UZ

Сўнгги янгиликлар

02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  0 01:00Ла Лига. "Барселона" "Сельта" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  38 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  25 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  7 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  2

Сардор Рашидов: “Жамоадошларим ҳазиллашиб ҳам “звезда” деб жиғимга тегишса сесканиб тушаман” Янгиликлар

Сардор Рашидов: “Жамоадошларим ҳазиллашиб ҳам “звезда” деб жиғимга тегишса сесканиб тушаман”

Шу йилнинг 2 апрель куни Осиё Чемпионлар лигаси доирасида “Бунёдкор” Хитойнинг “Бейцзинь Гуан” клубини қабул қилди. “Қалдирғочлар” қанчалик харакат қилишмасин, меҳмон жамоа дарвозасига йўл топа олишмади.
Учрашувнинг 75-дақиқасида Миржалол Қосимов кутилмаган ўзгаришни амалга оширди: чап қанот эгаси Жасур Хасанов ўз ўрнини Сардор Рашидовга бўшатиб берди. Нуфузли мусобақада тажрибали ўйинчини ёшлар таркиби аъзосига алмаштириш анча таваккал қадамдек кўринганди. Бироқ Рашидов тезкор ҳужумкорлиги билан ўйинни анча жонлантирди ва мухлислар эътиборига тушди.

Ордан 5 ой вақт ўтиб, мамлакат чемпионатидаги “Навбаҳор” билан учрашувда у илк бор асосий таркибдан жой олди ва ўйинда ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Бир ой ўтиб эса, миллий терма жамоа сафида майдонга тушди ва Вьетнам термаси дарвозасини ишғол қилиб, миллионлаб ишқибозлар ҳайқириғига сабабчи бўлди. Албатта бундай омадли дебют ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Лекин Сардор Рашидов бу зафарли онларга осонликча эришгани йўқ. Илк мартта 2010 йил “Бунёдкор” таркибида майдонга тушган футболчи кейинги икки мавсумни ёшлар таркибида ўтказишига тўғри келди. Бунинг сабаблари ва умуман бу йил кашфиётга айланган футболчини мухлисларга яқинроқ таништириш мақсадида у билан уюштирган суҳбатимиз унинг футболга илк қадам ташлаган пайтларини ёдга олиш билан бошланди.

- 1991 йил Жиззах шаҳрида туғилганман. Шаҳардаги 6-ўрта мактабда таҳсил олганман. 6 ёшимдан Жиззах Болалар-ўсмирлар спорт мактабида футбол тўгарагига қатнаганман. Биринчи мураббийим Дилявер ака. Кейинчалик Вадим Маметович ва Усмон акалар қўл остида шуғулланганман (футболчиларнинг аксарияти болаликдаги мураббийлари фамилиясини билмаслиги – факт, муалл.). 2008 йил “Сўғдиёна” клуби ёшлар таркибига қабул қилинганман. У ердаги мураббийим Шухрат Йўлдошев бўлган. Лекин асосий таркиб бош мураббийи Фурқат ака Эсонбоев тавсиясига кўра машғулотларни бош жамоа билан бирга ўтказардим. 2009 йил “Сўғдиёна” таркибида олий лигада икки учрашувда майдонга тушганман: “Шўртан” ва “Андижон” жамоаларига қарши ўйинларда. Лекин “Бунёдкор”дан таклиф бу учрашувлардан кейин эмас, айнан “қалдирғочлар” ёшлар таркибидаги икки ўзаро ўйиндан сўнг бўлган. У пайтда ҳужумда ўйнар эдим ва ўзаро ўйинлардан сўнг “Бунёдкор” мураббийлари Ҳикмат ака Эргашев ва Мурод ака Отажонов уларга менинг услубимдаги ёш ҳужумчи кераклиги, рози бўлсам, “Сўғдиёна” клуби билан ўзлари келишиб олишларини ҳақида фикр билдиришди. “Бунёдкор” ўша пайтда шов-шувли трансферлари билан нафақат мамлакат, балки бутун дунёда ном таратишга улгурган эди. Бу таклифдан бошим осмонга етди ва уйдагилар билан маслаҳатлашиб, Тошкентга йўл олдим. Аниқроғи, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрига. Чунки ёш “қалдирғочлар”нинг базаси ўша ерда жойлашган эди ва шу боисдан уч йил давомида Чирчиқ менинг иккинчи уйим бўлиб қолган.

