Latest news

11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  0 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  10 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  12 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  7 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  117 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31

"GOAL" №2 - Акмал Шораҳмедов (ФОТО+ВИДЕО) News

"GOAL" №2 - Акмал Шораҳмедов (ФОТО+ВИДЕО)

"GOAL" лойиҳасининг навбатдаги сонида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳамда "Бунёдкор" клуби ҳимоячиси Акмал Шораҳмедов билан жонли суҳбат уюштирдик ва қаҳрамонимизни ошпаз сифатида синаб кўрдик.

Акмал Шораҳмедовнинг уйига ташриф буюриб, унинг пазандалик маҳоратини кичик синовдан ўтказдик. Шунингдек, қаҳрамонимиз билан футбол атрофидаги ҳолатлар ва бошқа турли мавзуларда суҳбат қурдик. Жонли суҳбатни видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Шораҳмедовнинг нима овқат тайёрлагани, ўзбек футболи ҳақидаги фикрлари билан танишиб олишингиз мумкин бўлади. Шунингдек, овқат пишириш жараёни, Акмал Шораҳмедовнинг рафиқаси ва дўстининг фикрлари ҳам видеода жамланган.

Суҳбат жараёнини ёзма шаклини ҳам ўқиб олишингиз мумкин. Қолган қизиқарли қисмларини эса видео орқали томоша қилинг. 


Қаҳрамонимиз ҳақида қисқача маълумот:

Тўлиқ исми: Акмал Шораҳмедов
Раками: 2
Амплуаси: Ҳимоячи
Туғилган санаси: 10.05.1986
Фуқаролиги: Ўзбекистон
Туғилган жойи: Тошкент
Бўйи:178 см
Вазни: 78 кг

Футболчилик фаолияти:
"Сўғдиёна" (Жиззах) - 2005-2006
"Навбаҳор" (Наманган) - 2007
"Сўғдиёна" (Жиззах) - 2008
"Андижон" (Андижон) - 2009-2010
"Бунёдкор" (Тошкент) - 2011 йилдан буён


ОЛИЙ ЛИГАДАГИ ДЕБЮТ:

“Пахтакор” – “Сўғдиёна” - 5:0 (2:0)

3/19/2005. 1 тур. Тошкент. “Пахтакор” стадиони, 2800 томошабин.

Бош ҳакам: Андрей Тамбовцев - 8.4

БИРИНЧИ ГОЛИ

“Машъал”- “Сўғдиёна” - 5:1 (2:1)

4/15/2005. 3 тур. Муборак. “Баҳром Вафоев” стадиони, 4500 томошабин.

Бош ҳакам: Попов Александр - 8.2

БИРИНЧИ ОГОҲЛАНТИРИШ:

“Сўғдиёна”- “Навбаҳор” - 1:0 (1:0)

8/10/2005. 15 тур. Жиззах. “Жиззах” стадиони, 4000 томошабин.

Бош ҳакам: Эрматов Равшан - 8.5



К.Қ: - Акмал ака, таом тайёрлаш жараёни сизни чарчатиб қўймадими? Эркаклар тайёрлаган таом ширин чиқади дейишади. Шу фикрга қўшиласизми?

- Йўқ, сизлар бахона таом пиширишни ўрганиб оламиз. Тўғри, бу фикрга қўшиламан. Эркаклар таомга  меҳр  бериб тайёрлаганидан бўлса керак ширин чиқади. Аёллар эса  ҳар доимги кундалик иши бўлгани туфайли бу ишга унчалик ёндашишмайди, менимча.

Ш.Б: - “GOAL” лойиҳасининг анъанавий саволи албатта гол тўғрисида. Биринчи киритган голингизни эслай оласизми?

- Биринчи урган голим адашмасам “Сўғдиёна” сафида “Насаф”га урганман. Аниқ эслолмайман. (Тўғри жавоб: “Машъал” -  “Сўғдиёна” 5:1 )

К.Қ: - Тўсатдан сизга ёқимсиз савол беришса сиз: 1.Миянгизга биринчи келган фикрни айтасиз? 2.Яхшилаб ўйлаб кейин жавоб берасиз? 3.Дарҳол жавоб қайтарасиз?

