Габриэл Жезус қачон сафга қайтади?
28 фев 2023 18:39
Янгиликлар
Габриэл Жезус қачон сафга қайтади?
"Тўпчилар" ҳужумчи Габриэл Жезуснинг майдонга қайтиши билан узоқ кутилган Премьер-лига чемпионлигини қўлга киритиш учун курашида катта кучга эга бўлади.
Бразилиялик форвард Жаҳон чемпионати чоғида ноябрь ойида тиззасидан олган жароҳати туфайли шу пайтгача жамоасига ёрдам бера олмаётганди. У Шимолий Лондонга қайтди ва жарроҳлик амалиётидан ўтганидан кейин клуб тиббиёт ходимлари томонидан тикланиш дастурига олинди.
Энди хабар қилинишича, Жезус кутилганидан анча аввал олдинги ҳолатига қайтиши мумкин. Футболчи келаси ой терма жамоалар ўртасидаги ўйинлар туфайли юзага келадиган танаффус олдидан тайёр бўлиши мумкин.
Ички лига ўйинлари "Арсенал" учун 19 мартдаги "Кристалл Пэлас"га қарши баҳсдан кейин кичик муддатга тўхтатилади ва айнан мана шу ўйинда Жезус майдонда ҳаракатланиши мумкин.
Бундан олдин Лондон клуби бир қатор муҳим ўйинларни ўтказади. Дастлабки иккитаси шу ҳафтада қуйи лигага тушиб кетмаслик учун курашаётган "Эвертон" ва "Борнмут"га қарши бўлиб ўтади.
Жамоа устози Микель Артета ҳафта охирида "Лестер" устидан зафар қучилган ўйин олдидан юлдуз ҳужумчининг тикланиши борасида қисқача маълумот бериб ўтган эди: "Унинг ҳолати яхшиланиб бормоқда. Майдонда кўпроқ ўйнашга ҳаракат қилмоқда. Унинг тиззасида оғриқ пайдо бўлмаяпти, бу чинданда ижобий ҳолат".
Фикрлар