Таиланд термаси бош мураббийи: "Ўзбекистон жуда кучли ҳимояга эга жамоа. Ўйинга 100% тайёрмиз"
29 янв 14:34
Янгиликлар
Таиланд термаси бош мураббийи: "Ўзбекистон жуда кучли ҳимояга эга жамоа. Ўйинга 100% тайёрмиз"
- Таиланд терма жамоаси бош мураббийи ва футболчи Элиас Доланинг Ўзбекистонга қарши ўйиндан олдинги фикрлари қандай?
Масатада Иши: - Мусобақадан олдин асосий вазифамиз плей-офф йўлланмаси эди. Кейинги босқичга чиқиш вазифасини бажардик. Энди олдинда янги синов бор. Эртанги ўйинга 100% тайёрмиз.
Элиас Дола: - Учрашувга тўлиқ тайёрмиз, деб айта оламан. Барча жароҳатланган ўйинчилар сафга қайтишди. Ўзбекистонга қарши синовга шаймиз.
- Жаноб мураббий, Саудия Арабистони билан ўйиндан кейин Ўзбекистон ҳақида гапиришга эрта деб айтиб ўтдингиз. Ҳозир эса рақиб ҳақида гапирадиган пайт келди. Ўзбекистон терма жамоасининг кучли жиҳатлари айнан нимада? Рақибни анализ қилдингизми?
Масатада Иши: - Албатта, Ўзбекистон жуда кучли ҳимояга эга жамоа. Уларга бўш зоналар қолдириш жуда хавфли. Биз бу нарсага йўл қўя олмаймиз.
- Саволим ўйинчига, бу турнирда бирорта гол ўтказмадингиз. Бироқ, плей-офф босқичидаги рақиблар бошқа даражада. Ўзбекистонга қарши ўйинда қандай ҳаракат қилмоқчисиз?
Элиас Дола: Эртанги ўйинда қилишимиз керак бўлган асосий иш - гол ўтказмаслик. Мураббийимиз қандай ўйнаш кераклигини аниқ белгилаб берди. Ўйиндан олдин ишончимиз юқори. Ўзбекистонга қарши режамиз аниқ. Мақсадимиз кейинги босқичга йўл олиш.
- Саволим футболчига. Гуруҳ босқичи ўйинлари нисбатан осон эди. Бу сафарги рақиб - Ўзбекистон терма жамоаси. Бу ўйин олдингиларидан қанчалик қийин бўлиши мумкин?
Элиас Дола: Гуруҳдаги рақибларнинг барчаси ФИФА рейтингида биздан юқорида эди. Якунда гуруҳдан чиқа олдик. Ўзбекистон ҳам рейтингда биздан анча баландда жойлашган. Бизни хурсанд қиладиган нарса шуки, бутун таркибимиз ўйинга тайёр. Биз бу ўйинда ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олишимизга ишонаман.
- Жаноб мураббий, эртага тажрибали ҳимоячи Тҳератон Бунматан сафга қайтади. Унинг майдонга тушиши жамоага қанчалик ёрдам беради?
Масатада Иши: - Албатта, Бунматаннинг таркибда бўлиши жуда катта фойда беради. Таиландда у каби тажрибали ўйинчилар саноқли. У жамоадаги энг муҳим ўйинчилардан бири. Умуман олганда, бу мусобақада бир бутун бўлиб ҳаракат қиляпмиз.
- Жаноб мураббий, гуруҳ босқичида гол ўтказмадик, аммо учта ўйинда иккита гол урганимизни ҳам унутмаслик керак. Бу икки гол ҳам биринчи ўйинда урилди. Ўзбекистонга қарши ўйиндан олдин бирор ўзгаришни амалга оширмоқчимисиз?
Масатада Иши: - Гуруҳ босқичи ўйинларида дарвозабон ва ҳимоя чизиғимиз ажойиб ҳаракат қилди. Бироқ, ҳозир нимчорак финалдамиз. Даража умуман бошқа. Ўзбекистонга қарши ўйинда гуруҳдаги ўйинларга қараганда бошқача ҳаракат қиламиз.
- Саволим футболчига, бош мураббий мусобақадаги энг асосий вазифани бажардик деб айтди. Асосий мақсадга эришилгач, жамоани қайси йўл билан руҳлантириш мумкин?
Элиас Дола: - Ўзимдан келиб чиқсам, мен ўзимни осонлик билан руҳлантира оламан. Доҳа каби ажойиб шаҳарда узоқроқ қолмоқчиман. Мақсадимиз аниқ. Фикримча, таркибдаги барча ўйинчи мен каби фикрласа керак. Мураббий бизга, биз мураббийга тўлиқ ишонамиз. Қатарда кўпроқ ўйин ўтказишни ният қилганмиз.
Фикрлар