- Ҳужумчи Сардор Рашидов қачон ва ким томонидан қанот ярим ҳимоячисига айлантирилди?
- 2010 йилги қишки ўқув-машғулот йиғинларини ёшлар таркибида ўтказдим. Лекин айнан ўша пайтда “Бунёдкор” асосий таркиби тубдан ўзгарди. Жамоани деярли барча етакчилар тарк этишди. Клуб мураббийлари мамлакатдаги бошқа тажрибали футболчиларни таклиф қилиш баробарида биз ёшларга ҳам эътибор қаратдилар. “Бунёдкор” таркибидаги илк учрашувим 2010 йил 26 июнь куни Ўзбекистон кубоги доирасидаги “Андижон” жамоаси билан ўйинга тўғри келди. Ўшанда Миржалол Қўшоқович мени заҳирадан чап қанот ярим ҳимоясига туширдилар ва нафақат ҳужумни кучайтиришим, балки ҳимояга ҳам ёрдам беришга улгуришим лозимлигини уқтирдилар. Шундан сўнг менинг майдондаги жойим қанот чизиғига айланди. Ўша куни биз 3:1 ҳисобида зафар қучдик. Орадан бир ҳафта ўтиб, кубокнинг навбатдаги босқичида “Нефтчи” билан ўйинда яна заҳирадан майдонга тушдим ва биз бу баҳсда ҳам ғалаба қозондик – 4:1. 26 август куни “Навбаҳор” билан ўйин эса ўша йилги мамлакат чемпионатида менинг илк ва сўнгги ўйиним бўлди...

- Нафақат ўша йилги, балки кейинги икки мавсумни ҳам ёшлар таркибида ўтказдинг. Буни қандай изоҳлаган бўлардинг?
- Аввало ўзим сабабчиман. Менга бир эмас, уч ўйинда имкон беришди. Лекин ҳали ёш бўлганим учун қаттиқ ҳаяжонланганман ва ўйиним чиқмаган. Иккинчидан, ёшлар таркибида мураббийлар ҳар бир ўйинчини қандай кўра олиши ҳам кўп нарсани ҳал қиларди. Масалан ёшлар таркибида тўрт йилда мураббий беш марта алмашди. Мени Эргашев-Отажонов тандеми таклиф қилган бўлса, кейинчалик ёшларга Роберт Гай, Александр Мочинов, Андрей Пинчуков ва яна Мочинов бош бўлишди. Ўз-ўзидан таркибдаги ўзгаришлар ва ўйин услуби ҳам бир-биридан фарқ қилди. Ва учинчиси, энг муҳими – “Бунёдкор” ҳар қандай мусобақада қатнашишидан қатъиназар ўз олдига энг юқори мақсадларни қўядиган клуб ва унинг таркибидан жой олиш ҳаммага ҳам эмас. Мен фақат 22 ёшга тўлиб шунга эришдим, лекин хали ҳам ўзимни асосий таркиб ўйинчиси деб ҳисобламайман. Терма жамоада гол уриб, “Бунёдкор”нинг кейинги ўйинида заҳирада қолишим кимлар учундир тушунарсиздир, лекин мен буни тўғри қабул қиламан. Сабаби етакчилар даражасига етишишим учун хали ўз устимда жуда кўп ишлашим керак.

