Рўзиқул Бердиев: "Ал Файсали"нинг бошқа жамоалардан фарқи бор"
26 ноя 2023 18:53
Янгиликлар
Рўзиқул Бердиев: "Ал Файсали"нинг бошқа жамоалардан фарқи бор"
- Бу турнирнинг гуруҳ босқичи охирлаб бормоқда. ОЧЛда қатнашганимиз биз учун қувонарли, бу жамоамизнинг даражасини кўрсатиб берди. Турнир стартидан олдин олдимизга мақсад қилиб, узоқроққа боришни, гуруҳдан чиқишни қўйгандик. Барчаси ўз қўлимизда, эртага фақатгина ғалабани ўйлаб майдонга чиқамиз. Бунинг учун йигитлар ҳар тарафлама тайёр. Рақибларнинг "Шаржа" ёки "Ал Садд"дан фарқли томони бор. "Ал Файсали"нинг футболчилари жисмонан жуда кучли. Шу сабабли эртага бизга кўпроқ куч ва маҳорат керак бўлади. Ўйлайманки, охиригача туриб бера оламиз ва керакли натижага эришамиз.
Жавоҳир Сиддиқов: - Муҳим ўйин олдида турибмиз. Жамоа билан барчасини яхши ҳис қилиб турибмиз. Айни пайтда жамоанинг ҳар бир натижаси Қашқадарё аҳлига таъсир қилади. Эртага муҳим уч уч очкони қўлга киритиб, мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз. Жамоамиз яхши ҳолатда. Эртага мавсумдаги энг чиройли ўйинни кўрсатиб, юзимиз ёруғ бўлишга ҳаракат қиламиз.
- "Насаф" анча тиғиз режимда ўйнади. Сўнгги ўйинда жамоа "Сўғдиёна"га қарши оғир ўйин ўтказди. Шу ўйиндан кейин жамоа руҳан ва жисмонан қанчалик тайёр?
- Биз тиғиз тақвимга кўникиб боряпмиз. Агарда халқаро майдонда бўлаверсак, учрашувлар сони кўпаяверади. Ўтган мавсумда шундай ҳолатлар бўлди-ки, қисқа вақт ичида кўплаб ўйинларда қатнашдик. Ўйлайманки, бундай вазиятлардан чиқа оляпмиз. Чунки керакли натижаларга эришмоқдамиз. Ўйлайманки, эртанги ўйин ҳам биз учун яхши ўтади. Олдимизга қўйилган вазифани бажаришда эртанги ўйин натижаси муҳим ўрин тутади. Чунки ғалаба бизни келаси босқичга олиб чиқиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда барча йигитлар ўйинга шай ҳолатда. Фақатгина Алибек Давронов қизил карточкаси сабабли ўйинда қатнашмайди. Қолганлар ўйинга тайёр.
- Саволим Жавоҳирга. Рўзиқул Бердиев айтганидек, "Насаф" айни дамда тиғиз тақвимда. Футболчи сифатида бир нарсани айта оласизми, жамоа ҳар ўйинда юқори куч билан ўйнаши учун ҳар неча кунда ўйин ўтказиши керак?
Жавоҳир Сиддиқов: - Бир ўйиндан кейин энг ками 4-5 кун оралиғи бўлиши керак. Мураббийимиз айтганидек, ҳар 3 кунда ҳам ўйин ўйнашимизга тўғри келди. Шукурки, топ-жамоалар билан яхши натижалар қайд этди. Эртанги ўйингача биз 3-4 кун олдин учрашув ўтказдик. Ҳеч қачон баҳона бўлиши керак эмас. Максимум ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўз майдонимизда, ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнаймиз. Улар бизга қўшимча куч беради.
Рўзиқул Бердиев: - Ёз ойида ўйинлардан кейин футболчиларнинг тикланиш жараёни учун кўпроқ вақт кетиши мумкин. Бу табиий ҳолат. Мураббий қўл остида бир хил савияли футболчилар кўпроқ бўлса, у учун билинмаслиги мумкин. Бизда ҳам етарлча футболчиларимиз бор эди, баъзида жароҳатлар ёки бошқа сабаблар билан бу ҳусусиятни йўқотдик. Ҳозирги ҳолатда ҳавонинг яхшироқ бўлгани тикланишнинг тезроқ бўлиши сабаб бўлади. Бу нарсани амалда кўряпмиз. Ёз фаслида футболчининг тикланиши учун 5-6 кун керак бўлса, ҳозир тезроқ тикланишга ҳаракат қилишяпти. Бу факторлар ҳам бор.
- "Сўғдиёна"га қарши ўйиндан кейин ҳимоявий ўйин бирор жамоага ярашмайди деб айтдингиз. Дейлик, эртага "Ал Файсали" шундай ўйин кўрсатса, бунга қарши Б режа борми?
