RU

Последние новости

08:00Неймар қийин ўтган мавсум ва мақсадлари ҳақида фикр билдирди  0 07:36Неймар ваъдасида турди. "Сантос" сўнгги турда йирик ғалабага эришди ва Элитада ўз ўрнини сақлаб қолди  0 03:08А Серия. Хойлунднинг дубли "Наполи"га "Ювентус" устидан ғалабани тақдим этди  11 03:05Ла Лига. "Реал" ўз уйида "Сельта"га мағлуб бўлди, Гарсия ва Кассерас қизил карточка олди  122 01:31Бундеслига. "Боруссия" ўз майдонида "Хоффенхайм"ни қийинчиликсиз мағлуб этди  0 23:16“Арсенал” собиқ ўйинчиси “Аякс”га йўл оладими?  0 22:09"Арсенал" "Реал"дан "Ювентус" юлдузини тортиб олмоқчи  3 21:08А Серия. "Рома" 82-дақиқада ўтказиб юборилган гол сабаб меҳмонда "Кальяри"га мағлуб бўлди  4 20:39"Барселона" Ольмони нима учун операция қилишни истамаётгани маълум бўлди  0 19:34"Севинч"га Ўзбекистон кубогини тантанали топшириш маросимидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  2 18:36Пеле ва Марадона чемпионликни нишонлаган, томи тўлиқ йиғиладиган, 1,4 млрд долларга тушган лойиҳа: Ўзбекистоннинг тарихий учрашувларига мезбонлик қиладиган 3 та стадион  1 17:58"Футбол олами". 2025 йилнинг сўнгги кўрсатуви  4 17:05Икки футболчи "Реал"ни тарк этиши мумкин  14 16:19Аёллар. "Севинч" "Қизилқум-W"ни мағлуб этиб, Ўзбекистон кубоги-2025ни қўлга киритди  3 15:42ЖЧдаги рақибимиз Колумбия Франция билан ўртоқлик ўйини ўтказади  17

Суперлига-2025. Мавсум давомида мураббийлар томонидан айтилган сара фикрлар Новости

Виталий Левченко ("Нефтчи" собиқ бош мураббийи):

Футболчи ғалаба қозонаётганида, албатта, натижа учун ҳаракат қилади, бу руҳият билан боғлиқ. 

Расмий ўйин ва норасмий ўйиннинг фарқи катта. 

Бир вилоятнинг икки жамоаси ўйнагандан кейин табиийки, кўплаб курашлар бўлди. Ҳиссиётлар ва иштиёқ тўқнаш келди. Бу ўйинга фақатгина гол етишмади.

Рақиб бизни мағлуб этгани йўқ, биз ўзимиз ютқазиб қўйдик.

Вазиятни ўнглаб олиш ва хулоса қилиш учун, бир маротаба 0:4 ёки 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган яхши. 

Футболдаги асосийси натижа. Чиройли ўйнаш ёки ўйнамаслик иккинчи масала. Натижа эсда қолади.

Тушунинг, фамилиялар футбол ўйнамайди, оддий инсонлар футбол ўйнашади. Қачондир мен ҳам ўз фамиялимга ва обрўга эга бўлганман, аммо ҳозир майдонга тушиб, футбол ўйнай олмайман. 

Шунчалик саволларингиз кўпми? Мен ушбу саволларга дарҳол жавоб бера олмайман. Барчаси учун вақт керак.

Ғалаба қозониш учун гол уриш керак.

Ҳар бир мухлиснинг ўзига хос қарашлари, фикрлари бор. Ҳақиқий мухлис жамоа ғалаба қозонса ҳам, мағлуб бўлса ҳам футболчилар билан бўлишлари, шу ерда ишлаётган ҳар бир персоналга, мураббийлар штабига ҳурматда бўлишлари керак деб ҳисоблайман. 

Биз мураббийлар ўзгарганига қарамаймиз. Жамоа намойиш этаётган ўйинни таҳлил қиламиз.

Биласизми, ҳар бир миш-мишга изоҳ бериш ёки тўхталиш менинг вазифамга кирмайди. Бизда клуб раҳбарияти бор ва бундай саволларга раҳбарият жавоб беради. Менинг ишим эса жамоани тайёрлаш. Мен миш-мишларга ишонмайман ва ижтимоий тармоқларни ҳам кузатмай қўйганман.

Мен мураббийман ва ишлашда давом этишим керак. Мен фақат ўз ишимни бажариш учун бош қотираман. Атрофдагилар эса ҳар хил гапларни гапиради ва бунга табиий қарайман. Футболда мураббийнинг тақдири шунақа.

Биз шундай йўл тутяпмизки, жамоада ҳеч кимни ажратаётганимиз йўқ. Шунингдек, легионерлар ҳам бу ерда ўзларини эркин ҳис қилишлари учун ёрдам беряпмиз. Жамоада рақобат бор ва бу жуда яхши. Ким кучли бўлса, ўша ўйнаяпти.

Бемалол айтишим мумкин, водийнинг ҳар учала клуби - "Андижон", "Навбаҳор" ва "Нефтчи"да мухлислик даражаси жуда юқори. Энг кўп мухлислар ҳам, энг зўр мухлислар ҳам шу ерда. Водийда ажойиб ишқибозлар бор, бунга қойил қолиш керак.

Футболни инсонлар ўйнашади ва айрим вазиятларда кимдир тўпга югура олмай қолиши ёки вазият охиригача ўйнамаслиги мумкин.

Бугун "Пахтакор" нима қилганини кўрдингизми? Уларнинг бир неча нафар футболчиси майдонда ётиб олди.

Футболда "юлдуз" футболчилар бор ва "юлдуз" жамоалар бор. "Юлдуз" футболчилар майдонга деярли югуришмайди. Шундай "юлдуз"ларни нима қилиш керак?

Нега ғалабани мухлислар билан нишонламайман? Ўйин давомида жуда кўп руҳий чарчоқ бўлганидан сўнг баҳс якунидан сўнг тезда тинчроқ жойга бораман. 

"Сўғдиёна" майдони жуда оғир экан. Кеча ўйинолди машғулотда футболчимиз жароҳат олди. Четдан қараганда яхши кўринади, ранги ҳам яшил, лекин тўп тепса оғир. Бундай майдонда ўйинчиларнинг жароҳат олиш имконияти ортади.

Шуни айтишим керак, мен футболчиларни асосий ва захира ўйинчисига ажратмайман. Биз бир жамоамиз ва исталган футболчи исталган пайтда майдонга тушиб жамоага ёрдам бериши керак. Клубимиздаги ҳамма профессионал.

Мухлислар, раҳбарият, футболчилар каби бизда ҳам тасвирлаб бўлмас ҳиссиётлар бор. Ишқибозлар бу чемпионликни 24 йил кутишди. Бу узоқ ва машаққатли йўл эди. Якунда чемпионликни қўлга киритдик. Мухлисларга байрам туҳфа қилдик. Мазкур ютуқдан хурсандман ва барчани табриклайман.

Кейинги мавсумда ишлайманми? Билмайман.

Педру Морейра ("Пахтакор" собиқ бош мураббийи):

Биз ўйин услубимизни яхшироқ тушунадиган футболчиларга кўпроқ имконият берамиз.

Футбол учрашувида икки жамоа иштирок этади. Фақат "Пахтакор"нинг ўйинига қараб бутун ўйинга баҳо бериш нотўғри. 

