Иккинчи лига. “Яшнобод” футболчилари йиғинни якунлади

Narzulla Saydullayev
13 апр 2018
Айни кунларда Тошкент шаҳар чемпионати иккинчи лига учрашувларига ҳозирлик кўраётган “Яшнобод” футбол клуби аъзолари мавсумолди йиғинини якунлади.

Яшнободликлар режага кўра, йиғин доирасида охирги ўртоқлик учрашувини Сергели туманининг LPS жамоасига қарши ўтказдилар. Назорат баҳси “Обод” сунъий қопламали стадионида уюштирилди. Азиз Файзиев раҳбарлигида чемпионатга тайёргарлик кўраётган “Яшнобод” жамоаси ўйиннинг икки бўлимида икки таркибни синовдан ўтказди. Тўлиқ яшнободликлар ташаббуси остида кечган баҳсда 6:1 ҳисоби қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, шаҳар биринчилигида бу йилги мавсумда йигирма жамоа ўнтадан икки гуруҳга бўлинган ҳолда курашга киришадилар. Иккинчи лига ўйинлари 16 апрель куни старт олади. Унда дастлаб “А” гуруҳи жамоалари майдонга тушадилар. “Яшнобод” жамоаси қатнашаётган “В” гуруҳида баҳслар 17 апрель куни бошланади. Шу куни яшнободликлар меҳмонда ИИВнинг “Академия” футболчилари меҳмони бўлишади.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia