

“Олдинда бизни жуда қийин ўйин кутмоқда. Агар гуруҳдаги вазиятга қарасак ҳам буни тушуниб олиш мумкин. “Персеполис” ҳозир тўплаган очкодан кўпроғига муносиб аммо бу футбол. Улар кучли клуб”, - Арвеладзе.
“Эртанги ўйинда кўп нарса ҳал бўлади. Бизга фақат ғалаба керак қолган барча натижа бизни қийин аҳволга солиб қўяди”, - дейди Кримец.
- Эртага рақибдан қандай ўйин кутаяпсиз?
- Улар доим бир хил ўйнашади. Эртага ҳам агрессив ва ҳужумкор ўйин кутаяпман.
- “Персеполис” бу мавсум ОЧЛда сафарда иккала ўйинда ҳам ютқазиб қўйди. Эртага бу сизларга қандайдир енгиллик берадими?
- Бунга қўшилмайман. Улар сафарда ёмон ўйнашмаяпти. Билсангиз битта баҳсни нейтрал майдонда ўтказишди, футболда ким кўпроқ гол урса ўша жамоа ғолиб бўлади.
- Жамоа таркибида йўқотишлар борми?
- Жасур Яхшибоев жароҳат олган. Достонбек Ҳамдамовда эса сариқ карточкалари сони иккита бўлган.
- Қайси омиллар эвазига рақибни мағлуб этмоқчисиз?
- Рақибдан кўра кўпроқ гол уриш эвазига.
- Эртага натижа биринчи ўринда бўлади. Дейлик “Пахтакор” ёмон ўйнаб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонса хурсанд бўласизми?
- Албатта (кулади). “Ливерпуль” каби яхши ўйнаб ютқазгандан кўра ёмон ўйнаб ютган яхши.
Нарзулла Сайдуллаев ёзиб олди