- Икки йил ёшлар таркибига “сургун” қилинганингдан сўнг, асосий таркибдаги илк учрашувинг Осиё Чемпионлар лигаси баҳсига тўғри келди. Бу сафарги ҳаяжонни қандай енгдинг?
- Ёрдамчи мураббийлар тайёргарлик кўришим лозимлигини билдиришгандан сўнг қаттиқ ҳаяжонга тушдим. Юрагим уриши шундоқ ўзимга эшитилиб турарди. Лекин Миржалол ака ёнларига чақириб ўзимни босиб олишим, хеч нарсадан чўчимасдан харакат қилишим, асосан бехато ўйнаб, ҳужумни кучайтиришим даркорлигини айтдилар. Тирсагимни оталарча ушлаб, фикрларини ҳотиржам етказганлари мени ҳам ўзимга келтирди. Боз устига мендан олдин тенгдошим Алибобо Раҳматуллаев ҳам майдонга тушган ва тезда ўйинга киришиб кетгани ҳам менга далда бўлди. Хитойликлар ҳимоя марказида мустаҳкам қўрғон хосил қилганликлари сабаб, биз Али иккаламиз қанотлар фаоллигини оширишимиз лозим эди. Афсуски, майдон холати бунга тўлиқ имкон бермади.

- Зеро Рашидов секин-аста майдонга туширилса-да, чап қанотни ўзиники қилиб олиши мушкул эди. Сабаби бу позиция терма жамоа аъзоси Жасур Хасановга “брон” қилинишидан ташқари, Олег Зотеев ҳам унга даъвогар эди...
- Балки ишонмассиз, лекин ўзим чапақай бўлсам-да, менга ўнг қанотда ўйнаш кўпроқ ёқарди. Сабаби, тезкорлик билан қочиб кета туриб, ҳимоячи энди етай деганда тўпни чап оёққа мослаб зарба бериш ўзимга ҳузур бағишларди. Вьетнам терма жамоаси дарвозасига ҳам деярли шу холатда гол уришга муваффақ бўлдим. Шу боис ҳам қанотлар масласи мен учун катта муаммо бўлмаган. Имкон берилса, аввалги позициямга қайтиб ҳужумда ҳам ўйнайвераман (кулади).

- Миллий терма жамоага илк чақирув. Бу ҳар бир футболчининг орзуси ҳисобланади. Биринчи бор буни қай тариқа ва кимдан эшитдинг? Клубда ЎФФдан телеграмма келганини хабар беришдими ёки Миржалол Қосимов ўзингга айтганмиди?
- Ёшлар таркибида 5-6 футболчи академия базасида яшаймиз. Шулар интернетни ўқиб “Вой, Сардор Рашидов термада!” деб бир-бирларига кўрсата бошлашди. Мен келишиб олиб калака қилишаяпти, деб ўйладим ва аҳамият бермадим. Ўзимга кўрсатишганда эса ичим шувиллаб кетди. Унда ЎФФ расмий сайти Миржалол Қосимов навбатдаги йиғинга чақирган футболчилар рўйхати эълон қилинган ва улар орасида менинг ҳам номим бор эди. Тўғри, бу кенгайтирилган таркиб бўлиб, ўртоқлик учрашуви учун тақдим этилган бўлса-да, жуда ёқимли туйғу эди. Энг қизиғи, терма жамоадаги илк учрашувим ўртоқлик мақомида “Бунёдкор”га қарши кечди ва дастлабки норасмий голни ҳам “қалдирғочлар” дарвозасига киритдим.
Кейинги сафар Вьетнам билан бўладиган ўйинда расмий равишда чиқирилганимда эса мендан бахтли кишини топиш мушкул эди. Хурсандчилигимни ким биландир баҳам кўришим керак деб ўйладим ва ота-онамга қўнғироқ қилдим. Уларнинг холатини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

- Агар Рашидовлар оиласи ҳақида аниқ маълумотга эга бўлсам, тасаввур қилишга харакат қилардим...

- Оилада 5 кишимиз: ота-онам ва 2 укам. Отам электр тармоқлари соҳасида ишлайдилар. Онам мактабда муаллима. Укаларим ҳам менинг изимдан боришмоқда. Санжар “Сўғдиёна” клуби шарафини ҳимоя қилаётган бўлса, кичик укам мен футбол сирларини ўрганган БЎСМда таҳсил олаяпти.