- Дарҳол жавоб бераман. Баъзан тезда қайтарган жавобимдан афсусланишлар бўлади. Чунки бир хил жойларда тезроқ жавоб бериш керак бўлиб қолиши мумкин.

Ш.Б: - Сизни янада машҳур қилиб юборган автогол ҳақида. Жанубий Корея билан бўлган учрашувни ёдга олсак. Ўша баҳс терма жамоамиз учун жуда муҳим аҳамият касб этарди. Муҳим ўйиндаги омадсизлик, яъни ўз дарвозангизни ишғол этиб қўйганиздан сўнг нималарни ҳис этгансиз? Ўшандан сўнг жуда кўпчилик биргина сизни айбдор қилганидан қанчалик ранжигансиз? Футболда бундай ҳолатлар ҳар қайси футболчи билан ҳам учраб туради. Лекин ўша беллашувдан сўнг “қора пиар” орқали жуда катта машҳурлик келди.

-Буни футболни ичида юрганлар тўғри тушунишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу автогол энди ўчиб кетмайди. Футболда ўз дарвозасига гол киритмаган ҳимоячи йўқ, менимча. Ҳимоячилар ўз дарвозаси олдидаги хавфни бартараф этаётган паллада тўп дарвозасига кириб кетиши мумкин. Бу қайси ўйинда содир бўлиши аҳамияти йўқ. Чунки ҳар қандай ўйинда барча бор кучини ишга солади. Футболда автогол ҳамма билан руй беради. Футболни ичида юрганлар буни яхши билишади. Мана куни кеча “Манчестер Юнайтед” футболчиси Кэррик ўз дарвозасига гол уриб қўйди. Бунақа ҳолатлар кўп учраб туради. Мен ҳам артистларга ўхшайман. (кулади) Санъаткорлар пиар орқали ўзини танитиб оладию. Мени ҳам ҳозир деярли танимайдиган одам йўқ. Кампирлар ҳам, ёш қизлар ҳам билишади. (кулади)

Баъзи одамлар буни атайлаб қилди айтиши мумкин. Бу албатта ранжитади. Бу автогол ҳеч қачон атайлаб урилмайди. Баъзан истасайиз ҳам бир метрдан гол уролмай қолишиз мумкин. Лекин бу билан тўхтаб қолиш керак эмас. Спортда шундайки, агарда бугун ютсанг тепадасан. Эртага ютқазиб қўйсанг пастдасан. Шу боисдан бунга тўғри қараш керак.

К.Қ: - Яқинларингизни телефон рақамларини ёддан биласизми ёки телефонингизга сақлаб қўясизми?

-Яқин инсонларимнинг телефон рақамларини ҳаммасини ёддан биламан.

Ш.Б: - Олий лига савияси қай даражада деб ўйлайсиз?


- Менимча, икки йил олдингидан бу йилги лигамиз сал пастроқ савияда. Ўринбосарлар лигаси ҳам кучсизланиб кетди. Авваллари ўринбосарлар сафида 4-5 нафар асосий таркиб  футболчилари майдонга тушишарди. Ҳозир эса ҳаммаси ёшлар бўлиб кетган.  Бу бир тарафдан яхши. Лекин ёшлар кимдан тажриба олишади? Ўринбосалар таркибида фақат ёшларни ўзи бўлиб қолса унда ким уларга тўғри йўл кўрсатади? Олдин ўринбосарлар сафида майдонга тушиш ҳам қийин бўларди. Ҳозир у ерда ҳам рақобат аввалгидек эмас. Мен “Пахтакор” ёшлари сафида ўйнаганимда, асосий таркибда Гейнрхи, Камолддин Тожиев каби 10га яқин футболчиларни беришарди. Ёшлар эса қолган 4-5та ўринга тушиш учун ҳам бор кучини бериб ҳаракат қиларди. Бу ҳам катта стимул эди. Ҳозир ёшлар билишади, ўринбосарлар таркибида ёши катта футболчилар ўйнаши чегараланган ва у ерда жиддий рақобат йўқ. Авваллари ёшлар таркибида ўйнаш ҳам жуда қийин бўлган. Ҳозир ундай эмас. Ёшлар лигасидаги ўйинлар аввалгидек қизиқ ҳам кечмаяпти.

