

Иккинчи даврада эса у ҳеч бир жамоа сафида кўриниш бермади. Хўш, унинг жамоасиз қолиб кетганига нима сабаб бўлганини аниқлаш мақсадида Холматов билан боғландик.
- "Нурафшон"дан кейин бошқа жамоалардан таклиф бўлмадими?
- "Нурафшон"дан кетганимдан кейин Про-лигадан таклифлар бўлди. Бироқ клубда пулларим қолганлиги туфайли ва оилавий шароитимдан келиб чиқиб бошқа жамоалардан тушган таклифларга розилик билдирмадим.
- Ўйин амалиётига эга бўлмаганингизи қандай изоҳлайсиз?
- Мавсум бошида асосий таркибда майдонга тушаётгандим. Кейинчалик эса бош мураббий алмашганидан сўнг ўйин амалиёти камайиб кетди. Шу тариқа мен захирада қолиб кетдим.
- Клубни нима сабабдан тарк этдингиз?
- Аслида жамоадан кетишимга нима сабаб бўлганини "Нурафшон"да ишлаган мураббийга берсангиз яхши бўларди. Мавсум давомида доимий таркибда бўлсам-да, нима учун майдонга туширилмаганимга хайронман. Даврон Файзиевнинг ўзи қолганида ва унга ишонч берилганида вазият бундай бўлмасди. У яхши бошқараётган эди.
- Ёзда "Андижон" кўригида бўлдингиз. У ерда қолмаганизга нима сабаб бўлди?
- Бош мураббий таклифи билан боргандим. Кейин билсак, клуб раҳбари четдан янги ўйинчи таклиф қилган экан. Бундан бош мураббий ҳам бехабар эканлигини маълум қилишди. Шу сабаб "Андижон"ни тарк этишга мажбур бўлдим.



