Превью. Қосимов учун сўнгги умид. Бабаян аввалги хатосини тўғрилайдими?
19 окт 2023 12:37
Янгиликлар
Превью. Қосимов учун сўнгги умид. Бабаян аввалги хатосини тўғрилайдими?
Қосимов жамоасининг Суперлигада ҳам, ОЧЛда ҳам ишлари юришмаяпти. "Навбаҳор" эса 3 та фронтда ҳам иштирокини давом эттиряпти. Жамоалар бугун Кубок баҳсида финал йўлланмаси учун беллашишади.
ОКМК Рубен Санчез - 13', Мартин Боаке - 28', Акром Комилов - 70', Миржаҳон Мираҳмадов - 120', Сардор Раҳмонов - 120', Миржамол Қосимов - 120', Хуршид Ғиёсов - 120' |
Ўзбекистон кубоги . 3-тур 19/10/2023, 18:00 5
:
6
Тугади
|
Навбаҳор Жамшид Искандеров - 10', Жамшид Болтабоев - 120', Филип Иванович - 120', Жамшид Искандеров - 120' |
Ўйинлар тарихи
Шу пайтга қадар бу икки клуб ўзаро 32 ўйинда тўқнаш келган. Устунлик "кончилар" тарафида – 13 та ғалаба. "Лочинлар" эса 9 бор олмалиқликларни мағлубиятга учратган. Қолган 10 та учрашувда дуранг қайд этилган. ОКМК мезбонлигида ўтган 16 та учрашувнинг 9 тасида мезбонлар ғалаба қозонган, 4 та учрашувда меҳмонларнинг қўли баланд келган бўлса, 3 та баҳсда ғолиб қайд этилмаган. Ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 2013 йилги мавсумда қайд этилган, унда "Навбаҳор" 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган.
Сўнгги учрашувлар
30.08.2023 "Навбаҳор" - ОКМК 0:0
09.04.2023 ОКМК - "Навбаҳор" 2:1
12.11.2022 "Навбаҳор" - ОКМК 3:1
01.07.2022 ОКМК - "Навбаҳор" 1:2
10.09.2021 "Навбаҳор" - ОКМК 0:0
Жорий мавсумдаги ўйинлар
Ушбу баҳс жамоаларнинг мавсумдаги 3-ўйинига айланади. Суперлига доирасида ўтказилган 1-даврадаги баҳсда "кончилар" мезбон мақомида 2:1 ҳисобида ғалабага эришган – Жамшид Искандеровнинг пенальтидан урган голидан сўнг Шаҳбоз Жўрабеков ўз дарвозасини ишғол қилган ва Рубен Санчес тўп киритган эди. Наманганда ўтказилган 2-даврадаги ўйинда эса дуранг (0:0) натижаси қайд этилган.
Халқаро майдондаги иштирок
Икки жамоа ҳам жорий мавсум ОЧЛда иштирок этмоқда. Икки турдан сўнг жамоаларнинг натижалари ҳар хил. "С" гуруҳидан жой олган ОКМК дастлабки икки турда мағлубиятга учради ва гуруҳдан чиқиш имкониятларини кескин камайтириб юборди. Биринчи турда меҳмонда "Ал Иттиҳод"га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган олмалиқликлар, иккинчи тур баҳсини ўз майдонида ўтказди. Олмалиқда бўлиб ўтган учрашувда ОКМК Ироқнинг "Эйр-Форс" жамоасига мағлуб бўлди (1:2).
"Навбаҳор"да эса тескари ҳолат. Самвел Бабаян шогирдлари Чемпионлар Лигаси баҳсларида мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Биринчи турда "Ал Ҳилол"га қарши учрашувда сенсацион тарзда дуранг қайд этган наманганликлар, иккинчи турда "Мумбай Сити" жамоасини 3:0 ҳисобида таслим этишди. Шундай қилиб, икки турдан сўнг "Навбаҳор" 4 очкога эга бўлса, ОКМКда очколар сони 0 га тенг.
Кўп танқид қилинаётган икки мураббий
Жорий мавсум икки жамоага чемпионат баҳсларида барқарорлик етишмаяпти. ОКМК турнир жадвалида 36 очко билан 5-ўринни эгаллаб турган бўлса, "Навбаҳор" 40 очко жамғариб 2-ўринни банд этиб турибди. "Металлург", "Андижон", "Сўғдиёна" каби жамоаларга қарши учрашувларда очко йўқотган "лочинлар" чемпионлик баҳсидан деярли чиқиб кетишган эди, аммо сўнгги турда "Пахтакор"нинг очко йўқотиши сабаб жамоа яна чемпионлик пойгасига қайтди. Мавсум ҳали якунланмасидан айрим "Навбаҳор" мухлислари жамоа бош мураббийи Самвел Бабаянни истеъфога чиқишини талаб қилди.
ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг эса жорий мавсумда омади юришмаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Кучли таркибга эга бўлишига қарамай, Қосимов жамоаси Суперлигада 5-ўринда ва совринли ўринлардан жой олиши деярли иложсиз бўлиб қолди. ОЧЛда эса ОКМК ўзидан анча кучсиз бўлган Ироқ жамоасига мағлуб бўлди. ОКМКнинг сўнги умиди Ўзбекистон Кубоги бўлиб қолмоқда.
Муаллиф тахмини
Ўйин экстра таймларгача давом этса керак. Ҳозирги ҳолатда "Навбаҳор"да кичик устунлик бўлиши мумкин, аммо Қосимов йигитлари жорий мавсумдаги медаллар учун сўнги имкониятини бой беришни истамайди.
Имкониятлар: 50% – 50%
Абдулвосит Бектемиров
Фикрлар