К.Қ: - Сизнингча ҳақиқат учун курашиш нима?

-Ҳақиқат учун курашиш бу аввало курашиш. Ҳаётда ҳар доим ҳам ҳақиқат юзага чиқавермайди. Мен ўзим ҳар доим ҳақиқат учун сўнггигача курашаман. Қолгани одамларнинг виждонига ҳавола.

Ш.Б: - Футболимиздаги ички муаммоларни кўп беркитамиз. Футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам матбуотда кўп ҳам ҳақиқатни айтишмайди. Яъни муаммоларни олиб чиқишмайди. Ўзбекчилик деб ортга сўрамиз. Бу нарсага қандай қарайсиз?

- Кўп ўқиймиз. Мана “championat.asia” сайтида ҳам кўп ўқийман, унда камчилик, бунда камчилик деб айтасизлар. Лекин умумий қилиб айтадиган бўлсак, мана вилоят жамоаларида футболчиларга беришга маош йўқ ҳали. Барча жамоаларда пул бўлсагина, кейин айтса бўлади, мана бу витамин олмаяпти, бошқа муаммоларни  бартараф этмаяпти деб. Ҳозир клубларда молиявий ҳолат яхши бўлмаса, булар қолган муаммоларни қаердан тўғрилай олади? Ўзимам вилоят жамоаларида ўйнаганман ва у ердаги вазиятларни биламан. Жамоани ўзини ушлаб қолиш учун пул кўп кетади.

“Локомотив”,  “Бунёдкор”, “Насаф” жамоалари ОЧЛда ўйнайди ва кўрамиз. У ердаги бошқа жамоаларнинг ҳолатини кўрасиз ва баҳо берамиз. У ерда оддий бир нарса, кийиниш хонасида муз апарати туради. Ўйиндан кейин шундоқ  5 дақиқага тушасиз, муз қилиб қўйилади идишга ва сиз 5 дақиқадан сўнг тикланасиз. Барча чарчоқ аломатлари чиқиб кетади. Бизларда эса бир пакет музни зўрға қилинади. Бизларда учрашувдан кейин футболчиларнинг тикланиш жараёнига умуман қарашмайди. Бу нарса тўртта гранд жамоаларимизда йўқ, қолганларни энди гапирмасангиз ҳам бўлади.

Мана охирги марта Австралияда ўйнадик. У ерда учта бассейни бор. Оёғдан келади, унча чуқур эмас. Совуқ сув, яҳ ва иссиқ сув. У ерда консентрация қилинади. Беш дақиқадан тушасиз ва сиз эртанги ўйинга тайёр ҳолатга келасиз. Европада 3-4 кунда ўйнайдику, бу бекорга  эмасда. Бизларда  эса бундай нарсалар йўқ ва 3-4та ўйинда ўйнаганингиздан кейин чарчоқ йиғилиб-йиғилиб борадида, тезлигиз пасайиб кетади. Бизларда ҳам тикланиш жараёнларига эътибор қаратилса яхши бўларди. Мана яқинда Кападзени интервьюсини ўқидим, витаминизацияни айтган, буларнинг ҳаммаси тўппа-тўғри. Бизларнинг энг катта тўртта клубларимизда ҳам йўқ бу нарсалар. Қолганларни ўзингиз ўйлайвуринг. Терма жамоада ҳам витаминизация йўқ. Буни ўзинглар ҳам кўргансизлар.

ОЧЛда ўйнаётганимизда кўп кўрамиз, меҳмон жамоаларнинг кийиниш хонасидан ўтиб кетаётганда у ерда турган нарсаларни кўрсангиз. Бу нарсалар майда нарсалар эмасда. Айниқса иккинчи тайм пайтида бу каби нарсалар кўпроқ билинади ва ўз таъсирини ўтказади. Шу боисдан ҳам иккинчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида улар бизлардан кўра кучлироқ  ўйнашади.


