

"Бугун келган мухлисларга раҳмат айтаман. Ютқазаётганимизда ҳам бизни қўллаб туришганидан хурсандмиз. Улар ютишди, демак айни пайтда улар кучлироқ экан. Биз 2:3 ҳисобида ютқаздик", - дейди Сергей Лушчан.
- Акром Комиловда бундай вазият биринчи марта эмас. Ўйиндан олдин футболчиларга учрашув аҳамиятини тушунтирмайсизларми? Қачон улар катта бўлишади?
- Тўғри биринчи марта эмас. У ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ҳам қизил олган. Бу унинг энг нозик нуқтаси. Унинг жаҳли чиқса ақли кетади. Жуда тиришқоқ йигит, меҳнаткаш футболчи. У ўз устида ишлашда тинмайди. Акромга жазо беришимиз мумкин, аммо бундан фойда бўлади деб ўйламайман. Ҳозир кийим алмаштириш хонасига бордик, у ерда Комилов йўқ. Уни қидиришга одам юбордим. Унинг учун хавотирдаман. Комилов жуда яхши ўйинчи, шунчаки бироз қизиққонроқ.
- Тезкор голлар режага қанчалик таъсир қилди?
- Бугун тез ўтказган голдан сўнг йигитлар қўлларини тушуришмади. Ҳужум қилдик ва гол урдик, афсуски рақиб яна гол урди.
- "Бунёдкор" ОЧЛда гуруҳ босқичида 14та ўйиндан буён юта олмаяпти. Жамоада ғолиблик руҳияти борми?
- Албатта. Бугун йигитлар сўнгги дақиқаларда 10 киши бўлиб ҳужумга ўтишди. Демак жамоада ғолиблик руҳияти бор. Менга катта пул беринглар ва Месси билан ОЧЛда ғолиб чиқишим мумкин.
- Сардор Рашидовнинг интервьюсини ўқидингизми. У сизни профессионал эмас деб атади?
- Йўқ, мен "сариқ матбуот"ни ўқимайман. Сардор шундай деган бўлса майли. Барчаси унинг виждонига ҳавола.
- Жамоа ўз тарбияланувчиларидан етакчини тайёрласа бўлмайдими?
- Бизда шундай йигитлар бор. Масалан, Нурилло Тўхтасинов келажакда шундай бўлиши мумкин. Аммо бизда ҳозир плеймейкер йўқ буни тан оламан.
- Жамоа икки ўйинда 5та гол ўтказди. Бу кўп эмасми?
- Кўп, албатта. Ўзбекистон чемпионати учун кўп, аммо ОЧЛ учун нормал ҳолат деб биламан. Бугун қайсидир жамоа 6та гол ўтказибди. У ерда ҳам фожиа бўлса керак.
Нарзулла Сайдуллаев