- Уччала ўғил ҳам футболчи бўлишига ота-она қандай қарамоқда?
- Отам ўзлари ёшликларида футбол билан шуғулланганлари, кейинчалик ашаддий ишқибозга айланиб, уччовимизни ўзлари етаклаб, футбол мактабига олиб борганлари учун орзулари ушалаётганидан беадад шукр қиладилар. Мени мактабга чиқишимни ҳам кутмасдан футболга берганлари туфайли, боғчада ҳамма тушки уйқуга кетганда БЎСМга олиб боришларининг ўзи, улар фарзандлари футболчи бўлишга қанчалик интилганларини кўрсатади. Онам эса “хеч бўлмаса биттаси илмли бўлсин” деган ниятда кичкина укамни ўқишга кўндириш билан оворалар (кулади).

- Уйдан узоққа, яъни пойтахтга кўчиб ўтишингни қандай қабул қилишган?
- Юқорида айтганимдек, футболдаги ҳар бир ютуғим отамнинг орзулари ушалаётганидан дарак беради. “Бунёдкор”дан таклифни ҳам отам ҳаётимдаги энг катта имкониятлардан бири сифатида баҳолаган. Онамни эса барча аёллар муаммо сифатида кўрадиган маиший масалалар безовта қилган, яъни яшаш шароитим, иссиқ овқат ва юриш-туришим. Отам Чирчиққа келиб “Кимёгар” базасида шароитлар билан танишгач, бу муаммога ҳам барҳам берилган. Лекин онам ўғилларидан ҳеч бўлмаса биттаси илмли бўлсин деб куйинишида ҳам жон бор. Мен фақат футбол учун яшашим керак деб ўқишга харакат қилмадим. Маълумотим ҳам 11-синф битирувчиси даражасида қолиб кетди. Бироқ бу ҳозирча. Эрта-индин футболда ўз ўрнимни топиб олганимдан сўнг, албатта ўқишга харакат қиламан ва насиб қилса, футболчилик фаолиятим тугаганда бирор соҳа бўйича дипломим бўлади!

- Энди машҳурлик ҳақида гаплашсак. Терма жамоадаги илк учрашувда, боз устига рақиб ўз дарвозасини мустаҳкам қўриқлаб турган паллада Сардор Рашидов майдонга тушди. Кучли зарба билан ҳисобни очди ва миллионлаб томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Яъни эртасига машҳур бўлиб уйғонди. Шундан сўнг унинг ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўлди?
- Бошида ёқимли ҳислар пайдо бўлди. Ўзимга бўлган ишонч ортди. Мен ана шундай даражада ва бундан ҳам зўр ўйнашим мумкин деган даъват уйғонди. Лекин атрофдагиларнинг муносибатига ўрганишим қийин бўлмоқда. Телевидениенинг бир кўрсатувига чақиришган эди, дархол рад жавобини бердим. Худди мен кўрсатув қаҳрамони бўламан ва юлдузлик касалига учрайман деган қўрқув эгаллаб олди. Интернетда дўст бўлишни истовчилар сони кескин ошди. Деярли муносабатлари йўқ мактабдошлар ва таниш-билишлар йўқлови бошланди. Очиғи, мен бунга тайёр эмас эканман. Яъни яна бир неча йил менга хеч ким халақит бермаса, шуниси фойдадан холи бўлмайди, деб ҳисоблаяпман.

- Жамоада кимлар билан яқин муносабатдасан?
- Жавлон Мирабдуллаев билан 4 йилдан бери биргамиз. Шунингдек, базадаги хонадошим, ёшлар таркибида ўйнаётган Зокир Нурматов билан. Уларни бемалол сирдош дўстларим деб атасам бўлади. Асосий таркибга ўтиш жараёнида анча ҳадик бўлган. Лекин Анвар Бердиев, Игорь Таран, Артём Филипосян сингари катталар мени ўз қарамоғига олишди. Яъни ўйинларда қўллаб-қувватлашади, хатоларимни тўғри тушунтиришади, машғулотларда камчиликларимни кўрсатишади. Улардан миннатдор бўлган холда, ёш футболчи учун катталар кўмаги жуда муҳим эканини алоҳида таъкидламоқчи эдим.