Бизларни Ўзбекистонни ичидаги мураббийларнинг биттаси ҳам  бу нарсаларни талаб қила олмайди. Бу бор нарса. Агарда чет элдан мураббий опкелсангиз, улар биринчи навбатда витаминизацияни, машғулот жараёнидаги элементарларни тўғриласагина, ишни бошлайди.

Мана Сардор Рашидов Қатарга борди. Биринчи куни гаплашганимизда айтди, витамин тошиб ётибди. Ичишмаяпти ҳам кўплигидан дейди. Бизлар ололмаётганлар витаминларни дарвозани орқасида  ётганини  айтди. Янаям у биринчи куни “Ал Жайиш”ни ўринбосарлар таркибида шуғулланиб турганди. Бу профессионал футболда жуда ҳам керакли нарсалар деб ўйлайман. Футболда майда нарсалар бўлмайди. Шунинг учун ҳам тиббий кўрикдан ўтаётганингизда  ярим жамоа ўтолмаяпти. Бу ҳам бекорга эмаску. Бу каби нарсаларга яхшироқ ва жиддийроқ қараш керак деб ўйлайман.

К.Қ: - Спортчилар кўпчиликни олдида  нутқ сўзлашга қийналишади. Айтингчи, кўпчиликни олдида нутқ сўзлашишга тўғри келиб қолганда, сиз ўзингизни қандай тутасиз?

- Ман тўғрисини айтсам, бемалол гапироламан. Жамоамизда ҳам бир нарса бўлса ўзим гапираман. Кўпчиликни олдида ҳаяжонланмайман. Ўзим ўйлаган нарсани айтоламан.


Ш.Б: - Терма жамоада мураббий алмашганидан сўнг сиз МТЖ йиғинларига таклиф этилмадингиз. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги спорт формангиз бунга йўл қўймаяптими ёки мураббийнинг услубига тўғри келмайсизми? Умуман таклиф олмаганингиз сизга қандай таъсир этмоқда?

- Ҳар битта мураббийнинг ўз ўйин услуби мавжуд. Натижага мураббий жавобгар. Шу боис кимни чақиришни мураббийнинг  ўзи ҳал этади. Лекин футболчи ҳам доим тайёр бўлиши лозим. Исталган пайтда кимдир жароҳат олиб қолиши мумкин. Ўшанда футболчи тайёр бўлиши лозим.  Якунда терма жамоага ким яхшироқ спорт формада бўлса ўша жалб этилади. Масалан ҳозир “Бунёдкор”  тўртинчи ўринда кетмоқда. Шу боисдан ҳозир бизни чақирмаганидан ранжишга ҳаққимиз йўқ. Чемпионатда пешқадам бўлсак ҳам майлиди. Ҳозирги ҳолатимни яхши дея олмайман. Буни сабаби сифатида, ўтган йилги мавсумни тугатмасдан яна йиғинларда иштирок этганимизни айтишим мумкин. Узлуксиз дам олмасдан туриб шуғулланавериш одамни чарчатиб қўяди. Битта манда эмас, балки кўпчилик футболчиларда ҳозир чарчоқ  аломатлари сезилмоқда деб ўйлайман.

К.Қ: - Сизни мақташларини ёқтирасизми?

-Ёқтираман. Ким ҳам ёқтирмайди буни. Бунақа одамлар бўлмаса керак.

Ш.Б: -Акмал Шораҳмедовга қайси жамоалардан таклифлар тушган?

- Хитой, Қатар жамоаларидан таклиф тушган. Лекин ўша пайтларда “Бунёдкор” билан ОЧЛда муваффақиятли иштирок этаётгандик. Мен ўша пайтда ўйнаб турган жамоамдан кучсизроқ клубга ўтишни истамаганман. Ҳар бир футболчи имкон қадар кучлироқ жамоа сафида ўйнагиси келади. Пул учун кучсизроқ жамоага ўтишни истамайман. Пулни биринчи ўринга қўйилганида, унда европанинг  кўплаб футболчилари араб жамоаларига ўтиб кетишарди. Масалан  Англия чемпионатининг 80 фоиз футболчилари араблардан камроқ маош олади. Футбол ўйнаш иштиёқи кучли футболчилар пулни деб кучсиз клубга ўтмайди деб ўйлайман.


К.Қ: - Спортдан бошқа яна қандай соҳада пул топа оламан деб ўйлайсиз?

-Ман кўп соҳаларда пул топа оламан. Масалан савдо сотиқ орқали пул ишлаб топишим мумкин. Футболчи ҳар доим оиласини футбол орқали боқа олмайди. Футболда топаётган пуллариздан албатта тадбиркорликни йўлга қўйиб олиш лозим. Бу келажагиз учун керак бўлади. Мен режали инсонман.

Ш.Б: - Ҳимоячи сифатида айтингчи, сиз учун олий лигадаги энг хавфли рақиб ким?

- Жасур Ҳасанов. Чунки унинг бир ҳислати кучли – Ҳасанов тўхтамасдан олдинга чопади. Фойда келтириш бўйича Жасур Ҳасанов Ўзбекистондаги исталган футболчидан кучли. Буни аввал ҳам, ҳозир ҳам айтаман. Ҳозирги чиқаётган ёшроқ футболчиларга ҳам шуни айтаман. Масалан Пишурни олайлик. Жасур Ҳасанов уни ҳар доим пас билан таъминлаб турарди ва у тўпурар бўлди. Айни пайтда ўсиб келаётган ёш вингерлар жарима майдончаси ичига кириб борадида пасни вақтида  бермайди. Ушанчун ҳужумчиларимизнинг самарадорлиги пасайиб кетган. Ҳужумчилар кимгадир боғлиқ футболчилар. Жасур Ҳасанов тўхтамасдан очилади. Бу ҳар қандай ҳимоячига катта қийинчилик туғдиради. Унга яқинроқ келадиган футболчи йўқ. Қолганлар деярли бир хил даражада.


К.Қ: - Сиз қандай оила бошлиғисиз?

- Аввало оилангиз тинч бўлса, футболингиз ҳам жойида бўлади. Ишизда ҳам унумдорлик ошади. Оилада баъзида қаттиққўлман, керакли жойида юмшоқроқман. Вазиятга қараб. Ўртача десак тўғрироқ бўлади. Баъзан болаларни уришиб тураман. Лекин уларни урмаганман. Отам менга шундай тарбия берганлар. Хотинимни ҳам ҳеч қачон урмаганман.

Ш.Б: - “Championat.asia” сайтида нималар сизга кўпроқ ёқади  ёки қандай ўзгаришлар бўлишини истардингиз?

-Сайтнинг энг ёқадиган жиҳати – бу маълумотлар, хабарлар тезроқ берилиб борилади. Ноқулайлик тарафи шундаки, ҳар хил чемпионат ўйинларининг анонслари уланиб кетган. Шуни ажратиб қўйилса яхшироқ бўларди. Масалан Анзурнинг жамоасининг ўйини ва европа чемпионатлари анонслари кетма-кетликда кетган. Одам бироз чалкашиб кетади. Кейин мени шахсий фикримча, европа футболи хабарлари ўзимизникидан кўпроқ бўлиб кетмоқда. Иложи борича ўзбек футболи хабарлари кўпроқ бўлишини истардим. Европа футболи ҳақида ўқийдиган жойлар кўп. Асосий урғуни ўзбек футболига қаратилса яхшироқ бўларди. Бу менинг шахсий фикрим. Олий лига учрашувлари видеоларини ҳам қўйишни одат қилинса зўр бўларди. Буни ҳам аста-секин ривожлантириб боряпсизлар. Бунданда яхшироқ бўлса зўр бўларди. Ўйин тугаши билан бошқа учрашувдаги голларни кўришни истардик. Ўйлайманки, бу ишлар ҳам секин йўлга қўйилади.

К.Қ: - Сиздан ёшроқ ҳамкасбингиз катта ютуқларни қўлга киритса, ўзингизни камситилгандек хис қиласизми?

