UZ

Сўнгги янгиликлар

02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  91 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  2

Эксклюзив. Бахтиёр Бобоев билан очиқ мулоқот Янгиликлар

Эксклюзив. Бахтиёр Бобоев билан очиқ мулоқот

"Кеча, бугун, эртага" лойиҳасининг меҳмони бўлган Бахтиё Бобоевнинг футболда босиб ўтган йўли ҳақида ҳикоя қилдик. Бугун эса интервьюни ўқишингиз мумкин бўлади.
-  Бугунги кунда клубларимиз яхши менежерларга муҳтожлик сезяпти. «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф»да бу вазифани ўз усталари бажаряптилар. «Олмалиқ»нинг ютуғи Шквиринга эгалигида. Қолган клубларда мураббийлар вице-президент, директор, маъмур вазифасини бажаряпти...
-  Аслида, ҳар бир клубда ўз менежери бўлиши керак. Масалан, МТЖни мисол қилиб олсак. Бировни ёмонлаш ниятим йўқ. Жамоамизнинг Кореяга кетиш чоғи Хитойда ушланиб қолганлигини эсласангиз керак. Футболда икир-чикирлар бўлмайди. Сколари ва Зико билан ишлаган пайтларимизда ҳар бир иш режа асосида амалга оширилар эди. Олий лигамизнинг барча клублари профессионал тарзда фаолият олиб боришлари даркор. Ҳар бир бўлимни ўз соҳасининг мутахассиси бошқариши лозим. Мураббийнинг иши фақат мураббийликдан иборат бўлсин. Ваҳоланки, бизнинг клубимизда ҳам камчиликлар бор. Ютуғимиз ОЧЛда ўйнашимиз бўляпти. Ахборот алмашиш орқали ўсишга эришяпмиз. Сиз айтганингиздек, бошқа клубларда нима учун бу иш бўлмаяпти? Чунки у ерда муқимлик йўқ. Ҳомий алмашгач, жамоа раҳбариятида ҳам ўзгариш бўлади. Баъзан футбол ўйнамаган кишилар клубларда фаолият олиб боришяпти. Ўз навбатида, фаолиятини тугатган кўплаб футболчилар кўчада қолиб кетяпти. Ҳамма яхши футболчиям яхши мураббий бўла олмайди. Балки ундан яхши менежер чиқар. Бизда ҳам менежерлар курсини ташкил этиш керак. ФИФА, ОФК ва УЕФАда бундай семинарлар жуда кўп. Мен фаолиятини тугатган футболчилар айнан шу соҳага ҳам қизиқишларини истардим. Улар футболда катта бўлганликлари учун маъсулиятни ҳис эта оладилар.

 
-  Қўл билан саноқли менежерларга эга эканлигимиз бизнинг фожеамиз. Давлатов «Машъал»дан кетгач жамоа ўтган йили олий лигани тарк этди. Молиявий жиҳатдан худди шундай ҳолатдаги «Пахтакор» эса чемпионликни қўлга киритди. Ҳар бир вилоятнинг энг истеъдодли ёшларини тўплаб менежер сифатида тарбиялаш учун чет элга жўнатсак бўлмайдими?
-  Яхши менежер бўлиш учун ҳам истеъдод керак. Албатта, ўзини кўрсата олганларни хорижга юбориш орқали тарбияласак яхши бўларди.


-  Футболимиз бу савияда қолиб кетмайди. 20 йиллар ўтиб бизнинг олий лигамиз ҳам яхши бўлиб кетишига ишонаман. Аммо, 20 йилдан сўнг тарихга разм солганлар ўзбек футболининг ҳозирги даврини шунчаки варақлаб ўтиб кетадилар...
-  Шундай бўлиши мумкин.

