Расман: Олег Зотеев – "Андижон" аъзоси!

Sherzod Nurmatov
30 дек 2025
"Андижон" клуби қишки селекция ишларини давом эттирмоқда.

Ўзбек футболида ўз номига ва ўрнига эга бўлган 35 ёшли тажрибали футболчи Олег Зотеев "Андижон" билан шартнома имзолади ва у энди расман "бургутлар" аъзосига айланди.

2024 йилни "Сўғдиёна"да ўтказган қанот ҳимоячиси Суперлига ва Кубок баҳсларида ҳаммаси бўлиб 30 та учрашувда майдонга тушди. Зотеев ушбу ўйинлар мобайнида 4 та гол урди ва 5 та голли пасни узатди.

Олег фаолияти мобайнида ОКМК, "Бунёдкор", "Локомотив", "Чоннам Драгонс" (Корея Республикаси), "Қизилқум" ва "Сўғдиёна"да тўп тепган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 27 та ўйинда майдонга тушган ва 1 та гол муаллифи бўлган. 

Зотеев шу кунгача Корея Республикаси Кубогини ютган. Ўзбекистон чемпионатида ҳам бир қатор совринларни қўлга киритган. Шунингдек, 2024 йилги Ўзбекистон Суперлигасида йил рамзий терма жамоасидан жой олган.

Аввалроқ унинг янги жамоаси водий клуби бўлиши ҳақида хабар берган эдик.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: "Андижон" матбуот хизмати