Championat.asia тарихда биринчи бўлиб Суперлига ўйинларидан highlights тайёрлаш ҳуқуқини сотиб олди

Narzulla Saydullayev
31 мар 2021
Championat.asia сайти тарихда илк бор интернет тармоғида Ўзбекистон чемпионатининг ўйин шарҳини (highlights) намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олди.

Бугун, 31 март куни Ўзбекистондаги биринчи рақамли футбол портали Championat.asia сайти Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси билан ҳамкорлик шартномасини имзолашди.

Унга кўра, Championat.asia 2021 йилги мавсум якунига қадар Coca-Cola Суперлига учрашувларидан 10 дақиқагача бўлган highlights’лар тайёрлаш ва уларни ижтимоий тармоқлар, веб-сайт ҳамда мессенжерларга жойлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бунгача мазкур ҳуқуқ ЎзПФЛ ҳамда “Спорт” телеканалига тегишли эди. Эндиликда улар ёнига Championat.asia сайти ҳам қўшилди.

highlights - бу футбол ўйинларининг энг қизиқарли вазиятлари, голлар, хавфли вазиятлар ва бошқа ҳолатлар акс этган видео.

"Ўзбекистон Суперлигаси баҳслари ҳар йилгидан қизиқарли кечмоқда. Сайтимиз профессионал йўлдан бориб худди хорижда бўлгани каби ўйин шарҳларини (highlights) интернет тармоғида намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олди. Бу ўзбек футболи тарихида ҳеч қачон бўлмаган экан, биринчи бўлганимиздан фахрланамиз. Келишувда ўйиндан кейинги матбуот анжумани ва микст зоналарда флеш интервьюлар олиш каби устунликлар ҳам мавжуд. Ўйлайманки ҳамкорлигимиз фақат бу йил билан чекланиб қолмайди ва узоқ йиллар давом этади", - дейди Championat.asia сайти бош муҳаррири Нарзулла Сайдуллаев.

Ўзбекистон Суперлигаси ўйинлари шарҳларини Championat.asia сайтининг youtube.com   ва sportrecs.com  сайтларидаги каналлари орқали кузатиб боринг.  





Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia