

Учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Равшан Бозоровнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Умумий маънода айтганда, ўйин тенг ўтди. Ҳар иккала жамоада ҳам гол уриш учун бир қатор имкониятлар бўлди. Якунда биз гол уриб, ғалабани "илиб" кетдик. Ёмғир ҳам ўйиннинг боришига ўз таъсири ўтказди. Юз фоизлик имкониятларни инобатга оладиган бўлсак, бу борада биз мезбонларга нисбатан устунлик қилдик. Хусусан, биринчи бўлимда футболчимиз икки марта рақиб дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқди. Иккинчи бўлимда эса, дарвозабон яна бир бор ўз маҳоратини намойиш қилиб, мезбонларни голдан қутқариб қолди. "Зомин" менда илиқ таассурот қолдирди. Жамоа яхши шаклланган. Агар улар гол уришганида бизга қийин бўлиши мумкин эди.
Фурқатбек Нишонов