Менга ўзбек футболи ёқди. Шу ерда эканимдан хурсандман. Ҳар доим бир хил ўйнаймиз. Бўш худудлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ўйин услубимиз рақибдан келиб чиқади. Биз майдонда ўз ўйинимизни ўйнашга ҳаракат қиламиз. 

Менинг ватанимда шундай одат бор: меҳмон жамоаларни илиқ кутиб олиш ва уларга қандайдир совға улашиш. Асосан, ширинликлар, ёнғоқ ва шунга ўхшаш емаклар совға сифатида берилади.

Биринчи навбатда, мен жамоага масъулият олганман. Ҳар бир ҳолатда менинг шаъним ва юзим жавобгар бўлади. 

Мендан хафа бўлмайсизлар, бугунги саволларингизга жавоб бера олмайман. 

Битта муҳим нарса бор: барчаси ўйинчиларга боғлиқ, президент ёки кимгадир эмас. Сизлар кўпинча шундай савол берасизлар. Мен мураббий сифатида муаммоларни эмас, уларнинг ечимини қидиришим керак. Менинг атрофимдаги ҳар бир инсон тўлиқ ишлаши керак. 

Ўзбекистон чемпионати осон эмас. Ҳар бир жамоа кураш таклиф қилади, бугун ҳам бунинг мисолини кўрдик.

Камолиддин Тожиев ("Пахтакор" бош мураббийи):

Бугунги ўйинда яратилган вазиятлар бутун мавсумга етади. Лекин тўп дарвозага кирмади.

Йигитларда ўзига бўлган ишонч сусайиб қолганди. Ҳозир эса шуни тўлиқ қайтаришга ҳаракат қиляпмиз. Жамоа шундай бўлиши керакки, таркибдаги исталган футболчи майдонда йўқ ўйинчи ўрнини тўлдириши лозим. Шундагина якдил жамоага айланамиз. 

Бош мураббий ўзим эканман, демак, психолог ҳам ўзимман.

Бир нарсани тушуниш керак, Сергеев ҳам одам, темир эмас. Ундаям чарчоқ, толиқиш бўлади. Қолаверса алмаштиришсиз ўйнаяпти. Айтиб ўтганимдек, бизда бир футболчи ўрнини бошқаси боса олиши керак. Биз фақат Сергеевга боғланиб қолмаганмиз. 

Бугун футболчилар терма жамоа даражасидаги ўйинни намойиш этишди. Ўзи барча футболчиларимиз терма жамоа ўйинчилари. Улар бугун буни исботлаб беришди.

Биз ҳали чемпионлик пойгасини тарк этмадик. Барчаси давом этмоқда. "Пахтакор" ҳар доим охиригача курашган.

Бир нарсани унутманг, чемпионатимиз даражаси анча ошган. Биз савия бўйича араблардан кучлимиз. Ҳаммаси секин-аста бўлади.

Ёшларни тарбиялаб терма жамоа даражасига олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳадеб ёшларга суяниб қолмаслик керак. Барибир футболда тажриба муҳим роль ўйнайди.

Игорь Сергеев темирдан яралмаган, у ҳам дам олиши керак, чунки у биринчи даврани тўлиқ ўтказди. 

"Пахтакор"га қарши барча рақиблар 200% куч билан ўйнайди.

Мен жамоада йўқ вақтим нималар рўй берганини билмайман. Мен келганимдан сўнг биз бир оила бўлиб бирлашдик.

Кучли жамоаларга қарши алоҳида тайёргарлик шарт эмас.

Рўзиқул Бердиев ("Насаф" бош мураббийи):

Зарур бўлганда ким тайёр бўлса, шунга имконият берилади. Ким хато қилса, кейингисида рақобатчиси майдонга тушади. 

Назаримда, ҳозир сиз ўйлаган ўйинни ҳеч қайси жамоа кўрсатиб бера олгани йўқ.

Футболчилар ҳар қандай ҳолатда ўйин амалиётига эга бўлиб туриши керак. 

Ҳисоблаб чиқсам, бешта голга тортадиган вазиятдан фойдалана олмабмиз.

Ҳозирда одамлар футболга қизиқмай қўйдими? Бу борада фикрим бор, аммо буни ўртоқлашмайман. Ўша пайтлар эҳтимол футбол янгилик бўларди, ўн беш минг нафар мухлис икки соат олдин стадионни тўлдирарди. Йўлакларга ўтириб олган, прожекторларга чиқиб олган пайтлари бўларди. Эҳтимол кичик ўйинлар мухлисларга қизиқ эмасдир. Мухлислардан бизни яхши қўллаб-қувватлашини хоҳлардик. Уларнинг ёрдами катта мадад ҳисобланади.

Черан Ўзбекистонда жарималарни амалга оширадиган энг яхши футболчилардан бири ҳисобланади. 

Ўтган йили чемпионликни мақсад қилиб кубок ва ОЧЛ ўйинларига иккинчи даражали бўлиб қараган эдик. Буни очиқ айтиш керак. Бу йил ундай бўлмайди. Ҳар бир турнирда ютуққа эришиш учун ҳаракат қиламиз.

Статистикага эътибор берсангиз, энг кўп зарба берадиган жамоа бизмиз. Шундай давом этишимиз керак.

Ҳар қандай жамоа ҳам узлуксиз яхши натижа қайд этиши қийин.

Ўтган мавсумда чиройли ўйнаб, натижа қилмаганимизда якунда чемпионлик қўлга киритилмаган бўларди. Футболда биринчи навбатда натижа керак. "Интер" ёки ПСЖ ярим финалларда "Барселона" ва "Арсенал"дан яхшироқ ўйнади деб айта олмайман, бироқ иккиси ҳозир финалда. 

Англия ва ўзбек футболини таққослаш нотўғри.

Ўйиндан олдин "Пахтакор"га қарши 9 та учрашувдан бери ютқазмаётганимиз ҳақида билгандим. Лекин статистика бу ўйин эмас. Кўп нарсани майдондаги кураш ҳал қилади. Ҳар бир ўйин ўтиб бўлгач, тарихга айланади.

Олдинлари 2-3 та жамоа чемпионлик учун курашган бўлса, ҳозирда 7-8 та жамоа чемпионлик учун кураш олиб бормоқда.

Виза билан боғлиқ масалалар сабаб легионерларнинг сафимизга қўшилиши бироз кечикди.

Одатда натижа яхши бўлмаса, ҳар хил саволлар туғилади. Футболда шунақа: кимдир жамоадан кетса, бу бошқа бир футболчининг кашф этилишига сабаб бўлади.

Футболда авваламбор бош мураббийнинг ўзи руҳшунос бўлиши керак деган гап бор. Чунки ўйинчиларни мураббий тайёрлайди ва ўз фикрини руҳан футболчилар миясига сингдиришга ҳаракат қилади. Лекин баъзан қанчалик уқтирманг, футболчилар ичидан рақиб кучсиз деган хаёл ўтади. Ҳозирча ҳеч бир жамоада психолог мураббийни кўрмадим, шу боис керакми-йўқми аниқ бир нарса дея олмайман.

"Насаф" – катта клуб ва бирданига янги ўйинчиларнинг қўшилиб кетиши осон бўлмайди. Шу жумладан, легионерлар ҳам. Клубга келган ҳар бир футболчи аввало жамоага мослашиш жараёнини ўз бошидан кечиради.

Фабио Каннаваронинг ўйинга келгани ёқимли. Бироқ бу қаердадир ҳалақит қилиши ҳам мумкин.

Биз анчадан буён мағлуб бўлмадик ва чемпионликка лойиқмиз. "Нефтчи"нинг қанчалик ҳаракат қилаётганини сизлар ОАВ вакиллари ҳам билиб турибсизлар. "Нефтчи" ушбу вазифани амалга оширса, ортдаги инсонлар қаҳрамон бўлади, шекилли. Менимча, гапимни тушундингиз. Агар "Нефтчи" чемпион бўлса, қаҳрамонларни майдондан излаш керак эмас. Улар майдон ортида бўлади.

Мен ҳар бир клубнинг меҳнатини қадрлайман. Шу жумладан, "Нефтчи"нинг ҳам. Нима демоқчи бўлганимни тушунтираман: "Нефтчи"ни ОКМКга қарши баҳсда 20 минг мухлис қўллаб турди. Кейин "Нефтчи" Ғузорга бориб "Шўртан" билан ўйнади ва у ерда мухлислари қўллаб турди. Сўнгра мухлислар Тошкентга келиб, у ердан Олмалиққа бориб бизга қарши мухлислик қилишди. Мана бугун ҳам 5 минг атрофида "Нефтчи" ишқибози ўйинга келди. Бу қаҳрамонлик эмасми? Лекин одамлар айтган гапларимни фақат негатив томонга буришди. Мен мухлисларни қаҳрамон сифатида кўрсатмоқчи эдим. Мана бугун ҳам беш минг ишқибоз бизга қарши мухлислик қилди. Бу қаҳрамонлик эмасми? Бу ўз жамоасига ёрдам эмасми? Раҳбариятнинг шунча шароит яратиб бераётгани қаҳрамонлик эмасми? Нима учундир ҳамма негатив томонини қидириб кетди.

Икки мусобақада ҳам яхши иштирок этиш учун тенг кучли иккита таркибга эга бўлишингиз керак экан. Бу бизнинг футболимиз учун янги дарс. Менинг ҳолатимга тушиб кўрсангиз биласиз.

Қайсидир ўзбек жамоаси Элит ОЧЛда ўйнамоқчи бўлса каттароқ бюджетга эга бўлиши керак ва ўша даражадаги ўйинчилар олиб келиниши керак. Бусиз иложи йўқ.

Келинглар, матбуот анжуманини қисқа қиламиз. Ҳеч қанақа изоҳга ҳожат йўқ. Саволлар бўлмаса, ўзим бошлайман. Бугун ёмон натижа бўлди. "Машъал" яхши тайёргарлик кўрибди. Ҳаммага раҳмат, бошқа гапим йўқ.

Афсуски, мавсум биз учун бир текис ўтмади. Шунга қарамай, эсда қоларли ўйинлар кўп бўлди дея оламан. 

Вадим Абрамов ("Динамо" бош мураббийи):

Мухлислар гол кўриш учун келишади, аммо ундай воқеа содир бўлмади, шу сабабли кечирарсиз деган умиддаман.

Иккинчи бўлим бошида яратилган голли имкониятлардан фойдаланганимизда, валидол ичишга мажбур қиладиган ўйин бўлмасди.

Афсуски, биз ҳозир ўйнаётган майдонимизда ҳар куни машғулот ҳам ўтказсак, бу майдон шунчаки кўтара олмайди. Қолаверса, бу майдонда "Қизилқум" жамоаси ҳам ўйнаяпти. Бу аҳволда биринчи даврадан кейин бу майдон жуда оғир аҳволга тушади. Шу боис биз имконқадар майдонимизни эҳтиёт қилаяпмиз ва бу ерда доим ҳам машғулот ўтказмаймиз. Самарқандда эса бошқа талабга жавоб берадиган майдон ҳали йўқ.

Мен журналистлар билан мулоқот қилишда қийналаман. Бунга қадар бизни ҳужумкор жамоа дея тасвирлашарди, энди эса қарши ҳужумда ўйнайдиган жамоа бўлиб қолибмиз. Биз рақибга қараб тактика танлаймиз. 

Мен футболчининг ёшига эътибор бермайман. Агар, 16 ёшли йигитча майдонда фойда келтирса, у менинг жамоамда асосий таркибдан ўрин олади. Мен паспортга қарамайман. Ёши катта футболчи, ёшроқ ўйинчилардан яхшироқ ўйнаса у майдонда бўлади. Футболчининг ёши унинг аёли учун аҳамиятли бўлиши мумкин, аммо менга эмас.

Ўйинда бундай тўхталишлар бўлаверса ритмни бузади. Бу мухлисларга ёқади деб ўйламайман. Фақатгина хоккейда бундай кўп тўхталиш бўлади, бешталик алмашади. Бу футболнинг фойдасига хизмат қилмайди.

Дарвозабон позицияси шундай жойки, унинг биргина хатоси ажралиб қолиши мумкин. Бошқа футболчиларнинг хатолари унутилиб кетиши мумкин, дарвозабонларнинг иши эса шундай. У кўп нарсаларни бўйнига олади.

Афсуски бизда Суперлиганинг ўйинидан кейинги куни ёшлар жамоалари ўйнашади. Биз ёшларни кўра олмаймиз. Масалан Сиз бирор спектаклнинг аввал премьерасини қўйиб, кейин репитиция қилмайсиз-ку, тўғрими? Шу сабабли мен ёшлар таркиби футболчилари билан ўйинга бора олмайман. Олдинлари ёшларнинг ўйинларига бориб, томоша қилардим. Мана иккинчи йилдирки, бунинг иложи бўлмаяпти.

Агар футболчи вақт чўзса, унга сариқ карточка кўрсатилиши керак. Футболчи тиббий ёрдам учун майдондан ташқарига чиқса, уни тахминан беш дақиқа давомида ўйинга қўшилишга рухсат берилмаслиги керак. Шундай жазолар орқали ушбу муаммоларга қарши курашса бўлади деб ўйлайман.

Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, баҳсни ёмон бошламадик, аммо энг аламлиси рақиб сафидаги бир футболчи – Темурхўжа Абдухолиқов бутун жамоамизни якка ўзи мағлуб этди. 

Рўзиқул Бердиев мени нима учун мақтади? Эҳтимол, уни 10 йилдан бери юта олмаганим учун бўлса керак.

Пенальти белгиланган вазиятда Станоевични майдонга тушириш керак эди? Қаранг, шунга ақлим етмаяпти-я! Кейинги учрашувларда пенальти ишласак, дарҳол Маркони майдонга тушираман.

Лимит бўйича яна битта легионер олишимиз мумкин эди, аммо бундай маъно йўқ. Шунчаки лимитни тўлдириш учун легионер олиб келишдан кўра ўзимизнинг ёшларга имконият берамиз. 

Ҳаммамиз одаммиз ва ҳамма хато қилади.

Майдонда пул футбол ўйнамайди, футболчилар футбол ўйнайди. 

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийининг эътиборини ким тортган бўлиши мумкин? Дориев бўлса керак.

Футбол шунақа ўйин, доим ҳам устунликка эга жамоа ғолиб чиқавермайди.

Бизга ғалаба жуда зарур эди, чунки Самарқанд шаҳри кунига мухлисларга совға улашмасак бўлмасди. 

Футболда энг муҳими – мияни ишлатиш. 

Самарқанддек шаҳар ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган стадионга эга бўлиши керак деб ўйлайман. Янги стадион қурилади деган умиддаман.

Футболда шунақа: рақиб қанча имкон берса, жамоа ҳам шунга қараб ўйнайди.

Одамзот шунақа: қаерда қулай бўлса, ўша жойга талпинади. Худди балиқ сувнинг тубини хуш кўргандек.

Мураббийлик тажрибам шу қадар каттаки, тажрибага таянган ҳолда иш тутишимга тўғри келяпти.

Ўйин олдидан бир қанча муаммолар бўлишини билардик, лекин муаммолар бунчалик кўп бўлишини кутмагандик.

Афсуски, баъзи режаларимиз иш бермади. Мавсумни совриндорлар қаторида тугатиб қўйишни хоҳлагандик, бироқ тўртинчи ўринда якунлайдиган бўлдик. Баъзи ўйинлар ижобий якун топганида ҳатто иккинчи ўринни олишимиз ҳам мумкин эди.

Илёс Зейтуллаев ("Бунёдкор" бош мураббийи):

Легионер ёки маҳаллий футболчи бўлиши аҳамиятсиз, муҳими жамоамизга нафи тегиши керак.

"Бунёдкор"да ёрқин тарих бор. Биз барчамиз ҳозир жамоани аввалги даврларига қайтариш йўлида ишлаяпмиз. Ўтган мавсумларда клуб анчайин инқирозларни бошдан ўтказди. Ёшлар бизнинг келажагимиз.

Бизда шундай жамоа қуриляптики, исталган футболчи масъулиятни бўйнига олиши мумкин. 

Агарда коллектив яхши бўлса, исталган қийинчиликни енгиб ўтиш мумкин. 

Ўйинни ютолмасанг, мағлуб ҳам бўлма дейишади.

Ғалабалар кўплигида муаммолар кўринмай қолади.

Менга бир мураббийим айтган эди: "Мағлуб бўлмайдиган жамоа яратиш учун ҳимояланишни билиш керак, аммо ғалаба қозонадиган жамоа бўлиш учун ҳужум қилишни билиш керак". 

Футболда бугун ғалаба қозонасиз, аммо тўрт кундан сўнг яна бир ўйин бор ва барчаси бошидан бошланади.

Баъзи футболчилар бор, захирада қолдирилса, ўйнагиси келмайди, борини бермайди.

Ўйинга тузилган режа қандай эди? Футбол ўйнаш.

Биз уй ёки сафарни танламаймиз, ҳар доим яхши ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз.

Мен ҳакамларнинг қаердан эканлигига мутлақо қарамайман. Биз ҳаммамиз ўзбекистонликмиз ва футболни кучайтириш учун ишлаймиз.

"Бунёдкор" майдони зўр эди. Бироқ биз нима қила олардик, Женнифер Лопес ва шунча одамни ҳайдай олмаймиз-ку. "Бунёдкор" стадиони, шунча одамлар... Бу жуда катта реклама. Нима ҳам дердим.

Очиқ футбол намойиш этадиган жамоалар билан ўйнаш анча осон.

Мен ҳали анча ўсишим керак. Эрта-индин нима бўлишини билмайман, лекин терма жамоада ишлаш шароити туғилса, бундан ғоят мамнун бўламан. 

Футбол – эҳтиросли ўйин. Ғалаба қозонишни хоҳласанг, қўлингдан келган ҳамма ишни бажаришга ҳаракат қиласан.

Каннаваро таклифига "D’accordo" дея оламанми? Бу саволга жавоб беришим қийин.

Болалигимдан "Аякс" ва "Реал Мадрид"га мухлис бўлганман – улар менинг севимли жамоаларим. 

Агар мен ҳам биронта янгилик айтадиган бўлсам, бирон бир футболчига "Реал" Мадрид қизиқаётгани ҳақида ёзиш ростан ҳам "Реал" Мадрид қизиқаётганини билдирмаслиги мумкин.

Менга бошқа одамлар баҳо бергани яхши. Ўзимни баҳолашни тасаввур қилолмайман. Мураббий жамоасиз, футболчиларсиз мураббий ҳисобланмайди. Мен биринчи ўринга жамоани қўяман.

Футболни алдай олмайсиз.

Миржалол Қосимов (ОКМК бош мураббийи):

Афсунгар бўлганимда, эртага нима бўлишини сизга айтиб берардим.

Майдонда ўзини етарлича кўрсата олмаган футболчи эртага асосий таркибдан жой олишга умидвор бўлиши мумкинми? Мен майдонга тушиб, унинг ўрнига ўйнаб бермайманку. 

Ўз вақтида мен ҳам бор-йўғи уч ёки беш дақиқагина ўйнаганман. Футболчи тақдим этилган имкониятдан унумли фойдаланиши ва ўйинни кучайтириши керак.

Агар ўйиндаги ҳар бир зарба гол билан якунланганида, мухлислар стадионга келмай қўйишарди. Футбол шуниси билан қизиқ. 

Бугун ўйинимиз яхши чиқмади. "Mercedes-Benz"да ҳам битта деталь ишдан чиқса, у "Mercedes-Benz" бўлмай қолади. 

Мен футбол шахмат эмас, деб айтиб келаман. Сабаби шахматда ақлни ишга солиш керак. Футболда эса бутун бадан ва мияни ишлатиш керак бўлади. 

Футболчиларимиз ўтган ўйинларда ажойиб натижа қайд этишди ва ғалабани нишонлашга лойиқ эдилар, аммо тарих билан яшаб бўлмайди. Ўтган учрашувларни дарҳол унутиш керак. Футболчи шуниси билан ҳам профессионал. Мисол учун, мен ҳам ўттиз йил аввал шундай мусобақада ғолиб бўлганман деб юрмайман-ку. Футболда ҳар доим исботлаб келиш керак. Эски ғалаба билан бўлажак рақибни қўрқитиб бўлмайди. 

Ҳаётда Парвардигордан бошқа ҳамма хато қилади. Фақатгина ишламаган одам хато қилмайди. Шу сабабли мен ҳакамларга, ҳатто рақиб футболчиларига ҳам баҳо бера олмайман, ўз жамоамдаги футболчиларни баҳолашим мумкин.

Майдонга туширилган дарвозабон захира ўриндиғида уйқусираб ўтирган эди ёнимда. Захирада қолган футболчи ҳам майдондагилар билан ҳамнафас бўлиши керак.

Кўрпани тепага тортсангиз, пасти очилиб қолади. Ҳужумга чиққандан кейин ҳимояда бўшлиқ пайдо бўлади. 

Гап бор-ку, ютса жамоа зўр, ютқазса мураббий айбдор. Бизда ютсак ҳаммамиз зўрмиз, ютқазсак барчамиз айбдормиз. 

Бугунги ўйинга катта икки баҳо қўяман. Сабаби футболни алдаб бўлмайди.

Битта мақол бор: осилсанг баланд дорга осил. Биз ҳам шунга ҳаракат қиламиз. Мен қаерда ишлашимдан қатъий назар доим юқори мақсадларни қўйганман.

Ўзимга нисбатан талабчан бўлганим учун доим юқори мақсадларни қўяман. Керак бўлса, чемпион бўлишни хоҳлаймиз.

Майдонда ётиб, ўйинни чўзадиган жамоаларга қарши чора? Бунинг йўли осон: тезкор гол уриш керак. Шунда вақт чўзмасдан футбол ўйнайди.

Икки жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Курашларга бой, чиройли ўйин бўлди. Агар ҳакам яна бироз вақт қўшиб берганида уч тайм футбол ўйнардик. 

Футболнинг принципи – курашиш. 

Суперлигада 7 та жамоа билан 9 та жамоа ажралиб қолди. Кимдир қуйида жон сақлаш учун, кимдир юқорида чемпионлик учун ҳаракат қиляпти.

Четдан келаётган кўп легионерлар Ўзбекистонда пиёда юриб футбол ўйнайман, деб ўйлайди.

 Футболчилар туғилган кунимга энг яхшини совғани тақдим этишди. Улар ғалабани совға қиламиз дея ваъда беришган эди ва ўз ваъдаларининг устидан чиқишди.

Ҳозирги вазиятда ҳамма мутахассис, бекорга айтишмайди-ку, тилнинг суяги йўқ деб. 

Охиригача курашиш – спорт принципи. Ҳеч қачон қўл силтаб кетмаслик керак. 

Агар имкониятим бўлганида, футболчилар миясига кириб, иккинчи таймга нима хаёлда чиқишганини билган бўлардим. 

Футбол хатоларни кечирмайди. 

Футболда талтайиш керак эмас, доим ерда юриш керак. 

Сунъий помидорнинг мазаси бошқача бўлади, табиийси эса умуман бошқа таъм беради. Нархиям фарқ қилади.

Бизнинг ОАВда кўтар-кўтар ниҳоятда чегарасиз. Сал яхши ўйнаб қолса дарров юқорига кўтарамиз, юлдуз ясаб қўямиз. Битта ўйинда зўр ўйнаб, кейин ўнта ўйин ўтирса бунинг кимга кераги бор?

Агарда умумий баҳо берадиган бўлсам, жамоамга 5 дан 3 баҳо қўйган бўлардим. 

Сергей Лушчан ("Навбаҳор" собиқ бош мураббийи):

Футболни озгина бўлса ҳам тушунадиган одам бир ойда жамоа йиғиб бўлмаслигини тушунади.

Ўйинга 2 соат қолганда икки ўйинчимиз майдонга тушиши мумкин эмаслигини айтишди. Буни бошқача қилиб тушунтира олмайман, фақат сўкиш орқали тушунтиришим мумкин. 

Агарда тажрибалироқ жамоа бўлганида тўпни пастга тушириб футбол ўйнарди. Бизда эса доимо бир хил хатолар кузатилмоқда.

“Навбаҳор”да иккинчи мавсум фаолият юритаётган бўлсам, кўпчилик ўзича мутахассис сифатида маслаҳатлар беради. Лекин ҳеч ким қўлига секундомер ва ҳуштакни олган ҳолда, машғулотлар ўтказмайди.

Футболни 30 йил олдин ўйлаб топишмаган, ҳозир ҳамма ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам ўйнашни билади.

Нималар бўлаётганини яхшигина тушуниб турибман. Бироқ бармоғимни бир шақиллатсам, сеҳр билан барча камчиликлар тўғриланиб қолмайди. 

Бир қанча футболчилар чемпионатда трибунадаги 20 мухлисга ўрганиб қолишган, бу ерда эса унақа бўлмайди.

Футболчилар футболчилик касбини ўзлари танлаган. Улар шунинг учун пул олишади. 

Биз йигитлар голнинг тамини ҳис қилишларини хоҳлаймиз.

Нега бир футболчи битта тегиниш ва ундан сўнг гол уради-ю, бошқасига ўнта вазият керак бўлишини айта олмайди?

Мен VAR'ни тушунмайман тўғриси. Бир ўйинда бошқача талқин қилинади, иккинчисида эса умуман бошқача. Қоидаларда адашиб кетганман.

Тўпга эгалик қилишдан фойда йўқ. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ 800 та пас амалга ошириш орқали кўпроқ очколар тўплай олмаймиз. 

Ҳозирги қоидаларни тушунмайман. Масалан, олдин тўп қўлга тегса пенальти белгиланар эди. Қўл кўтарилганми ёки бошқа ҳолатда фарқи йўқ. 

Ўзингиз кўриб турибсиз, замонавий футбол бизнесга айланиб кетган. Клублар ўз тарбияланувчиларини сотиш орқали даромад қилишади. Айрим клублар эса тарбияланувчиларнинг трансферларидан келиб тушган пул эвазига фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Ҳозирги кунда барчаси пулга бориб тақалади. Муҳими, ҳаммани сотиб юбориш эмас, балансни топа олиш.

Қани энди имкон бўлса-ю, Мессини ҳам чақирган бўлардик.

Мен фамилияларга эътибор бермайман, ўйинчиларнинг ҳаракатини кузатаман.

Легионер футболчини олиб келиш – ўз футболчиларимизнинг жойини банд қилиш дегани.

Рақибни ишончли ғалаба билан табрикламоқчиман. Яхши ўйин бўлди. 5-8 та гол ўтказиб юбормаганимиз яхши бўлди. 

Кўплаб мактабларда дарвозабонлар мураббийси йўқ. Замонавий футбол талаблари шундай, дарвозабон оёқлари билан яхши ўйнай олиши керак.

Жамоанинг қирқ фоизи йиғиннинг сўнгги кунларида сафимизга келиб қўшилди. Улар ўз юртида нималар билан банд бўлганини билмайман.

Игорга копакабана ва карнаваллар ўз таъсирини ўтказган бўлса керак. Ахир у бразилиялик.

Бизга нима қилиш кераклигини ўргатадиган ақллилар ҳам бор. Лекин мен уларга қулоқ солмайман.

Мухлислик ҳар доим жамоага нисбатан бир хил бўлиши керак. Ютганда қарсак чалиб, ютқазганда сўкиш фан-клубнинг иши эмас. Бу мухлислик маданиятига умуман тўғри келмайди.

Қайси мураббий 5 ойда жамоа тузганини менга келтиринг-чи. Гвардиола жамоа тузиши учун клуб 1,5 миллиард сарфлади. Шунда ҳам учинчи мавсумга келиб "Сити" чемпион бўлди. Бизда лекин бунақа имконият йўқ, чўнтак тўла пулимиз ҳам йўқ. 

Қандай қаршилик ҳақида гапиряпсиз? Биз ўзимизга ўзимиз бешта гол олиб келдик. Агар ҳассага таянган кампир майдонга чиқса ҳам олтита гол урарди.

Яна қайтарайми? Бизда бугун майдонда фақат уч киши футбол ўйнади. Еттита ўйинчимиз умуман ўйнамади.

Шерзод Жўраев ("Навбаҳор" собиқ бош мураббийи):

Ҳеч қачон ҳеч кимни алоҳида кўрсатмайман. Футбол – жамоавий ўйин.

Қўрққанимда ёки иккиланганимда бош мураббийлик лавозимида ўтирмаган бўлардим.

Мен бир гапни кўп қайтараман: рақиб 10 киши бўлиб қолдими, ўйнаш жуда қийин бўлади. Улар кам-ку деган фикр хаёлга михланиб қолади. Бу эса бўшашишга олиб келади.

"Насаф" шундай жамоаки, ҳеч қачон бир ё икки нафар футболчига суяниб ўйнамайди.

Футболда чемпионликка эришиш эмас, балки уни сақлаб қолиш қийин, деб ўйлайман.

"Навбаҳор" – бренд. Бизнинг "Пахтакор", "Насаф" каби клублардан кам жойимиз йўқ.

Спортнинг ҳар бир турида муваффақиятга эришиш учун вақт керак.

Иван Бошкович ("Сўғдиёна" бош мураббийи):

Футболда бир киши билан боғлиқ бўлмаган сабаблар кўп, шу боис барчаси сиз истагандек бўлавермайди. 

Мен доим ўйин ҳароратида эмоционал бўлсам керак. Хотиржамликка интиламан, бироқ ўзбек футболида ҳакамлар мени ҳаммадан ҳам кўпроқ эслаб қолишса керак.