- Буни тўғри қабул қиламан. Ҳамма ҳар хил бўлади. Кимдир 20 ёшида катта маррани забт этиши мумкин. Баъзилар 30 ёшида муваффақият қозониши мумкин. Исталган футболчи катта марраларни забт этса чин дилдан қувонаман. Ҳозирги ёшларда шароитлар яратилган. Улар фақат ишлаб, меҳнатдан қочмасликлари керак. Улардан кўпроқ нарсани талаб қилсак бўлади. Бизларни давримизда майдон ҳолатлари анча ёмон бўларди. Ҳозир эса бу каби муаммолар йўқ уларда. Баъзи ёшларга эса шароитларни борлиги ҳам ёмон таъсир қилмоқда. Ҳамма шароитлар яратиб қўйилгани футболчиларни ишлашдан ҳам тўхтатиб қўймоқда.


Ш.Б: - Агарда матбуотни кузатиб борсангиз айтингчи, сиз учун ижоди маъқул келадиган журналистлар борми?

- Тўғрисини айтаман, кўплар ёқмайди менга. Чунки кўплаб футбол ичидаги журналистларимиз нотўғри савол беришади. ОЧЛ ўйинлари билан четга чиққанимизда, хорижий журналистлар бизларга бераётган саволни ўзимизникилардан тўғрироқ беришади.Бизларга асосан танқид билан қаралади. Ҳар доим танқидга учрайверсангиз, барибир ёмон гапираркан деб ҳаракат ҳам қилмай қўясиз. Аксинча, кўпроқ яхши нарсалар ҳақида ёзиш керак. Мухлис кўпайтиришимиз керак деймиз. Бунинг учун аввало яхши тарафларни ёритиб, яхши нарсаларни ёзиш керак. Ишқибозларга фақат ёмонлайверсангиз, улар стадионга тушадими? Мухлисларсиз эса футбол ўйнаш завқли эмас. Қачонки стадион томошабинлар билан тўлса, ўшанда футболчи ҳам  майдонда қўшимча кучи билан ҳаракат қилади. “Андижон”да ўйнаганимда, стадион мухлислар билан тўлиб тошарди. Ўшандаги жамоа ҳозиргидан кучлироқ эди. Биз ўз уйимизда “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби жамоаларга ютқазмасдик. Стадион ишқибозлар билан тўлса турса, футболчи чарчаб қолган ҳолатида ҳам охирги кучини сарф этгунча ўйнайверади. Футболчи бу пайтда истаса-истамаса ўйнайди. Мухлисларнинг кўмаги бизга керак. Бир хил пайтларда меҳмонга бориб ўйнаш завқлироқ туюлади. Стадион бўш бўлса, футболчи катта иштиёқ билан ўйнай олмайди. Европада мухлислар жамоасини ҳар қандай пайтда қўллаб-қувватлаб туради. “Челси” масалан оддий рақибга ютқазиб қўйди. Нима энди кейинги учрашувда “Стэмфорд Бриж”га ишқибозлар келишмайдими? Келади албатта. Бизда эса ўйинни ярмидан туриб кетишади. Мухлислар ҳар доим жамоасига далда бўлиши керак деб ўйлайман.

К.Қ: - Сизни бошқа футболчилардан ажратиб турадиган сифатлар ва жиҳатлар?

- Ҳамма одам, ҳамма футболчи ҳар хил. Ман барча ишни вақтида қилишга кўпроқ ўрганганман. Масалан ман машғулотдан бир соат олдин тайёргарлик кўраман. Баъзилар эса беш дақиқа қолганида ҳамма ишини бажариб қўйиши мумкин.

Ш.Б: - Имконият бўлганида ўзбек футболида биринчи навбатда нимани ўзгартирган бўлардингиз?