- Лекин майдонда сенга қаттиқ танбеҳ берганларни ҳам кузатдик. Олександр Пишурнинг бақиришидан сўнг чўкиб қолгандек бўлдинг. Буни кейин матбуот анжуманида бош мураббийнинг ўзи ҳам тасдиқлади...
- Аслида у бошимни кўтариб ўйнашимни айтиб тўғри танбеҳ берганди. Лекин товушининг баландлатиши ҳақиқатан ҳам саросимага солиб қўйди ва кейинги вазиятда гол уришим мумкин холатда ҳам тўпни шеригимга оширдим. Танаффусда Миржалол Қўшоқович бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, куч бирлик ва аҳилликда эканини яна бир таъкидлаганларидан кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушди.

- Боя юлдузлик касалига учрашдан қўрқаман дединг...
- Дадам юлдузлик касалига учраб, фаолиятини эрта тугатган спортчилар ва санъаткорлар ҳақида кўп гапириб берганлар. Кўплаб мисоллар келтирганлар. Шу боисдан бўлса керак, жамоадошларим ҳазиллашиб ҳам “звезда” деб жиғимга тегишса сесканиб тушаман. Наҳотки менда қандайдир ўзгариш содир бўлди деб. Биринчидан ҳали “юлдуз” эмасман ва шу даражага етаманми ёки йўқми Худо билади. Лекин бу касалликка учрашимга дадамнинг ўзи йўл қўймаса керак. Сабаби, ҳар сафарги ютуғимдан сўнг қўнғироқ қилганида табриклашга бир дақиқа вақт ажратса, суҳбатнинг қолган қисми насихат ва тергаш билан ўтади (кулади).

- Клуб билан шартноманг қачонгача имзоланган?
- Дастлабкиси 3 йилга имзоланган бўлиб 2012 йил ниҳоясига етган. Кейин яна 3 йиллик шартномага имзо чекдим ва у 2015 йилда якунига етади.

- Футболчилар ҳозир яхши пул топишади. Айниқса мунтазам равишда юқори ўринларни эгаллайдиган клубларда. Сен майдонда тер тўкиб топган пулингни қандай сарфлайсан?
- Одатда ўйиннинг эртасига дам берилади. Баъзида ҳар ҳафта, баъзида икки ҳафтада бир мартта. Шундай пайтларда уйга йўл оламан ва пулларни дадамга топшираман. 80 ёшлик бувам борлар. Уйимизга яқин жойда амаким билан яшайдилар. Пулга муҳтож эмаслар, лекин уларнинг дуоларини олиш мароқли. Қўлларига “бу менинг маошим” деб топширсам, неварам Тошкентда ишлаб менга пул олиб келаяпти деб узундан-узоқ дуо қиладилар.

- Балки яхши топаётганингда тўплаб, пойтахтдан уй ёки хонадан олиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар?
- Ҳозир базамиздаги шароит аъло даражада. Ётиб-туриш, озиқ-овқат, кийим-кечакдан муаммо йўқ. Жамоадошларимнинг аксарияти ёнимда, демак зерикишга ҳам вақт йўқ. Қолаверса ота-онамдан узоқлашиб кетиш ниятида ҳам эмасман. Ўқишни Жиззахда давом эттирмоқчиман. Уй-жойим ҳам ўша ерда бўлишини истайман.

- Яқин орадаги режалар нималардан иборат?
- Нимагалигини билмайман, лекин терма жамоамиз Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кириитшига жуда-жуда ишонгандим. Бу йил терма жамоага жалб қилишларини хатто орзу ҳам қилмаганман, лекин кўнглимнинг бир четида Бразилияга терма жамоа таркибида бориш умиди бор эди. Ўйлаб қарасам, орзуни катта кўламда олган эканман. Энди ҳаммасини босқичма-босқич амалга оширишни режа қилаяпман. “Бунёдкор” таркибида мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш ва Осиё чемпионлар лигасида зафар қучиш. Терма жамоа сафида Австралия майдонларида Осиё кубогини бош узра кўтариш. 2018 йилда, Худо умр берса 27 ёшга тўлган бўларканман. Жаҳон чемпионати финал турнирида иштирок этиш учун энг мақбул ёш, нима дедингиз?!

Аброр ИМОМХЎЖАЕВ суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика