Шухрат Муҳаммадиев: "Бизни 3 та жиддий учрашув кутиб турибди"

Mirjalol Normatov
21 июл 2018
"Локомотив" ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиев навбатдаги учрашувлар ҳақидаги фикрларини билдирди.

- Учрашувнинг (Насаф клубига қарши) илк дақиқаларида ҳужумга ўтдик ва гол киритиб олганимиздан сўнг бир оз ҳотиржамликка берилдик. Шунинг эвазига гол ўтказиб юбордик. Лекин ўтказиб юборилган голдан кейин ўйинга тўлиқ киришиб кета олдик ва яхши ўйнай бошладик. "Насаф" устидан чиройли ғалабага эришдик. "Насаф" таркибида ажойиб ёшлар жамланган. Клуб академияси Ўзбекистонда энг яхшилардан бири. Академиядан чиқаётган бу ёшлар Суперлига бахсларида яхши тажриба тўплашмоқда. Рўзиқул Бердиев жамоаси қандай таркибга эга бўлмасин, ҳар доим кучли ўйин кўрсата олади. Етакчи ўйинчилар жамоани тарк этганига қарамай, майдонда ҳар бир қарич жой учун кураш олиб бормоқда.

Суперлига ўзининг қизиқ палласига кириб бормоқда, барча мухлисларни ҳали қизиқ учрашувлар кутиб турибди, шу жумладан бизнинг олдимизда ҳам 3 та жиддий ўйин бор. "Сўғдиёна", "Бунёдкор" ва "Пахтакор" клублари билан учрашувларда ўзимизнинг кучимизни ҳар тарафлама намойиш этишга ҳаракат қиламиз - деди футболчи клуб матбуот хизматига.


Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: lokomotiv.uz