- Ҳозирги пайтда асосий муаммо бу клубларнинг молиявий аҳволи. Барча вилоят жамоалари пул тарафлама яхши имкониятларга эга бўлса, молиявий муммолар ҳал этилса, ўшанда кучайиб кетиш мумкин. Футболда кўп нарса моддий техник базага боғлиқ. Пул бўлса, клубнинг инфраструктурасини, стадион ва бошқа қолган муаммоларни ҳал этса бўлади. Бизнинг футболдаги асосий муаммо шу деб ўйлайман. Хитой ва Қатар катта молия эвазига чемпионатини тезда кучайтириб олмоқда.


Ш.Б: - Ўзбек футболида, клубларда иш юритадиган неча фоиз одамни футбол кишиси деб айта оласиз. Бизда кўпчилик ушбу соҳани тушунмасада футбол ичида ишлаб юрипти. Бу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа, албатта. Бундай инсонларкамдан-кам. Клубларимизда иш олиб бораётганлар ичида футболни тўғри тушунадиган инсонларни бир дона десак ҳам бўлади.  Масалан витаминизация? Ҳали ҳеч кимда олиб берилмаганку, тўғрими? Кимда бор? Ҳеч кимда йўқ. Демак ҳеч ким тўғри ишламаяпти.

К.Қ: - Ўткир зехнли, катта билим соҳиби билан суҳбатлашганингизда сиз ундан устун бўлишга ҳаракат қиласизми ёки индамасдан унга тан берасизми?

- Тан бераман. Менга ақлли инсонлар билан суҳбатлашиш ёқади. Уларни фикрини эшитишни яхши кўраман.

Ш.Б: - Сизга иш услуби бўйича маъқул келадиган мураббий ким?

- Миржалол Қосимовни мен биринчи ўринга қўяман. Бош мураббий бутун машғулот жараёнини ўзи ўтказвурмайди. Бошида нимадир гапириб, қолган барча нарсаларни жой-жойига қўйиб қўйиши керак. Ҳамма ўзини ишини қилиш керак. Бизларда кўп мураббийларда иш тўғри йўлга қўйилмаган. Сафарларга бораётганда баъзан меҳмонани топишда муаммо бўлади, кутасиз. Бошқа баъзи майда кўринган масалалар муаммо келтириб чиқаради. Мураббий қаттиққўл бўлиши керак. Бош мураббий нафақат футболчиларга, балки бутун клубга сўзи ўтадиган бўлиши лозим.

К.Қ: - Йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда машина бошқарасизми?

- Йўқ. Ҳаракат қиламан, аммо баъзан қоидани бузиб қўяман. Асосан тезликни белгиланган миқдордан ошириб юбораман. Аммо светофорда қизил чироқдан ўтмайман. ДАН ходимлари билан ҳар доим ижобий гаплашаман. Масалан қоидани бузиб қўйсам, кейин албатта яхши гапирасиз. Ҳар доим яхши гапирган маъқул деб ўйлайман.


Ш.Б: - “Бунёдкор” сафида бешинчи мавсумни ўтказмоқдасиз. Ёдда қолган энг яхши мавсум қайси бўлган?

- Менимча, 2012 йил бўлса керак. Ўшанда ОЧЛда ярим финалга қадар йўл олганмиз. Ўша йили ҳар томонлама кучлироқ бўлганмиз.  Футболда жамоа кучли бўлса, футболчи ҳам катта ўсишга эришади. Янада кучлироқ  ўйнашга интилади.  2012 йилда таркибимиз ҳам кучли бўлган. Ҳозирги ёшларни танқид қилиб бўлмайди. Олдин сиз ёшроқ бўлсангиз, кийиниш хонасига кириб уришишарди, керак бўлса уриши ҳам мумкин эди. Ҳозирчи? Ёшларга битта қаттиқроқ гапириб қўйсангиз тамом. Ҳафа бўлишади. Мураббий ҳам аралашади. Нега сан уни урушяпсан деб. Ёшларга танбеҳ бермасдан бўлмайди. Ўз вақтида бизларни яхшилаб уришишарди ва биз янада кучлироқ  ҳаракат қилардик.  Охирги йилларда умумий қилиб айтганда, савиямиз тушиб кетди. Шу боисдан ҳам ОЧЛдаги иштирокимиз ҳам пастлаб кетди. Ҳаммаси кўриниб турибдику. Ўшанга қараб баҳо берасизда. Ички чемпионатдаги ўзаро ўйинга қараб кучли ёки кучсиз эканлигимизга баҳо бермайсизку. Халқаро мусобақадаги иштирокимизга қараб футболимизга баҳо берамизда.

