Акмал Рустамов: "Қизил карточка ва пенальти ўйинни ҳал қилди"
19 oct 21:12
News


Акмал Рустамов: "Қизил карточка ва пенальти ўйинни ҳал қилди"
"Бугунги учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. Биринчи пенальти ва қизил карточка ўйинга таъсир ўтказди, назаримда. Йигитларга ҳаракат учун раҳмат айтаман. Ўйинни таҳлил қилиб "Динамо"га қарши ўйинга тайёргарлик кўришни бошлаймиз", - деди Акмал Рустамов баҳс якунлангач.
- "Машъал"га қарши ўйинни ҳисобга олмасак "Қизилқум" кўп мағлубиятга учради ва очколар йўқотди. Бунинг сабаби нимада? "Қизилқум" қуйи поғоналардан узоқлашганидан сўнг бироз эркинликка берилдими?
- Фикрингизга қўшилмайман. Бизда тўлиқ иккита таркиб йўқ. Шунингдек, бир нечта футболчиларимиз жароҳатда. Ваҳобов бугун майдонга қайтди. Биз имкон қадар юқоридан жой олишга максимал ҳаракат қиламиз. Кейинги мавсумда эса янада кўпроқ ёшларни жалб этамиз.
- Ислом Кенжабоевнинг иккинчи таймда ўйинга қўшилгани ҳам жароҳат сабаблими? "Бухоро"га қарши назорат учрашувида ҳам Кенжабоев майдонда йўқ эди...
- Ҳа. Кенжабоев ўтган мавсум "Насаф" сафида жароҳат олган ва жарроҳлик амалиётини ўтказган эди. Ҳозир у яна оғриқ ҳис қилмоқда. Кейинги ўйинларда унинг соғлиғи яхши бўлса, яна майдонга қайтади. У бизга керакли ўйинчи. Бундай яхши ўйинчини захирада ушлаб ўтиришдан маъно йўқ.
- Санжар Қувватов пенальтиларни бартараф этиш бўйича жуда яхши дарвозабон. "Пахтакор"да ўйнаган вақти бир нечта муҳим ўйинларда 11 метрлик зарбаларни бартараф этган эди. Бугун эса Қувватов иккита зарбани ҳам қайтара олмади...
- Белгиланган пенальтиларни қайта кўриб чиқиш керак. Менимча, иккинчи пенальти йўқ эди. Ҳали такрорий вазиятни кўриб чиқмадим. Пенальти - лотерея.
- Чемпионат якунида кўпгина ўртамиёна жамоалар мақсадсиз бўлиб қолгани туфайли ўйиндаги пасайиш кузатилади. Яъни мотивация йўқолиб қоладигандек. "Қизилқум"да ушбу ҳолат кузатилмайдими?
- Жамоамизда руҳият яхши. Бугунги ўйинни қизил карточка ва пенальти ҳал қилди. Насиб бўлса, чемпионат якунида юқори ўринлар учун курашамиз. Жароҳатдаги футболчиларимиз тезроқ сафга қайтса, мусобақа жадвалида имкон қадар кўтарилишга ҳаракат қиламиз.
Similar news

Comments