Саидазамат Мирсаидов: "Пахтакор"га қарши кечадиган мавсумнинг сўнгги баҳсини ижобий тарзда якунлашга ҳаракат қиламиз"

Sherzod Nurmatov
27 ноя 2025
Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги, 30-туридан ўрин олган "Навбаҳор" – "Пахтакор" учрашуви арафасида "лочинлар"нинг 24 ёшли маҳоратли ҳимоячиси Саидазамат Мирсаидов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

"Жамоамиз жорий мавсумнинг охирги баҳсини "Пахтакор"га қарши ўтказади. Мазкур клублар принципиал рақиб бўлгани боис турнир жадвалида қайси ўринда бўлишидан қатъи назар ўйинлар доимо шиддатли ва кескин курашлар остида кечган ҳамда бу сафарги баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта. 

Бундан ташқари, тошкентликларда кумуш медални қўлга киритиш имконияти сақланиб қолгани учун ҳам бўлажак учрашувнинг томошабоп кечиши эҳтимоли юқори. 

Биз ҳам мазкур ўйинда майдонга ўзгача руҳ ва иштиёқда тушиб, ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашиш, жорий мавсумнинг сўнгги баҳсини ижобий тарзда якунлашга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. 

Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан. 

Фурсатдан фойдаланиб, жорий мавсумда жамоамизга барча шароитларни яратиб берган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов ва "Навбаҳор" клуби раҳбариятига футболчилар номидан миннатдорлигимни билдираман", – деди Мирсаидов.

Эслатиб ўтамиз, "Навбаҳор" – "Пахтакор" беллашуви 29 ноябрь куни 15:00 да бошланади. 


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: "Навбаҳор" матбуот хизмати