К.Қ: -Ўзбек киноларини кўриб турасизми?

- Ҳа, кўраман.

К.Қ: - Охирги кўрган киноингиз?

- Номи эсимда йўқ. Менинг Юртим канали орқали кўргандим.

К.Қ: - Сизга ёқадиган ўзбек актрисалари?

- Менга кўпроқ эски актрисалар ёқади. Раъно Шодиева, Рано Ярашева, Саида Раметова кўпроқ ёқади. Чирой жиҳатдан Асал Шодиева яхши.


К.Қ: - Сизни оилангиз футбол мухлисларига қизиқ. Ота-онангиз ва болаларингиз ҳақида маълумот берсангиз?

- Отам ҳам футбол билан шуғулланганлар. Акам ҳам. Дадам ҳар доим мен тўп тепадиган жамоага ишқибозлик қиладилар. Қаерда бўлсалар ҳам ўйинни кузатиб борадилар. Футболни нафақат кузатадилар, балки уни яхши тушунадилар ҳам . Ўйинлардан кейин менга қаерда хато қилганимни айтадилар. Менга доим тўғри йўл кўрсатадилар. Онам ҳам футболга тушунадиган бўлиб кетганлар. Ҳар тарафлама улар мени қўллаб-қувватлаб туришади. Уларга раҳмат айтаман. Иккита ўғлим бор. Каттаси Шорахим, кичкинаси Шорасул. Катта ўғлим бу йили саккизга тўлади. Кичкинаси уч ёшга кирди. Шорахим футбол билан шуғулланиб келади. “Бунёдкор” футбол мактабида таҳсил олади. Шорасул ҳали боғчага боради. Катта ўғлим “Бунёдкор”, кичкинаси “Пахтакор”га ишқибозлик қилади. Бу уларнинг ўзини танлови. Шорасул ҳозирдан “Пахтакор” дейди, агарда катта бўлса “Пахтакор” футбол мактабига олиб бориб бераман. Бунга қаршилигим йўқ.

- Мароқли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Кейинги фаолиятларингизда омадлар тилаб қоламиз.

- Сизларга ҳам раҳмат. Ташрифингиз учун ташаккур билдираман.



Акмал Шораҳмедовнинг энг яқин дўстларидан бири Санжар Турсуновнинг қаҳрамонимиз ҳақидаги фикрлари:

- Акмал жуда меҳнаткаш бола. Ёшлигидан ўз устида ишлаб келади. Машғулотлардан кейин ҳам алоҳида шуғулланиб туришни одат қилган. Меҳнаткашлиги, тиришқоқлиги унинг энг катта ютуқларидан бири деб биламан. Акмал жуда яхши дўст. Ҳар доим ўртоқларига, инсонларга ёрдам беришни канда қилмайди. Унинг менга ёқадиган жиҳатларидан бири бу - қачон телефон қилсангиз тезда жавоб беради. Телефон кўтармай қоладиган одатлари йўқ. Мен у билан ёшликдан бери дўстман. Жуда кўп нарсаларда менга ёрдам бериб келган. Умуман ҳаммамиз бир-биримизга ёрдам берамиз. Акмални камчиликлари? Тўғриси, унинг камчилиги ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Дўстим жуда муомалали, содда бола. Акмални яхши тарафлари кўп деб биламан. Дўстларга ёрдамини аямайдиган инсон сифатида ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин.

GOAL нинг ВИДЕОсини сайтимизнинг махсус бўлими орқали томоша қилишингиз мумкин. ВИДЕО


Лойиҳа муаллифлари: Шаҳбоз Беғамов ва Камола Қурбонова.

Ижодий гуруҳ: Толибжон Қосимов (фотограф) ва Зоир Турсунбоев (оператор)

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика