Топ-клубда ўйнамай туриб, АПЛнинг асосий кашфиётларидан бирига айланган футболчи ҳақида
24 дек 14:20
Янгиликлар
Топ-клубда ўйнамай туриб, АПЛнинг асосий кашфиётларидан бирига айланган футболчи ҳақида
"Борнмут" етакчиларидан бири Антуан Семеньо – АПЛда мавсумнинг асосий кашфиётларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Бошқа томондан уни кашфиёт дейиш ҳам қийин, сабаби 25 ёшли футболчи ўтган йили ҳам майдондаги ҳаракатлари билан ажралиб турганди. Гол+пас тизимида 16 (11+5) очко ақлбовар қилмас натижа бўлмасада, ҳаракатчанлиги, табиатдан инъом этилган қуввати туфайли у мунтазам равишда рақиблар ҳимоясига босим уюштиради. Бундан ташқари ўтган мавсум омадли дриблинглар сони бўйича ТОП-3га киришни уддалади. Бу борада фақатгина Жереми Доку ("Сити") ва Муҳаммад Қуддус ("Вест Хэм") ундан тепароқда жойлашди.

Шунга қарамай, Семеньо бу мавсум янги даражага чиққандек. Жамоаси 15-ўриндалигига қарамай, Антуан тўпурарлар пойгасида (8 тадан гол) Экитике билан 3-ўринни бўлишиб турибди.
Агарда бироз каттароқ вақт оралиғини оладиган бўлсак, апрель ойидан буёғига қайд этилаётган натижа ҳам ёмон эмас: гол+пас тизимида 12+4, бу эса жамоа голларининг ярмидан кўпроғи дегани.
Хўш, Семеньо қайси жиҳати билан кучли? Қайд этиш лозим, унинг самарадорлиги бевосита жамоанинг услуби билан ҳам боғлиқ. Андони Ираола қўл остида барча футболчилар рақибни прессинг қилишга қаратилган. Эътиборли жиҳати, улар юқори прессинг билан тўпни имкон қадар қулай зоналарда олиб қўйиб, устунликка эга бўлишни кўзлашади. Бу муваффақиятли амалга оширилганда эса тўпни кўпинча Семеньога етказишади. У олдинги чизиқда (207) ва майдоннинг учинчи қисмида (72) энг кўп узатма қабул қилиб олган. Аксарият эпизодларда тўп вингерга келиб тушдими, у вазиятни бир ўзи ҳам якунлаб қўйиши мумкин. Бунга ёрқин мисол сифатида "Фулхэм"га қарши ўйинни эслаш мумкин. Семеньони бир йўла икки футболчи қўриқлаётганига қарамай, у олдинга қараб ҳаракатланди ва ўткир бурчакдан гол уришни уддалади.


Уни тўхтатиб қолиш жуда қийин. Ганалик нафақат жисмонан бақувват балки ажойиб дриблинг соҳиби ҳамдир, қўшимчасига ҳар икки оёқда бирдек фойдали ҳаракат қила олади. Бунинг натижасида у ҳам ўнг оёқда, ҳам чап оёқда зарба йўллаши, рақибни алдамчи ҳаракатлар билан чалиғитиб, ҳар икки йўналишда бирдек давом этиши мумкин. Одатда профессионал футболда ҳимоячилар маълум рақиб билан ўйинга тайёргарлик вақтида у учун қулай оёқ қайсилигига қараб, тайёргарлик кўрадилар ва ўйин вақтида бир-бирларининг ёдларига солишади: "ўнг оёқ" ёки "чап оёқ", лекин қаҳрамонимиз айтганимиздек, ҳар икки оёқда бирдек ўйнайверади.

Статистик кўрсаткичларга қайтадиган бўлсак, айнан зарбалар Семеньонинг ҳар икки оёғи бирдек ишлашини кўрсатади. У жорий мавсум рақиб дарвозасига 32 бор зарба берган: 15 та – чап оёқда, 15 та – ўнг оёқда ва 2 бор – бош билан. Идеал мутаносиблик. Айнан "Борнмут"нинг тезкор ҳужумларга таянган ўйинида эса Семеньо айниқса хавфли кўринади. "Opta" маълумотларига кўра жамоа тўпга ўртача – бор йўғи 8,7 сония эгалик қилади ва бу орада 3,3 та узатма амалиб ошириб улгуради. Яъники Антуан кўпинча рақиб ҳали ортга қайтиб улгурмаган ва ҳимоячилар ўз зоналарига жойлашиб олмасидан бўш ҳудудлардан унумли фойдаланади. Ўтган мавсум "Борнмут"нинг асосий "фишкаларидан" бири ҳам марказий ҳимоячи Дин Хёйсеннинг Семеньога аталган диагонал узатмалари эди.

Дарвоқе, ёзда "Борнмут"нинг бир қатор футболчиларини кучлироқ жамоалар олиб кетди, аммо ҳеч ким Семеньони сотиб ололмади. Клуб стратегияси яхши нархга харидор чиқса, исталган футболчини сотиш мумкин ва ҳар бир ўйинчига аввалдан ўринбосар тайёрлаб турилади. Кўриб турганимиздек, тизим ёмон ишламаяпти. Ҳозирда "Борнмут"ни еврокубоклар зонасидан бор йўғи 7 очко ажратиб турибди.
Нима бўлганда ҳам Семеньонинг трансфери – вақт масаласи. Ўтган ёздан буён МЮ, "Ливерпуль" ва "Манчестер Сити" клублари футболчига қизиқаётгани ҳақида хабарлар айланиб юрибди. Аввалроқ, Фабрицио Романо "шаҳарликлар" бу масалада олдинга силжигани ҳақида хабар берди. Ганаликнинг "Борнмут" билан 2030 йилгача мўлжалланган шартномаси бор. "talkSPORT"дан Алекс Крукнинг маълум қилишича, вингернинг шартномасида товон пули борасида алоҳида банд бор. Бироқ тафсилотлар очиқланмаяпти. Аввалроқ, "Борнмут" футболчиси трансферидан тахминан 75 млн евро олмоқчилиги айтилганди. Яна бир муҳим нюанс – ЖЧ-2026. Гана терма жамоаси мундиалга чиқа олди ва бу каби мусобақалар одатда футболчилар учун кўргазма майдони бўлиб хизмат қилади. Бошқа томондан агар Семеньо жароҳат олмаса, харидорлар ёзни ҳам кутиб ўтирмай, январдаёқ уни ўз сафларига қўшиб олишлари мумкин.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
Ла Лига. "Барселона" меҳмонда "Вильярреал" устидан ишончли ғалабага эришди, мезбонлар ўйинчиси 39-дақиқада майдондан четлатилди
"Реал" Абдуқодир Ҳусановни ўз сафига қўшиб олмоқчи
Breaking! Ўзбекистоннинг ЖЧдаги рақиби Португалия Эрон билан ўйнайди
Элит ОЧЛ. "Насаф" "Ал Иттиҳод"га кичик ҳисобда ютқазиб, плей-оффга чиқиш имкониятини йўқотди
Фикрлар