Тринидад ва Тобаго бош мураббийи: "Натижадан ҳафсалам пир бўлди. 60 дақиқа яхши ўйнадик"

Оқил Абдубарноев
29 мар 2026
Тринидад ва Тобаго бош мураббийи Дерек Кинг FIFA Series турнири 1-тури доирасида Венесуэлага қарши ўйиндан сўнг (1:4) ўз фикрларини билдирди.

"Ўйиннинг дастлабки 60 дақиқасида ўзимизни яхши томонлама кўрсата олдик, деб ўйлайман. Жамоамиз уюшқоқ, интизомли ҳаракат қилди ҳамда тўп билан ва тўпсиз ҳолатларда ҳам ўзида етарлича жасорат топа олди. Иккинчи бўлим бошидаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олганимиз эса майдонда қилган меҳнатларимизнинг ижобий натижаси бўлди", – дея таъкидлади мураббий.

Мутахассис ўйиндаги бурилиш нуқтаси сифатида ўтказиб юборилган биринчи голни кўрсатиб ўтди: "Афсуски, бундай юқори даражадаги ўйинларда кичик вазиятлар ҳам учрашув тақдирини ҳал қилиб қўяди. Биз ўз дарвозамиздан осон гол ўтказиб юбордик ва шундан сўнг жамоавий тузилмамиз ҳамда диққат-эътиборимизни бироз йўқотдик. Назаримда, айнан ўша биринчи гол ўйиннинг бурилиш нуқтаси бўлди ва бу биз тезроқ ҳал қилишимиз керак бўлган муаммодир. Бу вазиятни яхшироқ назорат қилишимиз керак эди. Мана шундай лаҳзалар ўйин темпини бутунлай ўзгартириб юборади. Шундан сўнг хотиржамликни йўқотдик ва Венесуэла бундан унумли фойдаланиб қолди".

Умумий ўйин ҳақида фикр билдираркан, Кинг жамоанинг тажриба орттираётганини алоҳида қайд этди: "Таркибда бир қатор тажрибали футболчилар билан бирга ёшлар ҳам жамланган бўлиб, бу каби ўйинлар уларнинг ўрганиш ва ўсиш жараёнининг бир қисми ҳисобланади. Ўйиндаги яққол ижобий жиҳатлар билан биргаликда, аниқ хулосаларимиз ҳам бор. 90 дақиқа давомида янада барқарор ҳаракат қилишимиз шарт. Албатта, якуний натижадан ҳафсалам пир бўлди. Муҳим лаҳзаларда диққатни чалғитдик ва бундай вазиятларда ўйинни яхшироқ бошқаришни ўрганишимиз керак. Аммо дастлабки 60 дақиқадаги ҳаракатларимиз биз учун катта ижобий ҳолатдир... Йигитлар шу даражада бемалол рақобатлаша олишини кўрсатади. Биз нафақат ҳимоя чизиғи сифатида, балки бутун жамоа бўлиб мудофааланишни кучайтиришимиз лозим".

Кингнинг фикрича, ҳимояланиш – бу бутун майдон бўйлаб жамоавий тузилма, ўзаро алоқа ва юқори диққат-эътиборни сақлаб қолиш демакдир.

Маълумот ўрнида, Тринидад ва Тобаго терма жамоаси ўзининг иккинчи ўйинини душанба куни Тошкентда Габон терма жамоасига қарши ўтказади.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Тринидад ва Тобаго матбуот хизмати