Рўзиқул Бердиев: "Рақиб толиқиб қолгач, устунлик биз томонга ўтди ва гол уриб ғалабага эришдик"
26 сен 00:27
Новости


Рўзиқул Бердиев: "Рақиб толиқиб қолгач, устунлик биз томонга ўтди ва гол уриб ғалабага эришдик"
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ўйин ҳақида алоҳида тўхталмоқчи эмасман, лекин олдинги учрашувларда бўлгани каби очко йиғишда давом этяпмиз. Ҳозир энг муҳими шу. Футболда ўйин эсдан чиқади, лекин натижа қолади. Қисқача гапирадиган бўлсам, "Хоразм" бизга яхшигина қаршилик кўрсатди, улар куч бор пайтда вазиятлар ҳам яратишди. Иккинчи бўлимда рақиб толиқиб қолгач, устунлик биз томонга ўтди ва гол уриб навбатдаги ғалабага эришдик. Ушбу ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклайман.
- Бугунги баҳсда икки нафар легионер захирага олинди. Бу нима билан боғлиқ?
- Чунки бу ўйинчиларимизнинг ёрдами кам бўлди, шу боис захирага олишга қарор қилдик. Ҳужумга эътибор қаратишимиз керак эди, шунинг учун бошқа ўйинчиларни майдонга туширдик.
- Умар Эшмуродов баҳс охирларида майдонга тушди.
- Умар кўп учрашувларда асосий таркибда тушиб тўлиқ ҳаракат қилиб келмоқда. Бугун эса унга дам беришга қарор қилгандик. Лекин ўйин боришидан келиб чиққан ҳолда захирадан майдонга туширдик.
- Янги келган легионерлар нима учундир жамоага қўшилиб кета олмаяпти.
- "Насаф" - катта клуб ва бирданига янги ўйинчиларнинг қўшилиб кетиши осон бўлмайди. Шу жумладан, легионерлар ҳам. Клубга келган ҳар бир футболчи аввало жамоага мослашиш жараёнини ўз бошидан кечиради.
- "Ал Ҳилол" билан ўйинга тайёргарлик қандай кетяпти?
- Аввало барча ишқибозларни шу ўйинга таклиф этиб қоламан. "Ал Ҳилол" - Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Жамоа билан бирга юлдузлар ҳам Қаршига келади. Натижа қандай бўлишини билмадим-у, лекин йигитларни астойдил тайёрлаймиз. Ҳам руҳий, ҳам жисмоний тарафдан. Биринчи навбатда жисмонан тайёр бўлишимиз керак.
Шу баҳсда 12-ўйинчи билан ҳаракат қилишни жуда хоҳлаймиз. Яъни, мухлисларимиз охиригача қўллаб турса, биз ҳам бўшашмаймиз. Ишқибозлар стадионга кела олмаган тақдирда ижтимоий тармоқлар орқали қўллаб туришса бундан ҳам хурсанд бўламиз. Айни пайтда бизга руҳий далда ниҳоятда зарур. Шундагина биргалашиб кучли рақибга қарши кураш олиб борамиз.
- Драган Черан охирги ўйинларда оғир кўриняпти.
- Черан - тажрибали футболчи, у "Қизилқум" билан кечган баҳсда охиригача курашди. Лекин барибир бу ёшда жисмоний ҳолат панд беради. Буни тўғри қабул қилиш керак. Аммо вазият яратишда ва ҳужумларни бошлашда фаоллиги билан ажралиб турибди. Бир сўз билан айтганда, унинг жамоамизга фойдаси тегяпти.
Похожие новости

Комментарии