Натижага жавоб берувчи мураббий мен бўлсам, демак таркибни ўзим ҳал қиламан.

Ҳеч қайси мураббий ўз жамоасида йўқотишлар бўлишини истамайди.

Биз қандай ўйин намойиш этганимиз ҳеч кимга қизиқ эмас, муҳими натижа.

"Нефтчи" бугун қандай ютганидан кўра, ўзимиз шундай ютқазишни афзал кўраман. 

Стадион ходими ёки миллий гвардиями ким, билмадим. Аммо, менга тегмасликларини хоҳлардим. Бу футбол, эмоция, ҳаммаси шу ерда қолади. Мени ўғлим ва қизим кузатади, улар мени қандайдир жиноят қилган деб ўйлашлари мумкин. Энди уни уйга борганда тушунтиришим керак. Бу биринчи марта эмас, илтимос қиламан. Ҳеч қандай ёмон нарса қилганим йўқ.

Жамоага қандай фактор етишмаётганини биламан, бироқ буни тушунтириб беришим жуда қийин.

Футболда ҳар доим натижа биринчи ўринда турган.

Футболда ҳар доим ҳам икки карра икки тўрт бўлавермайди.

Бугун биз кучли рақибга мағлуб бўлдик, бундан трагедия ясаш керак эмас.

"Бухоро" майдонида уч йил ичидаги энг кучсиз ўйинимизни намойиш этдик.

Мен ҳеч қачон жамоам ўйинидан қониқмайман. Доим ўйинни яхшилаш керак.

Никола Лазаревич ("Қизилқум" собиқ бош мураббийи):

Бир нарсани айтиб ўтишим керак, мен майдоннинг ёмон ҳолати бўйича кеча шикоят қилгандим. Бу гапларим билан "Бухоро"нинг ғалабасини қадрсизлантиришга ҳаракат қилмаяпман. Бу сўзларимнинг рақибимизнинг ғалабасига алоқаси йўқ. Бугун стадионга келганимда, ҳеч нима ўзгармаганини кўрдим. Бу масала бўйича кимга савол беришим керак. Футбол Ассоциациясигами ёки қайси ташкилотга? Ким бундай майдонда футбол ўйнашга рухсат беряпти? Кейинги ўйинларда бундай майдонда ўтказиладиган бўлса, очиғини нима дейишни билмайман. Ташкилотларга апелляция беришим керакми деб ўйлайман. Фақатгина шундан сўнг бу масалага эътибор беришса керак.

Мавсум давомида шундай онлар бўладики, футболчи яхши бошлайди, аммо кейин формаси бироз тушади. 

Барча футболчилар ҳар доим майдондаги жанг учун тайёр бўлишлари керак. 

Биз доим ғалаба учун тактика тузамиз.

Акмал Рустамов ("Қизилқум" бош мураббийи):

Биз ёшларга ишонч билдиряпмиз. Навоий футбол мактаби тарбияланувчиларига ишонамиз. Агар биз уларга ишонч билдирмасак, улар захирада қолиб кетишади. Уларни 5-10 дақиқага бўлса ҳам майдонга туширсак, улар яқин келажакда ўз ўрнини топиб кетади.

Ҳозирги футболда марказий ярим ҳимоячилар катта ҳажмдаги ишни бажаради. Бу тоифадаги футболчилар 60-70 дақиқа ўйнаб, толиқиб қолишади.

Мана, нечанчи ўйиндирки, ҳакамлардан азият чекяпмиз. Ҳакамларни деб очко йўқотяпмиз.

"Нефтчи"нинг учинчи голида футболчи тўпни қўли билан ўйнаганди, лекин у инобатга олинди.

Февзи Давлетов ("Сурхон" бош мураббийи):

Биз дарвозага зарба бермаяпмиз ва ҳужумда муаммоларимиз кўриняпти. Шу боисдан жамоа руҳан синиб қолди.

Ўйиндан кейин статистикага қарадим: 12 та бурчак зарбаси тепдик, 20 га яқин рақиб дарвозаси томон зарба бердик. Аммо, вазиятдан фойдаланиш бобида оқсадик.

Футбол эмоцияларга бой ўйин. Кучли жамоаларга қарши футболчилар ўзларини яхши тайёрлайди. Кайфият ҳам юқори бўлади. Лекин нима учундир ўртамиёна жамоалар билан шу нарса кўринмаяпти.

Мураббий керакли гапни айтиши мумкин, лекин рақиб ўйинчисини алдаб ўтиш футболчининг вазифаси ҳисобланади.

Жамоанинг ривожланиш статегияси бироз ўзгарди. Буни жамоа раҳбарияти бизга маълум қилишди. Шу сабабли, легионерлардан воз кечилди.

Бу ерда ёши катта ёки кичик деган нарса йўқ.

Ғалаба қозониш учун гол уриш керак, биз эса уч ўйиндан буён гол ура олмаяпмиз.

Жамоамизда муаммолар кўп ва тез орада бартараф этилса керак.

Александр Хомяков ("Андижон" собиқ бош мураббийи):

Ўйиннинг бориши менга ёқмади. Лекин футбол хатолардан иборат. Агарда ҳеч ким хато қилмаса, футболнинг жанговарлиги йўқолади. Мухлислар эса шу учун стадионга келишади. Жамоам ҳам, рақиблар ҳам хато қилишларини истайман.

Натижа ғалаба келтирадиган бўлса, албатта ёқимли. Бироқ бугун кўрсатган ўйинимиздан мутлақо норозиман, умуман қониқмадим. 

Бош мураббий сифатида менда икки хил таассурот уйғонмоқда. Бир томондан натижа муҳим, айниқса мураббийга, бошқа томондан эса, футбол мухлислар учун ва мухлисларга чиройли ўйин керак. Агар мухлисларга натижа керак бўлганида, улар 90-дақиқада стадионга келиб, натижани билиб олишар эди.

Балки мени қўйиб юбора оласизлар. Биз ғалабани нишонлай қолайлик.

Менимча, стандарт вазиятлар ҳамма жамоанинг асосий қуроли ҳисобланади.

Футболчилар робот эмас-ку, улар ҳам чарчашади.

Максим Шацких ("Андижон" собиқ бош мураббийи):

Мен футболчиларга биринчи кунданоқ авваламбор ўзимизни ҳурмат қилишимиз кераклиги ҳақида айтдим. Ҳар кимга мағлуб бўлиш мумкин, аммо қандай мағлуб бўлиш муҳим. 

"Андижон"нинг мухлислари бундай мағлубиятларни кечиришмайди. "Андижон" бирлашса, нимагадир эришиши мумкин. 

Биз "класс" эвазига ҳеч кимни мағлуб эта олмаймиз, бизда "класс" йўқ. Ҳозирча. 

Ўтган сафарги "Бухоро"га қарши, бугун "Қизилқум"га қарши бўлган ўйинларда бизнинг 2 очко ишлаб олганимиз эмас, 4 очко йўқотганимиз тўғрироқ бўлади. 

Мен ҳали бирорта футболчини ҳисобдан чиқарганим йўқ. Улар менинг олдимга келишди, шунчаки жамоада ўйнамаслигини айтишди. Истамаяптими, окей. Бошқа футболчиларни топамиз.

Кўп гапириш шарт эмас, жуда хунук ўйин намойиш этдик.

Футболчи бир деганда зўр бўлиб қолмайди. Бир-иккита баҳсда яхши кўриниши мумкин, лекин ҳар доим кучли бўлиб қолиш ниҳоятда мураккаб.

Ҳатто ғалаба қозонганимизда ҳам дурангга лойиқ ўйин бўлди дердим.

Менимча, айрим футболчиларимизнинг фикр-у хаёли ҳамон Про Лигада.

Мағлубиятга учраган ҳар бир ўйинимизни таҳлил қилиб кўринг, албатта, нимадир сабаб бўлади.

Биринчи учта голни қаранг, ҳатто болалар футболида бунақа голлар ўтказилмайди. 

Жамоамизда "Андижон" даражасига мос бўлмаган футболчилар бор. Лекин улар клубга мосмиз деб ўйлайди. Бу жуда ёмон. Аммо бундай ўйинлар ким қанақа эканини кўрсатади.

Футболда баъзида гол уриш эмас, тўпни ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Барчаси ўз ўрнига қўйилиши керак.

Нима, ҳар бир ўйинда бештадан гол уришимиз керакми? Бу жамоа "Барселона" эмас, "Андижон".

Бундай учрашувларни ўтказиш мураббий учун осон эмас. Доим диққат бўласан, сочингга оқ тушади. Мухлислар эса маза қилади. Лекин барибир футболда энг муҳими – ишқибозларнинг хурсанд ҳолда уйга қайтиши.

Мен футболчиларга доим айтаман: улар Чемпионлар лигаси, терма жамоа сафида ўйнашни хоҳласа, у ерда иштирок этадиганлардан нима фарқи бор? Уларда ҳам икки оёқ, икки қўли бор. Фақат муомала бошқача. Ҳар куни меҳнат ва ҳаракат қилиш керак. 

Кўп гапирмайман. Чемпионатда "Андижон" билан содир бўлаётган ҳолатлар тўлиқ менинг айбим. Мен Суперлигани назарда тутяпман. Йигитларни руҳлантириш негадир ўхшамаяпти, балки керакли сўзни топа олмаяпман. Масъулиятни тўлиқ ўз зиммамга оламан. Ҳеч нимани бекитмоқчи эмасман. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Бошқа айтадиган гапим йўқ.

Баҳром Ҳайдаров ("Қўқон-1912" бош мураббийи):

Ўйинга шундай тайёрландикки, дастлабки 15-20 дақиқаликдаги босимдан чиқиб кетишимиз керак эди.

Бизда чемпионат ёки кубок учрашуви ажратилмайди. Ҳар икки турнир биз учун муҳим.

Ютқазган ўйинни таҳлил қилиб, кейин гапириш керак.

Футбол шунақа, 30 сония ичида ўйин, жамоа ҳақидаги фикрлар ўзгариб кетди.

Кўпчиликка маълум бўлса керак, бизнинг жамоада асосий ҳомий йўқ.

Шогирдларимнинг ўзларига ҳам айтганман, интервьюда ҳам айтаман: футболчилар ўзлари йиғилиб, мураббийсиз ҳам бир ўйинни ютса бўлади.

Кийим алмаштириш хонасида айтадиган гапнинг ўзи қолмади. Чунки ҳар бир гапимиз баҳонага ўхшаб қоляпти.

Суперлига якунида қайси ўринни олишимизни билмайман. Лекин мақсадимиз – юқорига кўтарилиш.

2000 йиллардаги футболда индивидуал кучли футболчилар кўп нарсани ҳал қиларди, ҳозир эса жамоавий ўйинга ўтилди.

Ҳозир футбол прагматик кўриниш оляпти. Натижа биринчи ўринга чиқиб бўлди. Ҳамма натижа хоҳлайди.

Футболчилар яхши ўйнаб турган бўлиши мумкин, чунки мухлис асосан футболчи тўпга эгалик қилганида, уни кўришни бошлайди. Футболчи тўпсиз ҳолатда нима қиляпти, бунга кўпчилик қарамайди.

Вилоят ҳокими бизга иштиёқ бериб, келаси йили совринлар ютадиган жамоа тузилишини, бу борада ёрдам беришини айтди ва вазифа қўйди.

Бу йилги Про лига билан ўтган йилги Про лиганинг фарқи жуда катта. Шу сабаб "Арал"га ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки плей-оффда ўйнайдиган барча 4 та клуб ҳам Суперлигада қолса керак.

Асрор Алиқулов ("Машъал" собиқ бош мураббийи):

Биз Суперлигада энг кам сметага эга бўлган клубмиз, бироқ бу амалда ҳеч нарсани англатмайди. 

Янги жамоа эканлигини ҳисобга олсак, мақсадимиз лигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш. Ҳали давралар оралиғида селекция ишларини олиб борамиз ва ўз олдимизга қўйган вазифани уддалай олсак, кейинги йили ўзимизга яхши бўлади.

Тезкор футболчи? Шундай ўйинчи бўлса жоним билан туширардим. Биз ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда иш тутдик.

Кўп гол ҳам ўтказиб юбордик. Кейин кам гол ураяпмиз. Ҳозир кийиниш хонасида ҳам айтдим, зич ўйнаш ҳозирги Суперлигада талаб этилмоқда.

Биз меҳмонда ўйнашга мажбурмиз, шу сабабли жамоани шундай тайёрлаяпмиз. 

Айрим футболчиларимиз Суперлига даражасига тайёр эмас. Намойиш этган ўйинимиз тактикага боғлиқ эмас.

Чарчоқ ёки иссиқ ҳаво деган гаплар қуруқ баҳона, холос. 

Суперлигада яхши иштирок этиш учун ҳар доим яхши ўйинчилар керак бўлади. Бу фақат ҳимоя чизиғи билан боғлиқ эмас. Ҳамма чизиқларга яхши ўйинчилар керак. Бу ҳозирги Суперлиганинг талаби.

Отабек Нарзуллаев ("Машъал" бош мураббийи):

Мен "Машъал" учун янги одам эмасман. Кўп футболчилар билан олдин ҳам бирга ишлаганмиз. 2019 йил Муборакка келган бўлсам, бу орада ёшлар жамоасида ишладим, асосий жамоада бош мураббий ёрдамчиси бўлдим. Раҳбарият менга ишониб бош мураббийликни топширган экан, мен ҳам бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Ёшларимизнинг ҳар бир ўйинига борамиз. Ўйинларимиз яқин бўлмаса, бориб кўрамиз. Чунки биз ёшларни кўпроқ ўйнатишни хоҳлаймиз.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида чарчоқ сабаб гол ўтказиб юбориш табиий, лекин нега учрашув бошида гол қўйиб юбораётганимиз бироз тушунарсиз.

2016-2017 ёки ундан олдинги давр футболи пайтида сафарга борганда, қўрқиб турардик. Жамоалар, айниқса, ҳакамликдан чўчирди. Ҳозир эса вазият ўзгарди. Ҳозир жамоангиз кучли бўлса, уйда ҳам, сафарда ҳам ғалаба қозона олади.

Қачонгача ўзимизда яхши ёшлар бўла туриб, легионерлардан фойдаланамиз.

Шу соҳани танладикми, осон бўлмаслигини биламиз. Баъзан раҳмат эшитамиз, баъзан ҳақорат. Бунга тайёр туриш керак, чунки ўзим ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда мураббийликни танлаганман.

Албатта, биз Қашқадарё чемпион бўлишини хоҳлаймиз. 

Ҳар бир Қашқадарё аҳли чемпионлик шу ерда қолишини хоҳлайди. Ҳозир ҳам шу фикримда қоламан. Фарғоналик мухлис ёки мураббийдан сўрасангиз, улар чемпионлик Фарғонага келсин дейди. Бу футболда нормал ҳолат. Менинг гапларимни журналистлар қандай талқин қилган, билмайман. Мен "Насаф" ўз кучи билан чемпионликни сақлаб қолсин деганман. Лекин бу бошқалар ёрдам берсин маъносини бермайди. Футболда ҳаммамизнинг ўз ишимиз бор.

Ҳамманинг терма жамоада ўйнагиси келади. Масалан, менинг ҳам орзум терма жамоада ишлаш десам бўлади.

"Машъал" бу йил ўз уйида ўйнамади. Агар Муборакда ўйнаганимизда, кўпроқ очко олардик. Барча айб ўзимизда. Мавсумни яхши тугатишга ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, 2026 йил рақибларни Муборакда қабул қиламиз.

Улуғбек Бакаев ("Бухоро" собиқ бош мураббийи):

Футбол фақат 90 дақиқа ўйналмайди, қўшиб берилган дақиқаларда ҳам ўйин давом этади. 

Биз "тўрт" баҳоли таркиб йиғдик. 

Майдон ҳақида нимадир дейиш қийин. Чунки бу майдонда мен футбол ўйнамадим.

Мен футболчиларнинг ёшига қарамайман. Ким менинг талабларимга жавоб берса, ўша футболчи ўйнайверади. Ёш ва паспортнинг аҳамияти йўқ. 

Мен собиқ ҳужумчи сифатида шуни айта оламанки, ҳужумчида қобилият ва қобилиятсизлик бўлади.

Бугун Суперлигада кетма-кет тўртинчи мағлубиятни қабул қилиб олдик. Бу мен учун жуда ҳам оғриқли. Биз мухлислар, футболчилар ва клуб учун ҳаракат қилдик, аммо ўхшамаяпти. Раҳбариятдан истеъфо сўрайман ва буни тўғри тушунишади деб умид қиламан. Мухлислардан узр сўрайман. Ҳозир жамоага янги қон керак. Кийим алмаштириш хонасида футболчиларга ҳам айтдим: менинг ўрнимга ким келишидан қатъий назар унга ҳурмат билан муносабатда бўлишсин.

Қачонки биз Бухорода бўлсак, ўз жонажон стадионимиз бўларди, 25 минг мухлис келарди, бу эса қўшимча руҳ берарди.

Мағлубиятлар сериясидан сўнг қайд этилган дурангни яхши натижа деб ҳисоблайман.

Александр Хомяков ("Бухоро" бош мураббийи):

Биз нимагадир эришдик деб айтишга ҳали эрта. Агар кетма-кет 3-4та баҳсда ғалаба қозонсак бу бошқа гап. 

Балки бу саволни ўтказиб юборармиз. Вазифа нима бўлиши мумкин, албатта, биринчи навбатда жамоани Суперлигада олиб қолиш.

Ҳеч ким декабрда бўладиган плей-офф ўйинларида қатнашишни истамайди. 

Бекитадиган нарсамиз йўқ, биздаги интенсивлик фақат бир бўлимга етяпти, холос.

Биз XXI асрда яшаяпмиз. Рақибни ўрганиш учун стадионга бориш шарт эмас. Бунинг устига, бироркимни юбора оладиган суперклуб эмасмиз. 

Андижон мен учун қадрдон шаҳар, аммо тўғрисини айтаман, бу ерга ютуқни кўзлаб келгандик.

Турнир жадвалидаги ҳолат бизни охиригача фаол бўлишга ва агрессив футбол намойиш этишга ундамоқда.

Ҳаким Фузайлов ("Хоразм" бош мураббийи):

Мухлисларимизни 15 йил кутилган ғалаба билан табриклайман.

Кийим алмаштириш хонасида бизга "Хоразм" ўз тарихида илк марта "Бунёдкор"дан очко олганини айтишди.

Вазифа ҳали ҳам битта. "Хоразм" 15 йил Ўзбекистон олий лигасида ўйнамади. Вазифа – жамоани Суперлигада сақлаб қолиш.

Ҳар қандай мураббий доим унга кимдир етишмаётганини айтади. Шундай бўлган, бундай кейин ҳам бўлади.

Бешта гол уриш ўрнига ўз айбимиз билан учта гол ўтказдик.

Потапов – Ўзбекистондаги легионер дарвозабонлар орасидаги энг зўри.

Менимча, жамоалар икки тоифага – медаллар учун курашадиган ва Суперлигада қолиш учун ҳаракат қиладиганларга ажралиб бўлди.

ФИФА кунларида Туркманистон терма жамоаси биз билан ўйнаш таклифи билан чиқди, аммо 26 август жуда қисқа муддатлиги сабаб рад жавобини бердик.

Ўйин ҳақида нима дейишим муикин, яна эски касалимиз қўзғади.

Мағлубиятлар клуб раҳбарияти ва мухлисларимизнинг жонига тегиб кетган бўлиши мумкин. Тўғриси, ўзим ҳам бундан чарчадим. Агар ўрнимга бошқа мураббий топиладиган бўлса, ишдан бўшашга тайёрман. Жуда толиқдим.

Мана нечанчи ўйиндирки, баҳсни яхши бошлаяпмиз, бироқ 70 дақиқа футбол ўйнаяпмиз.

Элдор Мойлиев ("Шўртан" собиқ бош мураббийи):

Иккинчи дақиқадаёқ қизил карточка билан жазоландик ва режамиз ўзгариб кетди. 

Ким яхши спорт формасида бўлса, шунга имконият берамиз. 

Устунлик рақибда, аммо омад биз томонда бўлди.

Футболда ҳамма нарсага тайёр туриш лозим.

Ҳозирги футбол кўп куч талаб қилади, агар сиз яккакурашларда ютқазсангиз, ҳеч қанақа тактика фойда бермайди.

"Насаф"дагилар Сардор Баҳромовни берамиз дейишганди, бироқ сўнгги паллада унинг уйидагилари бу трансферга қаршилик қилишди. Жамоага олиб кела олмадик.

Суперлигада ҳамма жамоалар тенг кучли, кимнинг омади келса, шу ғалаба қозониб кетяпти.

Қийналиб тўп киритамиз, кейин эса оддий гол ўтказамиз.

Футболда ютган жамоага юқори баҳо қўйилади.

Асрор Алиқулов ("Шўртан" бош мураббийи):

Ҳисоб қандай бўлмасин, қўлни туширмасликка ҳаракат қилдик ва буни доим йигитларга уқтирдик. 3:1дан сўнг 3:2, ундан кейин 3:3 бўлди. Лекин шаштни туширмаслигимиз керак эди. Чўкаётган одам хасга ёпишади деб бекор айтишмаган.

Статистикага кўп эътибор бермаймиз. Ўйин куни ким тайёр бўлса шуларни майдонга туширамиз. Кўп нарса омадга ҳам боғлиқ. 

Ўйлайманки, бош ҳомийимиз томонидан Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилади.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.


Суперлига-2025. Мавсумнинг эсда қоларли лаҳзалари  

Суперлига-2024. Мавсум давомида мураббийлар томонидан айтилган сара иқтибослар 

Coca Cola Суперлигаси-2023. Мураббийлардан сара иқтибослар

Рейтинг:    

Комментарии

   
04 дек 10:33:29
Shodi Odilov
Нефтчи чемпион булса қахрамонларни майдондан эмас майдон ортидан изланг ☝️
   
04 дек 06:20:24
RADIKALIST
Abramovmi qochiriqlar eng zo'ri
   
04 дек 03:33:42
leva8989
Baribir R.Berdiyevni gaplari trendda
championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика