

Одамлар турфа хил бўлгани учун турли нарсалардан роҳатланиб, ҳузур олади. Масалан, футболга бефарқ бўлмаган тоифага курашларга бой, кескинлик ва принсипиаллик бор "жанг"ларни кузатиш кайф беради. Шунинг учун миллионлаб мухлислар "Эл Класико", "Дер-Класикер", "Дерби д'Италия" ёки исталган шаҳар дербиларини интиқлик билан кутади. Чунки бу ўйинлар ҳар доим футбол оламида йилнинг энг муҳим баҳслари қаторида турган. Яхши-да, лекин йил ўйинларининг барчаси йилнинг айни кунига белгиланса, қандай бўлади? Дейлик, октябрь ойининг 24-санасига. Ҳа, эртанги кун ишқибозларга бир қанча супер тўқнашувларни ваъда қиляпти.
1. (Испания) "Барселона" — "Реал Мадрид"
Охирги 3 та "Эл Класико" пойтахт клубининг фойдасига ҳал бўлган. "Барса" 2019 йилнинг мартидан бери "Реал"ни мағлуб қилолмаяпти.

2. (Англия) "Манчестер Юнайтед" — "Ливерпуль"
Мазкур жамоалар ўртасидаги сўнгги тўқнашув 13 май куни ўтказилган ва унда мерсисайдликларнинг қўли баланд келганди (2:4).

3. (Нидерландия) "Аякс" — ПСВ
"Аякс" гарчи мамлакатнинг амалдаги чемпиони бўлса-да, 7 август куни ўтказилган суперкубок баҳсида эйдховенликлардан йирик мағлубиятни қабул қилиб олди (0:4).

4. (Италия) "Интер" — "Ювентус"
Милан клуби сўнгги 10 та "Дерби д'Италия"нинг фақат 1 тасида зафар қучишни уддалаган.

5. (Италия) "Рома" — "Наполи"
Римликлар Неаполь клубига қарши сўнгги 3 ўйиннинг барчасида мағлуб бўлди. Балки, 24 октябрь куни Элдор мувозанатни "Рома" томонга буриб юборар...

6. (Франция) "Марсель" — ПСЖ
"Олимпик" Париж жамоасига қарши охирги 23 ўйиннинг фақат 1тасида зафар қучди. ПСЖ таркиби Месси ва Рамос билан кучайганини ҳисобга олсак, марселликлар кейинги ғалабани анча кутишади шекилли.

7. (Туркия) "Бешиктош" — "Галатасарой"
Истанбул дербилари ҳар доим кескин руҳда ўтган. Серган Ёлчин ва Фотиҳ Терим ўртасидаги навбатдаги тўқнашув ҳам бундан мустасно бўлмаслиги аниқ.

Бундан ташқари, Питер Хюистра бошчилигидаги "Пахтакор" эртага Жиззахда "Сўғдиёна" меҳмони бўлади.