- Албатта, бизда олдиндан ҳам бундай режалар бўларди. Кўплаб ҳолатларда буни уддалаб, камбэк қилиб, ғалабани илиб кетган жойларимиз бор. Буни ҳам йигитларга таъкидлаймиз. Рақиблар ҳимояга ётиб олмаслиги учун биз тезроқ гол уриб, ташаббусни ўзимизга оғдириб олишимиз мумкин. Бу ҳолатни йигитларимиз ҳам тўғри қабул қилади. Шунингдек, бундай бўладиган бўлса бошқа режаларни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. "Сўғдиёна"га қарши ўйиндан кейин ҳиссиётларга берилиб кетган бўлишим мумкин, аммо буни ошириб юборишса жуда хунук кўринади. Ўшанда "Сўғдиёна" яхши ҳимояланди. Шу сабабли барча жамоалар исталган ҳолатга тайёр туришлари керак. Вазиятдан чиқиш учун жамоа кутилмаган ҳолатларга тайёр туриши керак. Буни йигитоарга кўп таъкидлаймиз. Сўнгги машғулотларда буни кўп шуғулландик. Агарда вазият шуни тақозо қилса, бунга қарши режаларимиз бор.
- "Ал Файсали"га қарши очиқ ўйин кўрсатиш хавфлими?
- Рақибларни ўрганиб чиқдик, барчасини яхши биламиз. Биринчи ўйинда ғалаба қозондик, лекин у осонликча бўлмади. "Ал Файсали" Иорданиянинг энг кучли жамоаси ҳисобланади. ФИФА кунларида уларнинг 4-5 нафар футболчилари терма таркибида ўйнади. Катта тажрибага эга футболчилар бор, ёшлар эса кам. Биз Иордания футболи деганда "Ал Виҳдат"ни кўпроқ биламиз, ўтган йили ОЧЛда уларга қарши ўйнадик. Уларнинг ўзаро ўйинини кўриб чиқдик, ўшанда бу жамоа устунлик қилган. Шу сабабли бу жамоани осон деб бўлмайди. "Шаржа"да ёрқин футболчилар бор, бу жамоа эса меҳнаткаш ва тартибли жамоа. Шу боисдан эртага уларни мағлуб қилишимиз учун кўпроқ меҳнат қилишимиз керак.
- Гуруҳда чалкашлик юзага келмоқда. Тасаввур қилайлик, "Насаф" гуруҳдан чиқди. Гуруҳдаги барча жамоаларга ҳурмат сақлаган ҳолда гуруҳдан чиқадиган иккинчи жамоа сифатида кимни айтасиз?
- Аввало биз ўз вазифамизни бажаришимиз керак. Гуруҳдаги ўйинлар барча жамоаларнинг даражаси бир хил деб кўрсатмоқда. Бизни гуруҳга қарасангиз яққол аутсайдер ёки яққол фаворит йўқ. Бу эса жамоаларнинг кучи ва даражаси мослиги кўриниб турибди. Номдор жамоалар бор. Лекин "Насаф" ҳам "Ал Файсали" ҳам ўз даражасини кўрсатиб бермоқда. Ҳа, турнирларда катта вазифалар ҳақида ўйлаймиз, бироқ буни бажариш ҳам керак. Эртанги турдан кейин кўп нарсаларга ойдинлик киритилади.
- Жамоа олдида катта вазифалар қўйилганди. Суперкубок ва Кубок олиб келинди. Мухлислар эса чемпионликни истаганди. Эртанги ўйинда мухлисларга қандай чорловингиз бор?
- Футбол мухлислар учун. Стадионга чорлаб қоламиз, бундай даражадаги ўйинлар доимо бўлавермайди. Эратга финал даражасидаги ўйин бўла олади. Эртанги ўйинда стадионга келиб, севимли жамоасини қўллайди. Мухлисларнинг қувватлови жамоа учун катта куч берадиган нарса. Шу сабабли мухлисларимиз ҳақиқатдан ҳам 12-ўйинчиси бўлишини, севимли жамоасини қўллаб-қувватлаши жуда ҳам хоҳлаймиз. Мухлислар ҳар хил бўлади, буни биламиз. Бироқ Ўзбекистон бўйлаб мухлисларимиз кўплигини биламан. Эртага биздан ижобий натижа кўришади.
Жавоҳир Сиддиқов: - Футбол - Қашқадарёнинг бир қисми. Эртага муҳим ўйин. Мухлисларни хурсанд қилишга максимал ҳаракат қиламиз. Эртага қўллаб-қувватлаб, бизга куч беришса, биз ҳам уларни натижа билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
- Машғулотларда қанчалик қийин бўлса, ўйинда шунчалик осон бўлади деган гап бор. Халқаро ўйинлар олдидан футболчиларга кўпроқ юклама берасизми ёки маҳаллий чемпионат ўйинларидан олдин? ОЧЛ ўйинларига тайёргарлик қандай бўлади? Мураббийнинг кайфиятичи? Буларни нима билан очиқлаб бера оласиз?
- Ҳар доим жамоанинг ҳолатига қарашимиз керак. Вақтни ҳисобга оламиз. Бугун ўйинни ўтказдик ва навбатдаги ўйинга жамоани тайёрлаш учун неча кун вақт бор. Сиз юклама беришиз шартми ёки шартмасми шунга қаралади. Жамоанинг ҳолати ва орадаги фарқ жуда керак. Агарда ўйинлар орасидаги фарқ кичкина бўлса, юклама берилмайди. А, Б режаси бўйича енгил машғулот олиб борилади. Узоқроқ фарқ бўлса, юклама бериш керак бўлади. Жамоанинг функционал ҳолати яхши бўлса - бу катта ютуқ. Ўйинлар орасидаги фарқ кичик бўлса, тактик ўйинлар, режалар ва руҳий-назарий машғулотлар бўлади.
Фикрлар