Қозоғистонлик футболчи "Барселона" билан шартнома имзолади

Оқил Абдубарноев
11 апр 2026
Каталониянинг "Барселона" клуби Қозоғистондан чиққан ёш футболчи билан шартнома имзолади. Бу тарихий трансфер қаҳрамони – 15 ёшли иқтидор эгаси Карим Мендиқанов.

Ёш вингер расман каталонияликлар сафига қўшилди ва кейинги мавсумдан бошлаб "Барселона" тизимида ҳаракат қилади. Шу тариқа, Мендиқанов "Барса" тарихидаги илк қозоғистонлик футболчига айланмоқда.

Карим 2011 йилда Қозоғистонда дунёга келган. Профессионал футболчи бўлишни орзу қилган ўспириннинг оиласи 2022 йилда Испанияга кўчиб ўтган ва ўшандан бери Каталонияда машғулот ўтаб келмоқда.

photo_2026-04-11_18-30-39.jpg

Дастлаб у маҳаллий "Серданьола" клуби сафида тўп тепиб, ўзини кўрсата олди. Кейинроқ эса "Сант-Кугат" жамоасига ўтиб, асосий таркибда мунтазам майдонга тушиш орқали мураббийлар ишончини қозонди.

Мендиқанов – ўнг қанотда ҳаракат қиладиган ҳужумчи. У ўзининг юқори тезлиги, дриблинг маҳорати ва ишончли ўйини билан ажралиб туради.

Ёш футболчига Испания юқори дивизионининг бир нечта клублари қизиқиш билдирган бўлса-да, у "Барселона" таклифини танлаган.

Мендиқанов янги клуби билан биргаликда машғулотларда иштирок этишга ҳам улгурган.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: 1bol.kz