“Машъал” ва Шоҳруҳ Достонов ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилишадиган бўлди

Narzulla Saydullayev
19 июн 2018, 20:45
“Машъал” футболчиси Шоҳруҳ Достонов ПФЛга шикоят билан мурожаат қилган эди.

“Машъал” жамоаси аъзоси Муборак клубида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаётгани ва шу боисдан фаолиятини бошқа жамоада давом эттириш ниятида эканини, бироқ “Машъал” унинг амалдаги шартномаси борлиги сабабдан футболчига бошқа жамоага кетишга рухсат бермаётгани юзасидан ПФЛга шикоят билан мурожаат қилган эди.

Футболчиларнинг жамоадан жамоага ўтиши ва ўйинчиларнинг мақомини белгилаш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан атрофлича суриштирув ишлари олиб борди. Ҳар икки томон вазиятга ўз қарашларини баён этишди. Ўтказилган юзма-юз учрашувда “Машъал” жамоаси вакиллари, футболчи ҳамда унинг ота-онаси иштирок этишди. Якунда ҳар икки томон келишган ҳолда ўртадаги йил сўнггига қадар мавжуд бўлган шартнома бекор қилинадиган ва Шоҳруҳ Достоновнинг бошқа жамоага бориб қўшилишига “Машъал” қаршилик қилмайдиган бўлди.

Мазкур масала бўйича томонлар анча вақтдан буён бир тўхтамга кела олмаётган эди. ПФЛ якунда вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқди ва ҳар икки томоннинг келишувига эришилди. Шоҳруҳ Достонов ва учрашувга ташриф буюрган унинг ота-онаси ушбу келишмовчиликнинг ижобий ҳал бўлганидан мамнунлигини билдиришди ва ЎФА ҳамда ПФЛ раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.  




Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: pfl.uz