар таркиби шакллантирилди. Мамлакатимизнинг бошқа клубларида ҳам Илҳом акага ўхшаган ўз ишининг ҳақиқий усталари кўпайишини хоҳлардим. 

- Жамоада ёшлар футболига эътибор қай даражада?
- Гоҳида ҳайрон қоламан, айрим клублар жуда катта маблағлар сарфлаб, хориждан ёки маҳаллий номдор футболчиларни ўз сафларига чорлашади. Аслида, Ўзбекистон истеъдодларга бой макон ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, пойтахтда, вилоят ва туман марказларида ҳатто чекка-чекка қишлоқларда ҳам иқтидор эгалари талайгина. Уларни излаб топиш, тўғри йўл кўрсатиб, катта футболда ўз ўрнини эгаллашида баҳоли қудрат кўмак беришимиз лозим. Кези келганда, “Насаф” жамоасини олайлик. Менинг собиқ жамоамда ёшлар футболи тизими яхши йўлга қўйилган. Сўнгги йилларда бир қатор таниқли чарм тўп усталари “аждарлар” таркибини тарк этишди. Шунга қарамай, жамоанинг ўйини асло пасаймади. Кетганлар ўрнини “Насаф” футбол академиясида камол топган ёшлар ҳисобига тўлдирилди. Гувоҳи бўлганингиздек, қаршиликлар катта харажатлар сарфламай, ўз ички имкониятларидан оқилона фойдаланиб келишмоқда. Бугунги кунга келиб, жамоанинг таркиби анча ёшарган бўлса-да,  “Насаф” совриндорлар қаторидан жой олишга интиляпти. 

- Барқарорлик йўқолмаслигининг асосий сабаби нимада деб, ўйлайсиз?
- “Насаф” футбол академияси тарбияланувчилари ҳам асосий жамоанинг ўйин услуби бўйича ҳаракат қилишади. Шу боис бўлса керак, академия сафидан қўшилган футболчи бош жамоа таркибига осонгина мослашиб кетади. “Зомин”да ҳам футбол академия иш бошлади. Бугунги кунда 18 ёшгача бўлган жамоа таркибига асос солинди. Айни чоғда 14 ва 16 ёшлилар жамоаларини деярли шакллантирдик ва саралаш ишлари ҳамон давом этмоқда.  Ўзбек футболида ўз ўрнига эга тажрибали болалар мураббийларини ишга жалб этдик. 

Маълум йиллар ўтиб яхши ниятлар билан бошлаган ишимиз ўз мевасини беради, деган умиддаман. Биласизми, болалигимда футбол билан шуғулланишда жуда кўплаб қийинчиликларга дуч келганман. Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимда устозим ва дўстларим билан ўсиб кетган янтоқларни чопиб, футбол майдонини тартибга келтирардик. Ўша ўртоқларим орасида жуда ҳам иқтидор эгалари кўп эди. Агарда мактабдош дўстларим ҳам футбол ўйнаб кетишганда борми, ўзбек футболида номдор футболчилар вояга етган бўларди. Ўзим болалик футболида муаммоларга дуч келганим боис бугунги келажагимиз ворисларини баҳоли қудрат қўллаб-қувватламоқчиман. Зеро, болалар, ўсмирлар, ёшлар футболини ривожлантирмай туриб, профессионал футболда ва халқаро майдонларда юксак натижаларга эришиб бўлмайди. 

- Клубда футбол инфратузилмасини яхшилашда “Насаф” йўли танландими?
- Шундай деса ҳам бўлади. Лекин, “Зомин”нинг йўли сал бошқачароқ. Яъни, келгуси мавсумларда ўзга футболчилар хизматига эҳтиёж сезмай, бор диққатни ўз академиясидан етишиб чиққан йигитларига қаратади. Энг яхши футболчиларга тушган таклиф бўйича трансферлар амалга оширилади.  Ундан тушган сармоя орқали клуб молиявий аҳволи янада яхшиланади. Клуб раҳбарияти ва жамоа мураббийлар штабининг асосий мақсади эса Зомин шаҳрида ҳақиқий профессионал клуб тузишдан иборат.  

- 29 июнь куни аёллар футболи бўйича жорий йилги мамлакат суперкубогининг ҳал қилувчи учрашуви ўтказилади. Бўлажак ўйинни қабул қилишга “Зомин” марказий шайми?
- Албатта. Юқорида “Зомин” стадионидаги ижобий ўзгаришлар хусусида тўхталдим. Мазкур суперкубок учрашуви карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда уюштирилади. Бунинг учун стадионимизда барча шароитлар муҳайё этилган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси мутасаддиларининг билдирган ишончини “Зомин” клуби раҳбарияти тўлиқ оқлайди. Бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Келгусида Ўзбекистон Кубогининг финал учрашуви ва халқаро миқёсида ўтадиган ўйинларни қабул қилишга тайёрламоқчимиз.

Миржалол Норматов суҳбатлашди

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика