Баҳром Ҳайдаров: "Рақиб жарима майдончаси атрофига борганда футбочлиларимизга совуққонлик ва маҳорат етишмаяпти"

Mirjalol Normatov
4 июл 2025
Суперлига 15-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" - "Қўқон-1912" (2:1) учрашувидан сўнг "Қўқон-1912" бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этди.

"Бугун очко олишимиз жуда муҳим эди. Чунки турнир жадвалидаги ўрнимиз умуман бизни қониқтирмаётганди. Лекин буни уддалай олмадик. Йигитлар қаттиқ ҳаракат қилишди. Уларга бугунги ўйин учун катта раҳмат айтаман. Улар борини бериб майдонда ҳаракат қилишди. Жамоаларнинг ўз турнирлари бор дейишади-ку, ҳозирги замонавий футболда сифатли футболчилар ўйинни ҳам ҳал қилишлари мумкин. Бугун биз буни амалда кўрдик. Дориевни бутун Ўзбекистон гапирмоқда. Айнан шу футболчи сабабли биринчи бўлимни ютқаздик деб ўйлайман. 

Меҳмонда ўйнаётган жамоа учун биринчи бўлимдаги иккита гол жуда катта зарба. Лекин шунга қарамай иккинчи бўлимда ташаббус биз томонда бўлди. Тўғри, қарши ҳужумларда "Сўғдиёна"да ҳам яхши вазиятлар юзага келди. Биз ҳужумга ўтиб, рақиб жарима майдончаси атрофига борганимизда футболчиларимизга совуққонлик ва маҳорат етишмаяпти. Ўйин бўйича ҳеч кимга эътирозимиз йўқ. "Сўғдиёна"ни табриклайман. Озми кўпми, бугун бизни трибуналарда қўллаб-қувватлаган мухлисларга раҳмат айтаман", - деди Баҳром Ҳайдаров.


Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: championat.asia