 
-  Бизни ҳам эслашлари учун нима қилишимиз лозим?
-  Бунинг учун, аввало, клублар ичида ишни тўғри йўлга қўйишимз керак. Муносиб ўринбосарларни тарбиялашимиз даркор. Шу ўринда айбни ПФЛ ёки ЎФФдан эмас, ўзимиздан қидириш лозим. Мен ўзимни алмаштириб бўлмас ходим деб айтмайман, лекин жамоадан кетадиган бўлсам ишни шу савияда давом эттирадиган номзод борми? Ёки ҳозир баъзилар Самвел Бабаянни ёмонлаяпти. Аслида, бу савияга Бабаян ўз-ўзидан чиқиб қолмади. Аввал ўйлаб кўрайлик, Самвелсиз «Пахтакор» қандай бўлади? Бабаяннинг ишига мен тан бераман. Шунақа менежерлардан яна бири – Баҳром Давлатов. Футболни якунлаган бирон-бир футболчига маъмурликдан иш бошлагин десангиз рози бўлмайди. Менежерликни юракдан хис қилиш керак.

 
-  Давлатов ва «Машъал»нинг ўзбек футболига кўп нафи тегди. 1995 ва 1998 йилларда ташкил топган ўсмирлар терма жамоасининг ўйинида шиддатни кўрмаяпмиз. Аввалги терма жамоалар нима учун зўр ўйнашди? Сабабики, «Пахтакор» ва «Машъал» академияларининг қоришмаси катта фойда бераётган эди. Афсуски, 50дан ортиқ  жамоага эга футболимизда саноқли мутахассисларга эгамиз...

-  Менежер билан мураббий ўртасидаги боғлиқлик катта. Баъзан мураббий пайқамай қолган нарсани менежер кўради, баъзан акси. Қачонки клубларимизда вице-президент ва мураббий ўртасида илиқ муносабат бўлса мақсадга эришиш мумкин. Бу йилги таркибимизда Пишур анча яхши ўйнади. Унинг агенти Сефер Алибаев ёшлигида қўл остимда тўп тепган. Бугун у билан янги мавсум борасида ахборот алмашяпмиз. Агар у таклиф қиладиган ўйинчилар бош мураббийимизга маъқул келса, сафимизга қўшиб олишимиз мумкин. Бу йил тарихимиздаги энг қийин чемпионликка эришдик. Бахтимизга, ёшлар ишончни оқлашди.

-  Раҳматуллаевни Блажичдан устун деб ўйламайман...
-  Режамизга кўра, Алибобо бу йил асосий таркибда ўйнаши керак эди. МТЖга ҳам таклиф қилинди. Кейин Миржалол Қўшоқович уни заҳирада қолдира бошлади. Раҳматуллаев бироз ёшлик қилди. Заҳира унинг учун сабоқ бўлди. Кейинги мавсумларда ундан умидимиз катта.

 
-  Лойиҳанинг одатий саволи: Футболимизда фахрий ва ёш футболчи ўртасидаги тафовутнинг йўқолиб бораётганлигига муносабатингиз?
-  Ҳар бир жамоанинг обрў-эътиборга эга фахрийси бўлиши керак. Бу футболчи ўйин пайтида майдондаги мураббий вазифасини бажаради. Бизда Каримов, Нестеров, Ғофуров ва Пишур шу вазифани бажаришяпти. Баъзан жамоада тенгдошлар йиғилиб қолади ва муҳит бузила бошлайди. Муҳитни эса етакчилар ушлаб туришлари лозим. Мана «Насаф»ни олайлик, жорий мавсумда муваффақиятга асосий сабаб жамоадаги муҳитнинг ажойиблиги бўлди. Ҳар қандай зўр жамоанинг ичига битта қитмир футболчи кириб қолсин, мураббийнинг меҳнати йўққа чиқади.
 

-  Қозоғистонга ўхшаб олий лигамиз жамоалари асосий таркибида битта 21 ёшга тўлмаган футболчини майдонга туширишга тайёрмизми? Инқирозга юз тутган Туркия футболини ривожлантириш учун тўртта етакчи жамоа раҳбарлари ўйинларни сотиб олмаслик, ҳакамларга пора бермасликка, соғлом рақобат қилишга келишиб олишади. Натижа ёмон бўлмади. Туркия 2002 йили жаҳон чемпионатида, 2008 йили Европа чемпионатида совриндор бўлди. Бизнинг етакчи жамоаларимиз раҳбарлари бир жойда йиғилиб мана шундай қарорларни қабул қилишларига нима ҳалал беряпти ёки нима учун ПФЛга келишилган ҳолда таклифлар билдирилмаяпти?
-  Гапингизга 100 фоиз қўшиламан. Аммо бунинг иккинчи томони ҳам бор. Бу ҳақда Кумиков айтиб берган эди. Асосий таркибга тушишини биладиган ёш футболчи руҳиятида ўзгариш юз беради. Бари-бир асосий таркибда тушаманку деб, ўз устида тинимсиз ишлашдан тўхтайди. Футболчининг психологияси шундай. Лекин бу қоида ўзини оқлаши ҳам мумкин. Четдан қарасангиз, олий лигамизда 20 ёшгача бўлган футболчилар кам. Афтидан, бизникилар 20 ёшдан кейингина барқарор ўйнай олишади. Ўзимиздан Сардор Рашидов ва Дилшод Жўраевни мисол қилишим мумкин. Мен бу йигитларни ўтган йили бир нечта жамоага тавсия қилдим. Аммо ҳар бир клуб тажрибали футболчи керак дейди. Дилшод Жўраевни охири Аҳмад Убайдуллаев «Динамо»га олди. Бир давра тўп тепганидан кейин унга жавоб беришди. «Навбаҳор»га таклиф қилдим, бироқ улар ҳам рад этишди. Мана бугун Дилшод ва Сардор оёққа туриб олишди. Таклифларга келсак, йил бошида ПФЛ таклифларни йиғади. Лекин ҳозирча туб ўзгаришлар йўқ.

 -  Гапингиз тўғри, лекин жавобингиздан келиб чиқсак, фикримни маъқуллаяпсиз. Мураббийларимиз ёшлар ичида ҳам яхшилари кўплигини кўришмаяпти. Лекин имкон берса, ёшлар ўзини албатта кўрсата олади. Чемпионликни мақсад қилган жамоа битта ёш ўйинчинигина «заявка» қилмайди. Ҳеч бўлмаганда тўртта истеъдодли ёш футболчини қидиришга мажбур бўлади. ПФЛ қоидасига кўра, бир жамоа 45 нафар футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Бошқа жамоаларда яхши ёш ўйинчи йўқми, мажбур бўлиб сизларга мурожаат қилади. Охир-оқибат улар ҳам, «нима учун мен «Бунёдкор» ва «Пахтакор»га ёш ўйинчисини олий лигада тоблаб бераман, кел, ўз академиямга жиддий эътибор берай» дейди.

-  Янги йилда биз 1997 йилда туғилган болаларга ўйин амалиётини беришимиз лозим. Ҳар йили ёшлар жамоамиз ва академиямизни ёшартиришимиз керак, чунки уларнинг ортидан бошқалари чиқиб келишяпти. Ичидан сараланганини олиб қолиб, бошқаларига ҳам жамоа топиб бериш вазифаларимиздан бири.  Аммо сўнгги пайтларда ҳамма «Пахтакор» ва «Бунёдкор» академиясига киришни истаб қолган. Бу ерда рақобат кучли, агар ПФЛ сиз айтаётган ишни қилса, буларга ҳам бошқа жамоалардан таклиф тушарди. Қисқаси, мен бу таклифингизни маъқуллайман.

 
-  Ёшлар лигасида чегаранинг 23 ёш деб белгиланиши тўғрими? 23гача ёш бўлиб 30га тўлиб фаолиятни тугатишяпти. 7 йиллик муддат кам эмасми? Шу лигани 21 ёшгача қисқартирсак нима бўлади?
-  Бироқ катталарга ҳам жой бўлиши шарт. Заҳирада ўтириб қолган ёки жароҳати энди тузалган футболчилар учун имкон бериш лозим. Лекин 21 ёшгачалар + 3та катта футболчи қилсак бўлади. Шу ёшгача асосий таркибга кирмадингми, марҳамат, биринчи лигада ўйна. Лекин баъзи клублар бунга қарши бўладилар. «Сизларда ёшлар бор-да!» деб эътироз билдиришлари мумкин. Ҳамма жамоа ҳам молиявий аҳволдан келиб чиқиб бирданига академияни шакллантириши осон эмас.

 
-  Мақсадимиз профессионал лигани ташкил қилиш экан, жиддий талабларни бажармаган жамоаларни қуйи лигага кузатиб қўяйлик. Ҳозир шундай пайтда турибмизки, ё футболимизни ривожлантириб юборишимиз керак бўлган қарорни қабул қилишимиз лозим ёки ботқоққа кузатишимиз. Пастдагилар юқоридаги тўртта жамоага интиладими ёки тўртта пешқадам ўртамиёналарнинг савиясига тушиб қоладими?
-  Қийин вазият. Клубларимиз ўзларини молиявий жиҳатдан таъминлай олмас эканлар, кейинги йил режасини туза олмайдилар. Яна бир тарафи, футбол – оддий ўйин эмас. Унинг ижтимоий аҳамиятини ҳам инобатга олиш зарур.

 
-  Яна битта камчилигимиз - футбол ичидаги аксарият раҳбар ва мураббийлар ўзаро мулоқотда бўлмайдилар. Ҳозир «Пахтакор» чемпион бўляпти, «Бунёдкор»... бу – йиллар ўтиб статистикада қоладиган натижалар, холос. Аммо футболнинг жозибаси сўниб боряпти. Абрамовми,  Қосимовми – ким мураббий бўлмасин, ғийбат қиладиганлар чиқаверяпти. Мана шу нарсаларнинг барчасига нуқта қўйиш вақти келмадимикан?  Бир сафар Баҳром Давлатовни мақтаб мақола ёзганим учун “буюртмачи”га чиқариб қўйишди. Ваҳоланки, Давлатов билан бирон маротаба юзма-юз бафуржа гаплашмаганман...
-  (кулади) Шу кунгача бирорта мураббий ёки футбол раҳбари билан зиддиятга бормаганман. Авваллари ўйиндан олдин икки жамоа мураббийлари учрашиб, ош устида бемалол суҳбатлашиб ўтирар эдик. Юртимизга келган жамоа устозини меҳмон қилардик. Аммо майдонда ким кучли бўлса, ўша ғалаба қозонар эди. Ҳозир биров билан учрашиб тушлик қилиш тугур, телефонда гаплашишга чўчиб қолди одам. Нотўғри тушунишади. Ҳозир иккита мураббий учрашиб қолсин, тамом – дарров турли беҳуда гап-сўзлар тарқалади. Афсуски, мураббийлар ўртасида мулоқот, фикр алмашиш йўқолиб бормоқда. Аслида, айнан ўзаро учрашувлар, мулоқотлар, тортишувлар орқали янги хайрли ишларни амалга оширишимиз мумкин.
 

-  Турли суҳбатлар – ёшлар учун катта маънавий озуқа. Масалан, мен «Пахтакор» клуби спорт директори Григорий Цейтлин билан сафарларда кўп суҳбатлашаман. Катта тажрибали одам билан суҳбатлашганингиздан кейин дунёқарашингиз ўзгаради...

-  Футболчи бўлганимда мураббийлар бизга жуда илиқ муносабатда бўлар эдилар. Кейинчалик мен ҳам шогирдларим билан шундай муносабатни йўлга қўя бошладим. Биз катталардан кўп нарсани ўрганганмиз. Бундан буён ҳам шундай бўлиши мақсадга мувофиқ.

 
-  Ҳозир кўпчилик футболчилар шартнома имзолагунига қадар тўп тепаётгандек, ҳамма ҳам ўз ишини сидқидилдан бажармаяпти...
-  Биз тўп тепган пайтда ўйинга совуқ автобусда бориб келар эдик. Аммо ҳеч ким нолимасди. Бунинг учун касбни яхши кўриш керак. Ахир сен севган ишинг билан шуғулланяпсан ва шунинг учун маош оляпсан. Афсуски, бугунги айрим ёш футболчилар яратилган ажойиб шарт-шароитда ҳам нолиш учун сабаб топишади...

 
-  Шундай экан, УЕФАга ўхшаб молиявий «фэйр плей»ни йўлга қўйишимиз керакдир. Бугун «Насаф», «Локомотив», «Бунёдкор» маош бериш борасида қолган 11та жамоадан жиддий фарқ билан олдинда. «Пахтакор»дан бошқа ҳар бир жамоа, кейинги йил бизнинг ҳомий қанча пул берар экан деган фикрда ўтиради. Клубдан пул «қочса» ўз-ўзидан маош тушади. Нима учун маошни пул борлигида қисқартириб, тежалган маблағни бошқа йўналишларга ишлатмаяпмиз? Футболчи кетиб қоладими? Менимча, йўқ, нари борса ўнтаси кетади. Лекин уларга ҳам бошқа жамоаларнинг кўзи учиб тургани йўқ!

