Жеррард Слотнинг "Ливерпуль"дан бўшатилгани ҳақида: "Арне дастлабки мавсумида ақл бовар қилмас ишни бажарди"

Aslanov Jasurbek
30 май 2026, 20:18
"Ливерпуль"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Стивен Жеррард Арне Слотнинг инглиз клуби бош мураббийлигидан бўшатилгани ҳақида ўз фикрини билдирди.

Аввалроқ ушбу лавозимга асосий номзод Андони Ираола эканлиги хабар қилинган эди.
"Мен бундан ҳайратда эмасман. Арне Слотга жуда ачинаман, чунки у ўзининг дастлабки мавсумида ақл бовар қилмас ишни амалга оширди. Буюк Юрген Клоппдан кейин жамоани қабул қилиб олиш осон вазифа эмасди ва унинг зиммасига катта масъулият тушганди. Менимча, у буни аъло даражада уддалади. Премьер-лигада ғолиб чиқиш жуда қийин ва буни мен ҳаммадан кўра яхшироқ биламан".
Ираола "Ливерпуль"га мос келиши ҳақида
"Ўйлайманки, потенциал жиҳатдан ҳа, мос келади. У "Борнмут"да ажойиб ишни бажарди ва унинг услуби "Ливерпуль"га тўғри келган бўларди, аммо келинг, воқеалардан илгарилаб кетмайлик. "Ливерпуль"даги иш дунёнинг кўплаб элита даражасидаги мураббийлари учун жозибали ҳисобланади, шу боис у ягона номзод бўлади деб ўйламайман. Бироқ унинг "Борнмут"даги фаолияти ҳамда ушбу клубдан "Ливерпуль"га келган инсонлар сабабли, улар бир-бирларини жуда яхши билишади.
Шундай бошқа номзодлар ҳам борки, улар "Ливерпуль"даги ушбу лавозимни эгаллашни хоҳлашларига ишончим комил. Бу жаҳон футболи миқёсида жуда муҳим иш, аммо саволингизга жавоб берадиган бўлсам, менимча, [Ираола] номзодини кўриб чиқиш керак, ҳа", — деди Жеррард.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: TNT Sports