Сардор Мирзаев: "Терма жамоа сафида 1 дақиқа ўйнаймизми ёки 10, бор кучимизни бериб ҳаракат қилишимиз керак"

Aslanov Jasurbek
17 окт 2019
Ўзбекистон терма жамоаси ва "Локомотив" ярим ҳимоячиси Сардор Мирзаев Сингапурга қарши ЖЧ-2022 саралаш учрашувидан сўнг баҳс ҳақида фикр билдирди.

- Дастлаб ўйин ҳақида гапирсангиз. Баҳс қандай кечди?

- Баҳс қийин ўтди. Намлик даражаси жуда юқорилиги футболчиларга ҳалал берди. Сингапур терма жамоаси хотиржам ўйин кўрсатиб, прессинг уюштиришди. Лекин футболчиларимизнинг даражаси рақибникидан устунлиги яққол кўринди. Асосийси - ғалаба қозондик. Энди кейинги ойдаги баҳсларга тайёрланиш керак. Бизни 2та муҳим ўйин кутиб турибди. Худо хоҳласа, Саудия Арабистони ва Фаластинни енгиб олсак, гуруҳдаги етакчиликни мустаҳкамлаб оламиз.

- Захирадан майдонга тушганингиздан кейинги илк дақиқаларда ўйинингизда баъзи камчиликлар кузатилди...

- Тўғри, буни ўзим ҳам сездим. Дастлабки 5 дақиқада ўйинга киришиб кета олмадим. Ҳисоб хавфли эканлиги (2:1) бироз таъсир қилди. Кейин ўзимга келиб олдим. Ўзбекистон терма жамоаси сафида 1 дақиқа ўйнаймизми ёки 10, бор кучимизни бериб ҳаракат қилишимиз керак. Асосийси ғалаба.

- Майдонга тушишингиздан аввал Абрамов нималар деди, Машариповнинг вазифалари сизга юклатилдими?

- Аввалига марказда ўйнайман деб ўйлагандим. Абрамов мени Жалолиддин ўрнига майдонга туширди ва ҳисоб 2:1 бўлгани туфайли кўпроқ тўп ушашимиз кераклигини, кучга тўла бўлганим учун Фарруҳ (Сайфиев)ни ҳужумга ўтказиб, мен ярим ҳимоячиларга ёрдам беришим кераклигини айтди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Championat.asia