Coca Cola Суперлигаси. Биринчи давра юлдузлари
05 июл 2023 16:31
Янгиликлар
Coca Cola Суперлигаси. Биринчи давра юлдузлари
Жамоалар июль ойи охирига қадар таътилга чиқишди. Биз ортда қолган даврада қолганларга нисбатан ёрқинроқ ўйнаган футболчиларни ёдга оламиз.
1.Сильванус Нимели
Клуби: "Сурхон"
Амплуаси: Ҳужумчи
Фуқаролиги: Либерия
Статистикаси: 13та ўйин, 6та гол, 4та самарали ҳаракат
Туғилган сана: 04.09.1998
Йил бошида Термизнинг "Сурхон" клуби ўз сафига либериялик 24 ёшли ҳужумчини қўшиб олди. Кўпчилик бу йигитча Ўзбекистонда ўзини қандай намоён этишига қизиққанди. Илк расмий ўйиндаёқ Нимели ОКМК дарвозасини ишғол қила олди, ўшанда кўпчилик шошмайлик битта гол ҳали ҳеч нарса дегани эмас деганди. Бироқ кейинги баҳсларда ҳам Сильванус жамоасига муҳим голлар ва голли узатмалар орқали ёрдам беришда давом этаверди. Қарши ҳужумларда беназир бўлган Нимелига бўш зона қолдирилса тамом, чаққон ҳаракатлар билан рақиб жарима майдони ичида пайдо бўлади ҳамда гол уради ёки камида пенальти ишлайди. Биринчи даврадаги 13та ўйинда 6та тўп киритган ва 4та самарали ҳаракатни амалга оширган Нимелига бошқа клублар ҳам "оғиз солишаётгани" ҳақида хабарлар чиқди. Бу табиий ҳолат. Термиз клуби уни жамоада сақлаб қолса, Ўзбекистонга тўла мослашиб бўлган либериялик футболчи иккинчи даврада фойдали ҳаракатларни янада кўпроқ амалга оширишини кутишимиз мумкин.
2. Зенан Займович
Клуби: "Сўғдиёна"
Амплуаси: Ҳужумчи
Фуқаролиги: Бельгия
Статистикаси: 12та ўйин, 6та гол
Туғилган сана: 11.11.1994
Бельгиялик ҳужумчи Жиззахнинг "Сўғдиёна" клубида пайдо бўлганида кўпчилик дарҳол ундан голлар кута бошлади. Бироқ дастлабки бешта турда Займович номи ҳеч қайси стадион таблосида кўриниш бергани йўқ. Шундан кейин "Сўғдиёна" учун бу хато трансфер, навбатдаги чет эл хўрозқандларидан бири деб ўйлай бошладик. Аммо Иван Бошкович келганидан кейин Зенан "уйғонди" ва кетма-кет 5та турда рақиблар дарвозасига 6та гол уришга эришди. Займович гол ура олмаган бешта турда "Сўғдиёна" умуман ғалаба қозона олмаган бўлса, Займович тўп киритган 5та турда Жиззах клуби 4та ғалабани қўлга киритди. Эътиборлиси охирги 3та турда ҳам Займович гол ура олмади ва жамоаси яна ғалаба қозона олмади.
3. Остон Ўрунов
Клуби: "Навбаҳор"
Амплуаси: Ярим ҳимоячи
Фуқаролиги: Ўзбекистон
Статистикаси: 12та ўйин, 5та гол, 1та голли узатма
Туғилган сана: 19.12.2000
Россиядаги бир неча йиллик у қадар омадли бўлмаган фаолиятидан кейин яна Ўзбекистонга қайтган Остон Ўрунов яна ёшлигини эслади. Биринчи даврада "Навбаҳор"нинг энг муҳим фигураларидан бирига айланган Ўрунов айниқса "Бунёдкор" билан баҳсда "ёрворди". Ўз финтлари ва тўп узатишлари орқали жамоа ғалабаларига ҳисса қўшиб келаётган Остон дастлабки даврада 5та гол уришга эришди ва 1та голли узатмани амалга оширди. У фақат сўнгги турда кичик жароҳати туфайли майдонга тушгани йўқ.
4.Ҳусниддин Алиқулов
Клуби: "Насаф"
Амплуаси: Ҳимоячи
Фуқаролиги: Ўзбекистон
Статистикаси: 13та ўйин, 5та гол
Туғилган сана: 04.04.1999
Ўзбек "Серхио Рамос"и учун биринчи давра ажойиб ўтди. Марказий ҳимоядаги ўз вазифаларидан ташқари зарур ҳолларда марказий ҳужумчига айланадиган Алиқулов "Насаф"га бир неча муҳим ғалабаларни келтирди. "Турон", "Бухоро" ва ОКМК дарвозаларига биттадан тўп киритган ҳимоячи, "Олимпик" билан баҳсда дублга эришди. Бугунги кунда ҳимоячилар орасида иккинчи қаватдаги курашларда беназир футболчи айнан Алиқулов ҳисобланади.
5.Суҳробжон Султонов
Клуби: "Бунёдкор"
Амплуаси: Дарвозабон
Фуқаролиги: Ўзбекистон
Статистикаси: 13та ўйин, 4та "қуруқ ўйин", 3та пенальти қайтарган
Туғилган сана: 26.03.1990
Биринчи давранинг энг яхши дарвозабонларидан бири "Бунёдкор" посбони Суҳробжон Султонов бўлди. Ҳа, "Бунёдкор" биринчи даврани 8-ўринда якунлашди, ҳа Султонов 13та ўйинда 16та гол ўтказиб юборди. Лекин агарда Султонов дарвозада турмаганида "қалдирғочлар" ҳозир лигада қолиш учун курашаётган жамоалар орасида бўлиши мумкин эди. Посбон "Сўғдиёна", "Андижон", "Турон" ва "Бухоро" билан ўйинларда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Султонов Илдар Маматказин ("Андижон"), Шерзод Насруллаев ("Насаф") ва Ислом Кенжабоевнинг ("Қизилқум") 11 метрли жарима тўпидан йўллаган зарбаларидан кейин жамоасини голдан қутқарди.
6.Рубин Хебай
Клуби: "Андижон"
Амплуаси: Ҳужумчи
Фуқаролиги: Албания
Статистикаси: 11та ўйин, 9та гол, 2та голли узатма
Туғилган сана: 30.07.1998
Биринчи давранинг энг ёрқин кашфиётларидан бири Рубин Хебай бўлди. Йил бошида "бургутлар" билан икки йиллик шартнома тузган албаниялик ҳужумчи Суперлигада 11та ўйинда майдонга тушди ва 8та ўйинда самарали ҳаракатни амалга оширди. Илк турда "Насаф" билан баҳсда захирадан майдонга тушган Хебай Сардор Абдунабиевга голли узатмани амалга оширди ва "Андижон" сафардан сенсацион ғалаба билан қайтганди. "Сурхон" билан баҳсда Хебай ҳакам билан тушунарсиз сўзлашувдан кейин қизил карточка олиб иккита ўйинга дисквалификация қилинганди. "Металлург" билан баҳсда рақиблар дарвозасига учта гол урган ва битта голли узатмани амалга оширган Рубин учун голли серия бошланди. Шундан кейин у "Сўғдиёна", ОКМК, "Қизилқум", "Турон", "Бухоро" ва "Пахтакор" билан ўйинларда кетма-кет 7та баҳсда гол уришга эришди. Шундай қилиб, Хебай биринчи даврада Суперлигада 11та баҳсда 9та гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди. Охирги уч йилда Суперлигамизда тўпурар бўлиб келаётган Драган Черан ҳам биринчи даврада айнан 9та гол урди.
Фикрлар