"Турон" – "Бунёдкор" учрашувидаги баҳсли вазият юзасидан ЎзФҲМ баёнот берди. Қанот ҳаками четлатилди

Omonjon To`xtamirzayev
21 авг 2023
Аввалроқ хабар берганимиздек, Ўзбекистон Cоcа Cоlа Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган “Турон” – “Бунёдкор” учрашувидаги 1-голда юзага келган баҳсли вазият Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан кўриб чиқилди.

Унга кўра, учрашувнинг 5-дақиқасида “қалдирғочлар” ярим ҳимоячиси Фарҳод Ўткиров томонидан урилган голда ўйиндан ташқари ҳолат бўлгани қайд этилди.

Мазкур ҳолат ЎФА ҳакамлар қўмитаси томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Юқорида келтирилган видеомаълумотлар қўмита вакилларига илова қилинди. Унга кўра, ушбу вазият VAR ҳакамлари томонидан кўриб чиқилган, бироқ офсайдни қайд этиш учун етарлича тасвирлар ва далиллар бўлмагани сабабли, VAR протоколи бўйича улар голни инобатга олишга мажбур бўлгани ойдинлашди. VAR ҳакамлари фақатгина МТРК узатган кадрлардан фойдалана олишини, "Mycujoo" томонидан суратга олинган тасвирлар эса уларга тақдим қилинмаслигини (техник томондан бунинг иложи йўқ) инобатга олсак, бу вазиятда VAR вакиллари ожиз қолган. Ваҳоланки, “Mycujoo”нинг тасвирида офсайдни илғаб олиш қийинчилик туғдирмас эди. Шу тариқа, ушбу далиллардан келиб чиққан ҳолда, ҳакамлар қўмитаси вакиллари VAR ҳакамларини айбсиз деб топди.

Шунингдек, ўйиннинг бу вазиятида назоратни қўлдан чиқаргани ва ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этмагани сабабли, учрашув ёрдамчи ҳаками Феруз Достонов айбдор деб топилди ва қўмита унга нисбатан Суперлига баҳсларидан 4 та ўйинга четлатиш ва қуйи лигага тушириш жазосини қўллади.


Omonjon To`xtamirzayevМуаллиф
Манба: ЎзФҲМ