-  Бу фикрингизда ҳам жон бор. Ўзбекистонда футболчиларнинг маоши анча яхши. Энг паст ўринда турадиган жамоа футболчиси ҳам йил бошида кўтарма пули олади. Клубимизда ишимизни бироз бошқачароқ йўлга қўйганмиз. Кўтарма пули йўқ. Учта мусобақада иштирок этамиз ва уларда эришилган натижаларга қараб бонуслар белгиланган. Бу йил кубокдаям, чемпионатдаям ғалаба қозондик, чемпионлар лигасида гуруҳда муваффақиятли иштирок этдик. Шунинг учун энди футболчилар олдида берган ваъдаларимизнинг устидан чиқамиз. Бунга легионерларимиз ҳам рози. Масалан, Пишурга «Локомотив» жиддий қизиқяпти. Футболчининг ўзи эса келаси йилда ҳам «Бунёдкор»да ўйнамоқчи. Бунинг учун янги талаблар қўйгани йўқ. “Темирйўлчилар” давралар оралиғида Тўраев ва Ҳасановга қизиқиш билдиришган эди. Монелик қилмоқчи эмасмиз. Буни соғлом рақобат деб биламан. Ўз пайтида биз ҳам «Пахтакор»дан ўйинчи сотиб олганмиз.

-  Катта ойликдан пул тежаш орқали мухлисларга инвестиция киритиш керак деб ўйлайман. Саноқли жамоалар пулни инфраструктура ва мактабга йўналтиряпти. Қолганлари бюджетни мураббий ва футболчилар ўртасида бўлиб олиш билан банд. Шарфлар, футболкалар чиқариш, турли тадбир ва томошалар ўтказиш керак эмасми?

-  Бу борада тажрибали мутахассисларимиз етишмаяпти. Ўз пайтида бу ишларни қилдик, аммо уларни ривожлантирадиган киши бўлмади. 2014 йили мухлисларни стадионга жалб қилиш борасида катта ишларни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Стадионимиз директори биз билан кўплаб хориж сафарларида бўлиб тажриба ўрганяпти. Бир қатор самарали чора-тадбирларга тез орада ишқибозларнинг ўзлари гувоҳ бўлишади деган умиддаман. Шунингдек, футболни ривожлантириш учун нафақат футболчилар, балки клуб ходимлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари шарт. Лекин клубларда ишлаётган ҳамма кадрлар ҳам футбол билан яшашяптими? Афсуски, йўқ. Аксарияти пул учун ишлайди, холос. Футболда фақат уни чинакамига яхши кўрадиганлар ишлаши лозим. Шу йўл орқали бирлашган ҳолда футболимизни ривожлантиришимиз керак.
 

Мутолаа қилганингиздек, узоқ давом этган суҳбат мобайнида Бахтиёр ака Бобоевнинг фаолияти ва мақсадларини қамраб олишга ҳаракат қилдик. Баҳсли вазиятларда иккинчи томонни ҳам эшита олиши бу кишининг устун жиҳатларидан бири бўлса керак деган хулосага келдим. Одатда, баъзи раҳбарлар журналист томонидан билдирилган фикрни шунчаки ақл ўргатиш сифатида қабул қилади. Бу суҳбатда барчаси бошқача бўлгандек. Интервью давомида таъкидлаб ўтилганидек, ўзбек футболи равнақи йўлида барчамиз муроса қилган ҳолда, ҳамжиҳатлик билан ишлашимиз ва халқ олдидаги маъсулиятли вазифаларни амалга ошириш лозим деб ишонаман.

 
П.С: Суҳбатни ташкил қилишда яқиндан ёрдам бергани учун “Бунёдкор” футбол клуби матбуот хизмати бошлиғи Мирзаҳаким Тўхтамирзаевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 
Нодирхўжа Юлдашев.

 

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика